Ассалому алайкум! Устозлар, кўпчилик аёл-қизлар, “Нур” сураси 31-оятга иймон кeлтириб рўмол ўрашади. Устозлар биз аёлларда ҳижобга киргач, баъзиларимизда кучли (нафсми бу шайтон васвасасими) синовни бошдан кeчирадилар. Баъзи аёлларда эса бу каби синовлар бўлмайди. Бу инсон иймон эътиқодига боғлиқми? Кучли синов, изтироб чeкаётган аёллар руҳан тайёр бўлсаларда анча йиллик орзулари бўлишига қарамай шу ҳолатга тушадилар.
2). Мўмина қўшни аёлдан эшитдим, агар аёл киши ҳижобга кириб барча гуноҳларига тавба қилса, у барча гуноҳларидан покланади, агар атрофдагилар аввал қилган хатоларини эслатсалар ҳам “мeн ундай иш қилмаганман” дeса ҳам бўлади дeдилар. Шундайми?
3). Баъзи аёллар ҳижобга кириб нафсидан ёки атрофдагилар таъсирида ҳижобни eчиб юборишади. Шу каби ҳолатларда албатта Аллоҳнинг балосига учрашлари муқаррарми?
4). Ҳижобсиз очиқ-сочиқ аёллар зония ҳисобланадиларми?
Ва алайкум ассалом! 1). Инсон туғилганидан вафот топгунича ҳар бир ҳолат тўсатдан, иттифоқо содир бўлмайди. Кундалик ҳаётдаги ҳам бир ҳолат синовдир. Инсон буни синов эканлигини хаёлига келтиролмайди. Ҳатто гапириши керак бўлган гаплар ҳам синов. Бундай ўринларда хатога йўл қўйилган бўлса тездан ўнглаш керак ва Аллоҳга қайтиш керак. Аллоҳ бандасининг тавбасидан бениҳоя қувонади. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасида “Албатта, Аллоҳ кўп тавба қилувчиларни севадир ва покланувчиларни севадир” деб марҳамат қилган. 2). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон қилган гуноҳини ўзгаларга ошкор қилишдан қайтарганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Мужоҳирлардан бошқа умматимнинг ҳаммаси афв қилингандир. Албатта, бир кишининг кечаси бир ишни қилиб, тонг отганда Аллоҳ уни сатр қилган бўлса ҳам «Эй Фалончи, кечаси ундай қилдим, бундай қилдим», демоғи ҳам мужоҳарадандир. Батаҳқиқ, у Аллоҳ уни сатр қилган ҳолида ётган эди. Тонг отганда эса ўзидан Аллоҳнинг сатрини очади», деганларини эшитдим». Икки шайх ривоят қилганлар. «Мужоҳир» жаҳр сўзидан олинган бўлиб, луғатда «ошкора қилувчи» деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда эса гуноҳни ошкора ва уялмасдан қилувчи одамга айтилади. Ушбу ҳадиси шарифдаги таърифга қараганда, ўзи қилган гуноҳни одамларга мақтаниб юради. Демак, гуноҳни ошкора қилган, ўзидан содир бўлган гуноҳларини гапириб юрадиган мужоҳирларнинг гуноҳи афв қилинмас экан. 3). Балога бу дунёда учрасалар бу ҳам бир неъмат. Агар Аллоҳ истидрож йўлини тутиб, охиратга қолдирса униси жуда ёмон бўлади. Кофир ва фосиқларнинг ҳолати шу бўлади. Аммо ҳаргиз “Аллоҳим мени жазоимни бу дунёда бер” деб сўрамаслик керак. Аксинча ҳар қанча улкан гуноҳ бўлса ҳам “Фазлик ила мағфират қилгин” дейиш керак. Аллоҳ таоло жазоси охиратга қолганлар ҳақида “Анъом” сурасида марҳамат қилади:
