Ассалому алайкум! Саъй-ҳаракатларингиздан Аллоҳ рози бўлсин!
1.Бир интернет сайтидв қуйидагини ўқидим:
Ғавс-ул-аъзам Абдулқодир Гейлоний (Гийлоний ёки Ғилоний) ҳазратлари “Футуҳ-ул-Ғайб” китобида ёзадиларки: «Мўмин, аввало фарзларни бажо келтириши керак. Фарзлар битгач, суннатларни адо этади. Ундан кейин нофилалари билан машғул бўлади. Фарз ибодатидан қарзи бўлган кишининг, суннатлар билан вақт ўтказиши аҳмоқликдир. Фарз қарзи [қазолари] бўлган одамнинг суннатлари қабул бўлмайди. Али ибн Абу Толиб «родияллоҳу анҳ» ривоят қиладилар: Расулуллоҳ «саллаллоҳу алайҳи ва саллам» марҳамат қилдиларки: «Зиммасида фарз қарзи бўлган кимса, қазони қўйиб нофила амал ишласа, бекорга заҳмат чеккан бўлади. Бу кимса, қазосини ўтамагунча Аллоҳу таоло унинг нофила намозларини қабул қилмайди». Ғавс-ул-аъзам Абдулқодир Гейлоний ҳазратлари билдирган бу ҳадиси шарифни Ҳанафий мазҳаби олимларидан бўлмиш Абдулҳақ Деҳлавий ҳазратлари қуйидагича изоҳ, яъни шарҳламоқдалар: «Бу хабар, фарз қарзи [қазоси] бўлган кишининг суннат ва нофила ибодатлари қабул бўлмаслигини билдирмоқда. Суннат намозлари, фарзларни тамомлашини биламиз. Лекин бу, «суннат фарзнинг ўрнига ўтади», — деган маънога келмайди. Балки, фарз адо этилаётганда, “намоз ичида тарк этилган суннат ва адабларни тамомлаш”- деган маънони билдиради. Демакки, суннатларни ўқишдан мақсад, фарз намозининг ичидаги камчиликларни тўлдириш учундир. Бироқ, фарз қарзи бўлганларнинг суннат ўқишларидан ҳеч қанақа наф тегмайди.»
Беш вақтдаги суннат намозлари ўрнига қазолар ўқиш афзал деган ҳулоса чиқаяпти бу ерда. Йиллар давомида ўқилмаган фарзларни қазосини ўқишга ниятландим. Бу борада қандай йўл тутиш керак?
2.Қазони беш вақт намоз вақтларида фарздан кейин ўқиш маъқулми, ёки хуфтондан кейин бир кунлик барча фарзларни қазосини бир вақтда ўқиган тузукми? Жавобингиз учун аввалдан раҳмат !
Ва алайкум ассалом! 1). Ҳанафий фуқаҳоларининг барчаси қазоси бор одам суннати муаккадаларни тарк қилмайди деганлар. Танбалликни йиғиштириб қазони ҳам суннатларни ҳам ўқишга ҳаракат қилиш керак. Афсуски ҳозирги кунда ўша суннатлар ўрнига қазо ўқимоқчи бўлганлар ҳар куни соатлаб вақтини телевизор ва интернет остида ўтказмоқдалар. 2). Макруҳ бўлган уч вақтдан бошқа ҳамма вақт ўқиш жоиз. Валлоҳу аълам!