Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар, бир хамкасбим билан бахслашиб қолганимда. Унга «мeн фақат Аллоҳдан қўрқаман» дeб айтаман дeб (Аллоҳни ўзи кeчирсин аслида дилимдаги бошқа эди) талаффузда адашиб, «мeн фақат Аллоҳдан қўрқмайман» дeб юборибман шошилиб гапирганимдан. Аллоҳни ўзига аёнки аслида дилимдаги бошқа эди. Устозлар бу билан мeн ширк кeлтириб қўймадимми?
Ва алайкум ассалом! Қасддан қилмасангиз зарари йўқ. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ бандасининг тавбаси туфайли шундай бир кишидан ҳам кўра кўпроқ хурсанд бўладики, у киши кимсасиз саҳрода туясига озиқ-овқати ортилган ҳолда бораётганида туяси қочиб кетади. Туяни топишдан умиди узилгач, ноумид бўлиб бир дарахт соясига бориб ётиб олади. Бир вақт қараса, туяси олдида турибди. Унинг тизгинидан тутганича қаттиқ хурсанд бўлиб кетганидан тили адашиб: «Эй Парвардигор! Сен бандамсан, мен роббингман», деб юборди. (Аллоҳ бандасининг тавба қилишидан ана шу кишидан кўра ҳам кўпроқ хурсанд бўлади)» Имом Муслим ривояти. Ушбу ҳадисда Набий (алайҳиссалом) гўзал бир тамсил ва ташбеҳ билан ўхшатиш қилмоқдалар. Бепоён саҳронинг ўртасида устига озиғи ва суви ортилган кимса туясини йўқотиб, қўлдан чиқариб юборганда нақадар аламли ва ноумид ҳолга тушишини тасаввур қилаверинг. Бу ҳолатда Аллоҳнинг Ўзи унга туясини йўллаб юбормаса у инсон муҳаққақ ҳалок бўлади. Шу ҳолга тушган инсон ноумид бўлиб бир дарахт тагида уйқуга кетса, ва кўзини очганда не кўз билан қарсаки, олдида ўша туяси турган бўлса, у одамнинг шодлигини чеки бўлмайди. Азбаройи қаттиқ қувониб кетганидан Аллоҳга шукр айтмоқчи бўлганда ҳатто тили чалкашиб кетади. Агар банда Аллоҳга тавба қилса, Аллоҳ мазкур туясини йўқотгандан сўнг топиб олган кимсанинг шодлигидан-да кўпроқ шодланар экан. (Муслим ривояти). Валлоҳу аълам!