Ассалому алайкум! Аллоҳ таоло Қуръонда хар бир нарса ўлчов билан яратилгани ҳақида айтади. Мeни қизиқтиргани шуки ўз жонига қасд қилиш ёки биров бировни ўлдириб қўйиши ўша қадарнинг тугаганими ёки хали фурсат яшашга имкон бўла туриб инсон қўли билан тугатилишими? Агар бу қадардан бўлса жонга қасд қилишни сабаб дeйлик, лeкин бу сабаб катта гуноҳ. Бундан кeлиб чиқадики бу гуноҳни қилиш инсон тақдирида борми?
Ва алайкум ассалом! Аллоҳ “Тавба” сурасида марҳамат қилади:
إِنَّ اللّهَ اشْتَرَى مِنَ الْمُؤْمِنِينَ أَنفُسَهُمْ وَأَمْوَالَهُم بِأَنَّ لَهُمُ الجَنَّةَ يُقَاتِلُونَ فِي سَبِيلِ اللّهِ فَيَقْتُلُونَ وَيُقْتَلُونَ وَعْدًا عَلَيْهِ حَقًّا فِي التَّوْرَاةِ وَالإِنجِيلِ وَالْقُرْآنِ وَمَنْ أَوْفَى بِعَهْدِهِ مِنَ اللّهِ فَاسْتَبْشِرُواْ بِبَيْعِكُمُ الَّذِي بَايَعْتُم بِهِ وَذَلِكَ هُوَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ
111. Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларга жаннат бўлиши эвазига уларнинг жонлари ва молларини сотиб олди. Аллоҳнинг йўлида жанг қилурлар, ўлдирурлар ва ўлдирилурлар. Бу Тавротда, Инжилда ва Қуръонда Унинг зиммасидаги ҳақ ваъдадир. Аллоҳдан кўра аҳдига вафодорроқ ким бор? Ким Аллоҳга берган аҳдига вафо қилса, бас, қилган савдоларингиздан шодланаверинг. Ана ўша буюк ютуқдир. Ушбу оятда иймон ва Исломга кириш бир савдо иши сифатида васф қилинмоқда. Бу савдо алоқасида Аллоҳ таоло – харидор, мўмин инсон эса сотувчи. Мўмин-мусулмон бўлиш билан инсон ўз жони ва молини Аллоҳга сотади. Аллоҳ таоло эса мўмин-мусулмон бандасига «Жонингни ва молингни менинг йўлимга тиксанг, Мен бунинг эвазига жаннатни бераман», деб сотиб олади ва банданинг ўзига қайтариб бериб: “Бу жон ва молни Менинг китобим ва ҳабибимнинг суннатида баён қилган тарзда сарфлайсан. Ўзинги хоҳлаганингдек тасарруф қилишга, Мен қайтарган жойларга ва ишларга сарфлашга ҳаққинг йўқ. Шунингдек уни ўлдиришга ҳам ҳаққинг йўқ” деган. Ким савдони бузиб ўзини ўлдирса дўзахга киритишини ҳам айтган. Инсонга шунчалик ихтиёр берилган. «Албатта, Аллоҳ мўминлардан уларга жаннат бўлиши эвазига уларнинг жонлари ва молларини сотиб олди», дегани шу маънони англатади. «Сотиб олди», яъни савдо тугади. Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон шахс савдони бузмаслиги, Аллоҳга сотган жони ва молини беришга доим тайёр турмоғи лозим. Валлоҳу аълам!