Ассалому алайкум! Устозлар, мeни турмуш ўртоғим авто аварияда вафот этганлар. Ҳозирда 1та фарзандим бор. Эримни уйидагиларидан жуда хафа бўлганман. Боланиям унитиб нарса талашиб уришишган ва ҳамма нарсаларни олиб қўйишган. Сизлардан илтимос уларни шундай қилиб eтим ҳаққига тажовуз қилишларининг ҳукмини айтиб бeринглар.
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида марҳамат қилади:
إِنَّ الَّذِينَ يَأْكُلُونَ أَمْوَالَ الْيَتَامَى ظُلْمًا إِنَّمَا يَأْكُلُونَ فِي بُطُونِهِمْ نَارًا وَسَيَصْلَوْنَ سَعِيرًا
10. Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар қоринларига ўт-оловни ейдилар, холос. Ва шубҳасиз, ловуллаган дўзахга кириб, куюрлар. Ояти кариманинг услуби ғоятда таъсирчан эканлиги кўриниб турибди. Аввало, ким етимларнинг молларини зулм ила еса, қоринларидаги у нарса қиёматда оловга айланади. «Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар қоринларига ўт-оловни ейдилар, холос». Сўнгра шу ҳолда – қоринларидаги олов алангаланган ҳолда дўзахга кирадилар. «Ва шубҳасиз, ловуллаган дўзахга кириб, куюрлар». Дўзах алангаси ҳам авж олиб туради. Демак, етимнинг молини ноҳақ еган одам ичию ташидан олов азобига гирифтор қилинади. Нақадар даҳшатли ҳол! Нақадар аламли! Бу ояти каримада келган маънони таъкидловчи, шарҳловчи кўпгина ҳадиси шарифлар бор. Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот: – Ҳалок этувчи етти нарсадан четда бўлинглар, – дедилар. – Улар нималар, эй Аллоҳнинг Расули? – деб сўралди. У зот: – Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, Аллоҳ ман қилган жонни ўлдириш, рибохўрлик, етимнинг молини ейиш, уруш куни қочиш, мўмина, покиза аёлларни зинода туҳмат қилиш, – деб жавоб бердилар. Машҳур тафсирчилардан Суддий: «Етимнинг молини еган одам қиёмат куни оғзидан, қулоқларидан, бурнидан ва кўзларидан олов чиқиб турган ҳолда тирилтирилади. Ҳар бир кўрган одам унинг етимнинг молини еганлигини билиб олади», – деганлар. Ибн Мурдавайҳи Абу Барзодан ривоят қилган ҳадисда у зот: – Қиёмат куни бир қавмлар оғизларидан олов пуркалиб турган ҳолда тирилтириладилар, – дедилар. Одамлар: – Эй Аллоҳнинг Расули, улар кимлар? – деб сўрашди. У зот: – Аллоҳ таолонинг «Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар қоринларига оловни ейдилар, холос», деганини билмайсанми? – дедилар. Имом ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки заифнинг – аёлнинг ва етимнинг молидан узоқ бўлишингизни васият қиламан», – деганлар. Албатта, бу таълимотлар мусулмонларга ўз таъсирини ўтказган. Уларни қаттиқ ларзага солган. Улар етимларнинг молига яқин келишдан ҳам қўрқиб қолганлар. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бу ҳақда қуйидагиларни айтган: «Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар...» ояти нозил бўлганида, етимларни ўз оталиғига олганлар бориб, ўз таомини уларнинг таомидан, ичимлигини ичимлигидан ажратиб қўйди. Ортиб қолган таомлар ҳам то етим ўзи егунча ёки айниб қолгунча турадиган бўлди. Етимларни оталиққа олганларга машаққат туғилди. Бу ҳол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилган эди, Аллоҳ таоло «Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар...» оятини нозил қилди». Келаси оятларда эса мерос ҳақидаги масалалар давом этади:يُوصِيكُمُ اللّهُ فِي أَوْلاَدِكُمْ لِلذَّكَرِ مِثْلُ حَظِّ الأُنثَيَيْنِ فَإِن كُنَّ نِسَاء فَوْقَ اثْنَتَيْنِ فَلَهُنَّ ثُلُثَا مَا تَرَكَ وَإِن كَانَتْ وَاحِدَةً فَلَهَا النِّصْفُ وَلأَبَوَيْهِ لِكُلِّ وَاحِدٍ مِّنْهُمَا السُّدُسُ مِمَّا تَرَكَ إِن كَانَ لَهُ وَلَدٌ فَإِن لَّمْ يَكُن لَّهُ وَلَدٌ وَوَرِثَهُ أَبَوَاهُ فَلأُمِّهِ الثُّلُثُ فَإِن كَانَ لَهُ إِخْوَةٌ فَلأُمِّهِ السُّدُسُ مِن بَعْدِ وَصِيَّةٍ يُوصِي بِهَا أَوْ دَيْنٍ آبَآؤُكُمْ وَأَبناؤُكُمْ لاَ تَدْرُونَ أَيُّهُمْ أَقْرَبُ لَكُمْ نَفْعاً فَرِيضَةً مِّنَ اللّهِ إِنَّ اللّهَ كَانَ عَلِيما حَكِيمًا
11. Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида тавсия қиладир: бир ўғилга икки қиз улушичадир. Агар аёллар иккитадан кўп бўлсалар, уларга у (марҳум) қолдирган нарсанинг учдан иккиси. Агар битта аёл бўлса, унга ярми. Агар фарзанди бўлса, у қолдирган нарсадан ота-онасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар фарзанди бўлмай, унга ота-онаси меросхўр бўлса, онасига учдан бир. Агар ака-укалари бўлса, онасига олтидан бир. У қилган васият ёки қарз(адо этилгани)дан сўнг. Ота-оналарингиз ва фарзандларингиздан қайси бирлари сизга манфаатлироқ эканини билмайсизлар. (Бу) Аллоҳ томонидан фарз қилингандир. Албатта, Аллоҳ ўта билувчидир, ўта ҳикматлидир. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!