Ассалому алайкум! Азиз устозлар вақтингизни олаётганим учун минг бор узр. Саволим: мусофир юртдаман, иш юзасидан тожик миллатига мансуб бир бeмазҳаб йигит билан бир жойда яшашга ва ишлашга тўғри кeлиб қолди(вақтинчалик). Намозларимизни биргаликда ўқияпмиз, у киши мeнга иқтидо қилмоқдалар, буни мeнинг намозимга зарари йўқми? Чунки улар анчагина бошқача ўқиркан. Бугун, «Сизлар Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам қолиб мазҳаббошчингизнинг айтганини қиласизлар» манодаги гапни гапирвордила жаҳлим чиқиб кeтди.
Ва алайкум ассалом! Сизнинг намозингизга зарари йўқ. Мазҳабга эргашиш сўзини нотўғри талқин қиладилар холос. Аслида улар ҳам мужтаҳиднинг қавлига эргашишади. Фақат уларнинг мужтаҳиди деб тан олинган олимлари битта эмас. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумлар каби Қуръон карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини шарҳловчиси холос. Ўзларини тўқиб гапирган бирорта гаплари йўқ. Биз Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга эргашсак улар Ибн Таймия раҳматуллоҳи алайҳга эргашишади. Иккисининг ҳам ижтиҳодий масалалардаги фикрлари “Мени илмим етганича шуни тўғри деб билдим ва оят ҳадислардан шуни ижтиҳод қилдим. Аллоҳнинг наздида нима тўғри эканлигини Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзи билади” дегарлар. Унга эргашганлар эса “Мени эргашган мазҳабимни фикри Аллоҳнинг наздида ҳам тўғри. Бунга зид гапирганлар дўзахи” дейишади. Ваҳоланки мужтаҳидларнинг ўзлари ҳам “Ҳақиқатини Аллоҳ билади, биз ижтиҳодимиз учун савоб оламиз” дейишган. Валлоҳу аълам!