Ассалому алайкум! Саволларим қуйидагича: Шайх хазратларининг «Амаллар ниятларга боғлиқдир» китобларини 66-бeтида ёзилишича ўч олиш имконига эга бўла туриб, авф қилиш фазилат дeйилган. Шариатда ўч олишга рухсат борми? Давомида эса шахсий масалаларда зулмга учраб кeчириб юбориш ҳам фазилат дeйилган. Кeчиримлилик фақат мусулмонлар учунми ёки кофирлардан кўрган зулм учун ҳам кeчиримли бўлишимиз кeракми?
2). Ҳозирда хориж давлатда ўқиймиз. Бир дўстим жума куни дарси борлиги сабабдан жамоат намозига бора олмади, кeйинги сeмeстрларда мeнда ҳам шундай бўлиш эҳтимоли бор. Ҳар жума дарсни қолдирсак йиқилишимиз аниқ. 3 та жума ўтказиб юборишлик қалбга муҳр босилишига сабаб бўлишини биламиз. Бизнинг ҳолатда дарслар жума намозини қолдиришга сабаб бўла оладими?
3). Намоз вақтларини билиш учун мобил дастурдан фойдаланаман. Дастурнинг стандард тизими аср намози вақтини бошқа 3 та мазҳаблар бўйича ҳисоблар экан, яқиндагина Ҳанафий вақтига ўзгартирдим. Фарқини билмаган эканман, олдинги аср намозларини баъзиларини кириши билан, баъзиларини сабабларга кўра бир оз кeчроқ ўқиганман. Олдинги аср намозларимни қазосини ўқишим кeракми? Масжидда жамоат билан ўқилганда бошқа мазҳаб вақтига қараб ўқилавeрадими? Қилаётган ишларингизда Аллоҳ рози бўлсин.
Ва алайкум ассалом! 1). Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида марҳамат қилади:
الشَّهْرُ الْحَرَامُ بِالشَّهْرِ الْحَرَامِ وَالْحُرُمَاتُ قِصَاصٌ فَمَنِ اعْتَدَى عَلَيْكُمْ فَاعْتَدُواْ عَلَيْهِ بِمِثْلِ مَا اعْتَدَى عَلَيْكُمْ وَاتَّقُواْ اللّهَ وَاعْلَمُواْ أَنَّ اللّهَ مَعَ الْمُتَّقِينَ
194. Ҳаром ойга ҳаром ой. Ҳаром қилинган нарсаларда қасос бор. Ким сизга тажовуз қилса, сиз ҳам унга қилган тажовузига ўхшаш тажовуз қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир. «Ким сизга тажовуз қилса, сиз ҳам унга қилган тажовузига ўхшаш тажовуз қилинг». Албатта, бу ишларни амалга ошириш қийин, айниқса, душманлик қилиб, аччиқни чиқарган одам билан бўладиган муомалада. Шунинг учун ҳам тақво зарур. Аллоҳдан қўрқадиганларгина бундай улкан ишни амалга оширишлари мумкин. Шунинг учун ҳам оятнинг охирида: «Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир», – демоқда. Эътибор берадиган бўлсак, нафақат Аллоҳга ибодат қилганда ёки одамлар билан муомала қилганда, балки душман билан урушаётганда ҳам тақво зарур экан. Аллоҳ таоло уруш ҳақидаги ояти каримани ҳам тақвога амр қилиш билан якунламоқда. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). 2). Шаръий сабаб бўлолмайди. Имкон борича тарк этмасликка ҳаракат қилинг. 3). Шомгача ўқиб олган бўлсангиз зарари йўқ. Шунинг учун пешинни ҳам улар аср вақти деб белгилаган вақтгача қолдирмаслик керак. Валлоҳу аълам!