Ассалому алайкум!. Бир дўстим мендан қайси масхабдалимни сўради. мен унга ханафийдаман деб жавоб бердим. Сўнг мен унинг ўзидан сўрасам у « мен қайси хадис ёки масалада қайси масхаб кучли келган бўлса ўшандаман, муаян битта масхабни ушламайман» деб жавоб берди». Яъни агар бир масалада қайси масхабда заифроқ хадис кеган бўлса олмай, ишончли бўлган мазхабдан оламан деди. Шу тўғрими? Ахир бир мазхабга эргашиш вожибку. Ва яна у кўп бора айтадики ханафий мазхабда кўп нарса заиф ва зохир келган деб такидлайди. Илтимос шу тўғрисида маълумот берсангизлар.
– Ва алайкум ассалом! Сизга оддий бир тушунча берсак, тоғдан қорлар эриб маълум бир масофагача покиза ҳолатда бўлади. сўнг у баъзи ариқчаларга тушиб лойқаланади. Лойқаланадиган жойда яшовчилар ўша сув ҳақида лойқа деб ҳукм чиқаради. Ундан юқоридагилар ўша сув ҳақида тиниқ деб ҳукм чиқаришади. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ ва бошқа мазҳаб имомлари ҳам мазҳаб масалаларини ўша тиниқ қисмидаги ҳадисларга бино қилганлар. Ҳадисни китобга туширганлар даврида эса юқоридаги тиниқ ҳадислардан бир қанчаси лойқаланиб бўлган эди. Ўша лойқаланган ҳадисларга муҳаддислар лойқа деб ҳукм чиқаришган эди. Энди бир киши лойқа деб ҳукм қилинган ҳадисни кўриб “Имомлар мазҳабидаги ҳукмлар лойқа ҳадисга қурилган” деса тўғри бўладими? Алий розияллоҳу анҳу масжид ёнидан ўтиб кетаётганларида бир киши қиссалар айтаётганини кўрди. Албатта уни ичида ҳадислар ҳам бор эди. Шунда Алий розияллоҳу анҳу “Бу ҳадисларни қайси бири мансух бўлганлигини биласанми? Агар билмасанг буларни айтиш сенга ҳалол бўлмайди” деганлар. Муҳаддис олимларнинг ўзлари ҳадисда тоғ бўлатуриб, фақиҳларнинг олдида “Сизлар табиб, бизлар доришуносмиз” яъни биз фақат дориларнигина биламиз, сизлар эса қайси дорини қаерга ишлатилишини биласизлар деб тан олиб турган бўлсалар. Сиз билан бизга ўхшаган фосиқ фожир, тақвосиз, илмсиз, бирор куни телефондаги расмларга хоҳласак ҳам хоҳламасак ҳам кўзимиз тушишидан ҳоли бўлмаган, еган овқатимиз шубҳага тўла бўлган инсонлар “Мен хоҳлаган ҳадисимга амал қиламан” дейишимизни нимага ўхшатиш мумкин? Ўз ҳаддини билмаган нонкўргами ёки илм борасида фақир, гадой бўлатуриб мутакаббирлик қилаётган кишигами ёки ботқоқда яшаб тоғни учидагиларга лой отаётган кишиларгами? Қанча қанча ҳақ сўзни айблагувчилар бор унинг бу офатининг сабаби калтафаҳмлигидандир дейилган мақол бор. Бизни ҳолимиз шунга тушади. Валлоҳу аълам!