Иймон, Ибодат, яхши ишлар, тақво, савоб, гўзал ахлоқ ва бошқа эзгуликлар арзимас нарсалар деб ўйлайсизми?! Бу дунё бўлмаса, охират бўлармиди?! Бу дунё сохта деб сизга ким айтди?! Бу дунёни Аллоҳ яратган эмасми?! Мўмин – мусулмон инсон икки дунё саодати учун ҳаракат қилиш керак.Ислом бошқа динлардан фарқ қилган ҳолда руҳий ва моддий талабларга ўртача адолат билан қарайди. У инсонга моддий манфаатларни ва лаззатларни тўғри йўл билан фойдаланишни ман қилмайди. Қуръони Каримнинг кўпгина оятлари руҳий ва моддий манфаатларни бирдек кўришга чақиради. «Қасас» сурасида: «Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил» дейилган (77-оят). Ислом мусулмонларга турли зийнатлар ва манфаат, лаззат ато қилгувчи нарсалардан оқилона фойдаланишга рухсат берган. «Аъроф» сурасида: «Эй Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У зот исроф қилувчиларни севмас. Сен: «Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» деб айт. «Улар ҳаёти дунёда иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига хосдир», деб айт» дейилган (31-32-оятлар). Аллоҳ таоло мўминларни бу дунё ва охират нарсаларни қўшиб дуо қилишга йўллаган. У зот «Бақара» сурасида: «Одамлардан баъзилари: «Роббимиз бизга бу дунёда бергин», дейди ва унга охиратда насиба йўқдир. Ва улардан баъзилари: «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах олови азобидан сақлагин», дейди. Ана ўшаларга қилган касбларидан насиба бор. Ва Аллоҳ тез ҳисоб қилувчидир» деган (200202-оятлар). «Моида» сурасида эса: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳ сизга ҳалол қилган пок нарсаларни ҳаром қилмангиз. Ҳаддингиздан ошманг. Албатта, Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмас. Ва Аллоҳ сизгаризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг» дейилган (8788-оятлар). Мулоҳаза қилинса, шу оятда Аллоҳ таоло ўзи ҳалол қилган нарсадан одамлар ўзларини олиб қочишини ҳаддан ошишлик, деб таърифлайди. Бу эса руҳий ва моддий табиатдаги одил йўлдан четга чиқишлик демакдир. Қуръон моддий манфаатларни тушунтириб бериб айтадики, Аллоҳ ер юзидаги барча нарсаларни инсон манфаати учун яратгандир. «Бақара» сурасида шундай дейилган: «У сизлар учун ер юзидаги барча нарсани яратган зот» (29-оят). «Жосия» сурасида эса: «Ва сизга осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни-ҳаммасини Ўз томонидан бўйсундириб қўйди. Албатта, ана шунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-белгилар бордир» дейилади(13-оят). Шу икки оятда инсон моддий оламнинг султони эканлигига очиқ-ойдин ишора бор. Бу эса Қуръони Каримнинг мўъжизаларидан биридир. Чунки бу ҳақда 15 асрдан аввал ҳеч ким сўз юритмаган. Инсон дунёдаги нарсаларни ўз манфаати учун бўйсундириб олган бугунги кунда айтишимиз мумкинки, Ислом бу нарсани ҳаммадан олдин кашф қилган ва бу ҳақда кишиларга башорат бериб, уларни олға чорлаган. Шу ҳақда пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтадиларки: «Исломда тарки дунёчилик йўқ». Чунки таркидунёчилик салоҳиятли кишиларни ўзидан бошқаларни ўйламайдиган қилиб қўяди. Улар ибодатхоналарда бекиниб олсалар, дунёнинг ишлари салоҳиятсиз, фосиқ, ёмон фикрли кишиларнинг қўлига ўтиб қолади. Ҳақиқатниайтганда, Исломдаги руҳий ва моддий талабларга тенг қарашлик инсон ҳаётига мос ва зарур нарсадир. Аллоҳ таоло инсонни фақат моддий манфаатлар орқасидан қувадиган ёки фақат руҳий ибодатлар билан машғул бўладиган қилиб яратгани йўқ. Балки ҳар икки тарафга ҳам ҳожати тушадиган ва ҳар икки тарафни тўғри бошқариб борса камолга етадиган қилиб яратган. Ҳаддан ташқари руҳий нарсаларга берилиб кетишдан кўра, ўртача ҳолатда бўлиш инсон жамиятига мос нарсадир.