- Ва алайкум ассалом! Аллоҳ мағфират қилса жазоламайди.
Аллоҳ таоло "Нисо" сурасида марҳамат қилади:
مَّا يَفْعَلُ اللّهُ بِعَذَابِكُمْ إِن شَكَرْتُمْ وَآمَنتُمْ وَكَانَ اللّهُ شَاكِرًا عَلِيمًا
147. Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?! Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир.
Аллоҳ таоло ношукр ва кофир бандаларни нима учун азоблайди? Уларни азоблашдан бирор фойда топадими? Ёки уларни азоблашдан лаззат оладими? Албатта, Аллоҳ ношукр ва иймонсизларни азоблашдан ҳеч фойда топмайди ва уларни азоблашдан лаззат ҳам олмайди.
«Агар шукр қилсангиз ва иймон келтирсангиз, Аллоҳ сизни азоблаб нима қилади?!»
Бу азобнинг асосий сабаби банданинг шукр қилмагани ва иймон келтирмаганидир. Ношукр ва иймонсиз кимса қилган хатоси эвазига тўғри йўлга қайтсин, деб бу дунёда азобланади. Уни охиратда азоблаш эса ношукрлиги ва кофирлигининг жазосидир. Аслида
«Аллоҳ кўп савоб берувчидир, ўта билувчидир».
Яъни шукр қилган бандаларидан рози бўлади ва уларга улуғ ажрларни беради. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!