Ассалому алайкум! Эр анчадан буён қамоқда, аёли фарзандлари билан ўз онасиникида яшайди, эр хам унинг уйдагилари хам аёлга хеч қандай моддий ёрдам кўрсатмайди. Эрнинг жазо муддати тугашига яқин қолганида қамоқхонада бирор ишкал қилиб яна ўзига ўзи муддат қўштириб олади. Аёлни эри билан умуман яшагиси йўқ ва махалла хамда суд орқали батамом ажрашди. Лекин эр талоқ беришдан бош тортаяпти. Хозирги судларни қарори илгариги қозиларнинг қарори кучига эгами? Яъни аёл суд орқали ажрашса эридан талоқ олиши шарт эмасми?
Ва алайкум ассалом! Ғазабини чиқариб ёки бирортасининг кучи билан мажбур қилиб талоғини олиши керак. Талоқ демасдан никоҳ бузилмайди. Шунда ҳам бирор иш чиқмаса маҳалла оқсоқоли маҳалланинг имоми афзали ўша жойнинг қозиси ишни кўриб чиқиб, талоқ ҳукмини чиқарсин.
Мутааннит, яъни қодир бўла туриб аёлини нафақаси бермайдиган эр
Шаръий истилоҳда мутааннит деб, қодир бўла туриб аёлининг озиқ-овқат нафақасини бермайдиган эрга айтилади. Бундай эрнинг аёлига ҳам қаттиқ зарурат туғилганда моликия мазҳабининг ҳукми олинади. Эр аёлнинг нон, нафақасиз бир неча йил ўз ҳолига ташлаб қўйса, бас аёл ёки унинг яқинларига эрдан талоқ қўйишни сўраб талаб қилиш ҳаққи бор. Агар эр аёлга талоқ қўйишдан бош тортса, аёл маҳр эвазига хулуъ қилдириши мумкин. Агар эр унга ҳам кўнмаса ва аёл нон, нафақада қийналиб қолса, шу билан бир қаторда гуноҳ ишга қўл уруб қўйиши хавфи бўлса ёки нон, нафақаси бору, лекин, иззат нафсини сақлай олмаслик хавфи бўлса, бундай оғир вазиятда аёл эри устидан қозига ариза тақдим қилади ва қози жараённи гувоҳ ва далиллар ёрдамида тўлиқ ўрганиб чиқади. Агар аёлнинг қилган даъвоси тўғри бўлса, яъни эр нафақага қодира бўла туриб нафақа бермаётган бўлса, қози эрга: “Аёлингни ҳақларини тўлиқ адо қил. Агар нафақани бермасанг иккингизни ўртангизни тафрийқ қиламан” деб ҳукм қилади. Агар эр қози томонидан чиқарилган қарорга амал қилмаса, бас қози у икки эр-хотин ўртасини ажратади. Бундай ҳолатда эрга муҳлат берилмай тезда эр-хотин ўртаси ажратилади ва ажрим ражъий талоқ деб эътиборга олинади.Ажримдан кейин мутааннит эр ўз қилмишидан пушаймон бўлиши
Мутааннит эр ажримдан кейин ўз қилмишидан пушаймон бўлиб қайтса, эр аёлни қайтариб ололайдими ёки йўқми? Бас буни икки сурати бор: 1. Аёл ажримдан кейин идда ўтириб иддасини тугатса ва эр ўз қилмишига пушаймон қилиб аёлни қайтариб олиш учун келса, бу ҳолатда эрнинг ихтиёри буткул тугайди. Чунки, иддадан кейин ражъий талоқ боинга айланади. Ҳа, албатта томонлар розилиги билан иккинчи марта никоҳ қилиш мумкин; 2. Эр аёлни иддаси тугашидан олдин қилмишидан пушаймон бўлиб, аёлни нафақаларини беришга тайёр бўлиб келса, бу ҳолатда моликия мазҳабида бирор ривоят келмаган. Шунинг учун муфтийлар бу ҳолатда икки эҳтимолни нақл қилганлар: 1. Ажрим сабабли ражъий талоқ воқеъ бўлади ва идда ичида эр аёлни қайтариб олиши мумкин; 2. Боин талоқ воқеъ бўлади ва эрда аёлни қайтариб олиш ҳаққи қолмайди. Аллома Солиҳ аввалги қавлни рожиҳ деб, таъкидлаган. Ашраф Али Таҳонавий: “Фатво шунга. Лекин, никоҳни янгилаб олиш яхши” деганлар. Фойда: Ражъий талоқ иддасида аёлга эрни қайтиши саҳиҳ бўлади. Аёл учун эса, бундай ҳолатда бошқа эрга турмушга чиқиши ҳаромдир. Аёл бундай ҳолатда эрини олдида қолиши лозим. Шунинг учун аёлга никоҳни янгилаб олиш лозим. Агар аёл ўзини билимсизлиги сабабли никоҳни янгилаб олмаса, эр никоҳни янгиламасдан яшаши жоиз.Нафақани адо қилишдан ожиз эр
Эр ишсизлиги туфайли аёлни нафақа билан таъминламаса ва талоғини бериб ҳам юбормаса, натижада аёл ҳаддан зиёд қийналиб қолса, аввало эрни хулуъ қилдиришга кўндиришга ҳаракат қилади. Агар эр унга ҳам рози бўлмаса, аёл эса, шаръий рухсат берилган ўзига мос бирор касбни ҳам топа олмаса ёки аёлни нафақасини бериб туришга бирор киши кафил бўлмаса, моликия мазҳабига мувофиқ аёл қозига ариза тақдим қилади. Қози аёлнинг даъвосини гувоҳлар билан ўрганиб чиқиб, уни тўғри деб топса, қози аввал эрга аҳли аёлини нафақасини тартибга солиши учун маълум муддат беради. Ундан кейин ҳам аёл нафақадан маҳрум қолаверса ва эр бирор чора топа олмаса, қози ҳолатни ўрганиб чиқиб: “Бундай ҳолатда аёлга бирор нуқсон, ҳаётий қийинчилик етибгина қолмай бирор фитнага мубтало бўлиши мумкин” деган қарорга келса, аёлнинг ажрим сўраб тақдим қилган аризасига мувофиқ эр-хотин никоҳини фасх қилади. Бу никоҳни бекор қилиш ражъий талоқ деб эътиборга олинади. Аёл иддасини ўтказгандан кейин бошқа жойга турмушга чиқиши мумкин. Валлоҳу аълам!