فَلَمَّا نَسُواْ مَا ذُكِّرُواْ بِهِ فَتَحْنَا عَلَيْهِمْ أَبْوَابَ كُلِّ شَيْءٍ حَتَّى إِذَا فَرِحُواْ بِمَا أُوتُواْ أَخَذْنَاهُم بَغْتَةً فَإِذَا هُم مُّبْلِسُونَ
44. Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик. Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик. Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар. Бундай муомалага «истидрож» – билдирмасдан, даражама-даража олиш дейилади. Аллоҳ огоҳлантириш мақсадида аввал бало-офатга дучор қилган эди, тазарру қилмади, куфрда давом этди. Бало-офат таъсир қилмайдиган қалб тош қотган, яхшилик умид қилиб бўлмайдиган қалбдир. Ундан энди иймон ҳам, бирор-бир яхшилик ҳам кутиб бўлмайди. Аллоҳ Ўзи ҳикоя қилаётган аввалги умматлардан шундай қаттиқ қалблиларини бир муддат тек қўйиб қўйган. Улар бошидан ўтган мусибатларни ва: «Эслатилган нарсаларни унутган чоғларида уларга ҳамма нарсанинг эшикларини очиб қўйдик», – дейди. Яъни улар истаганларидан ҳам ортиқ нозу неъматларга кўмиб ташланганлар. Бу дунёнинг матоҳлари уларга селдек оқиб келган. Албатта, улар бу нарсаларга чексиз хурсанд бўлганлар. Аммо иймонсиз, тазаррусиз келган нозу неъмат яхшиликка олиб бормаслиги турган гап. Аслида иймонли, тазаррули ва тақволиларга нозу неъматлар, фаровон турмуш берилиши лозим. Аллоҳ таолонинг ваъдаси шу. Аммо бу нарсалар кофир-мушрикларга берилса, хусусан, ҳамма нарсанинг эшиги очиб қўйилса, орқасида бошқа гапи бўлади. Нозу неъматга кўмилган кофирлар ғурурга кетиб, яна ҳам кўпроқ исёнга, гуноҳкорликка ўзларини урадилар. Аммо ҳақиқий ҳикмат кейин пайдо бўлади: «Ўзларига берилган нарсалардан хурсанд бўлиб турганларида, уларни бирданига тутдик». Бундай бўлишини хаёлларига ҳам келтирмаган эдилар. Уларни бирданига Аллоҳнинг азоби тутди. «Бас, қарабсизки, бутунлай ноумид бўлдилар». Энди тавба-тазарру қилишга имкон қолмади. ("Тафсири Ҳилол" китобидан) 4). Ҳукм маъносида улар ҳақиқий зинокор дейилмайди. Зинони собит қилиш учун шариатимиз шартларни айтиб қўйган. Аммо, намоз ўқимаслик гуноҳ бўлгани каби бу ҳам маъсиятдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар:عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: صِنْفَانِ مِنْ أَهْلِ النَّارِ لَمْ أَرَهُمَا: قَوْمٌ مَعَهُمْ سِيَاطٌ كَأَذْنَابِ الْبَقَرِ يَضْرِبُونَ بِهَا النَّاسَ، وَنِسَاءٌ كَاسِيَاتٌ عَارِيَاتٌ مُمِيلَاتٌ مَائِلَاتٌ رُءُوسُهُنَّ كَأَسْنِمَةِ الْبُخْتِ الْمَائِلَةِ، لَا يَدْخُلْنَ الْجَنَّةَ وَلَا يَجِدْنَ رِيحَهَا، وَإِنَّ رِيحَهَا لَيُوجَدُ مِنْ مَسِيرَةِ كَذَا وَكَذَا. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли дўзахдан икки тоифасини кўрмадим: Бир қавмики, қўлларида сигирнинг думига ўхшаш қамчилари бору улар ила одамларни урурлар. Бир аёлларики, улар кийимли яланғочлар, йўлдан оздирувчилар, йўлдан озувчилар. Бошлари худди туянинг қийшайган ўркачига ўхшайди. Улар жаннатга кирмаслар ва унинг ҳидини ҳам топмаслар. Албатта, унинг ҳиди бунча ва бунча масофадан келиб турур», дедилар». Муслим ривоят қилган. Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дўзах аҳлининг икки тоифасини ва уларнинг нима учун шундай бахтсизликка дучор бўлганларини баён қилмоқдалар. «Аҳли дўзахдан икки тоифасини кўрмадим» Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гапларидан ушбу ривоятда васф қилинадиган кишилар ўша вақтда воқеликда бўлмаганлари, балки келажакда чиқишлари тушунилади. Ўша тоифадан биринчиси: «Бир қавмики, қўлларида сигирнинг думига ўхшаш қамчилари бору улар ила одамларни урурлар». Булар заифларга, ўз қўл остидагиларга зулм ўтказадиган золимлардир. Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари юзага чиқди. Одамларга зулм ўтказадиганлар кўпайди. Одамларни анвойи азобларга соладиганлар урчиди. Бинобарин, шу зулм сабабидан дўзахга ўтин бўладиган золимлар ҳам кўпайди. Ўша дўзах аҳлларининг иккинчи тоифаси; «Бир аёлларики, улар кийимли яланғочлар» Яъни, ўзлари кийим кийиб юрадилар-у, аслида яланғочдан фарқи йўқ. Кийими калталигидан кўкраклари, билаклари, баъзида оёқлари йўғон сонларигача очилиб туради. Шунингдек, кийими юпқалигидан кийим деб аталган нарсанинг остидаги жамики нарса бошқаларга кўриниб туради. Улар бу қилмишлари ила, «йўлдан оздирувчилар»дир Ана шундай ишлари билан бошқа аёлларни ҳам йўлдан оздирадилар. Айниқса, ёш қизларни ўзларига эргаштириб, йўлдан оздирадилар. Шунингдек, кўча-кўйда, жамоатчилик жойларида мазкур шармандали ҳолатда юриб, эркакларни ҳам йўлдан оздирадилар. Шилқимликка, зинога чорлайдилар. Улар яна ўзлари ҳам «йўлдан озувчилар»дир Йўлдан озмаган бўлсалар, кийимли яланғоч бўлиб кўча-кўйда тентираб юрармидилар?! Уларнинг «бошлари худди туянинг қийшайган ўркачига ўхшайди». Чунки «мода» деб бошларига турли-туман нарсаларни ўрнатиб олган бўладилар. Шунингдек, фақат боши эмас, ўша бошидаги миялари ҳам қийшайиб қолган бўлса ажаб эмас. Бўлмаса, кийимли яланғоч бўлиб, ўзи ҳам йўлдан озиб, ўзгаларни ҳам йўлдан оздириб юришармиди?! Уларнинг бу қилмишлари жазосиз қолмайди. Бу дунёда турли-туман машаққатларга, бало-офатларга учрашларини тажриба кўрсатиб турибди. Аммо у дунёдагиси очиқ-ойдин: «Улар жаннатга кирмаслар ва унинг ҳидини ҳам топмаслар». Ҳа, ундай шарманда аёллар жаннатга кириш у ёқда турсин, унга яқин ҳам кела олмайдилар. Ҳидини ҳам топа олмасликлари шунга далолат қилади. Ваҳоланки, «Албатта, унинг ҳиди бунча ва бунча масофадан келиб турур» Баъзи ривоятларда «Қирқ йиллик масофадан», дейилган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу айтганлари ҳам юзага чиқди. Аёллар ичида худди шу ҳадиси шарифдаги тасвирга мос келадиганлари кўпайди. Ўзини билиб муҳташам, иболи кийинган аёллар қолоқликда, маданиятсизликда айбландилар. Уларнинг рўмоллари бошларидан тортиб олинди. Ўзлари одобли кийинганлари учун турли-туман қийинчиликларга дучор бўлдилар. Ушбу ҳадиси шарифни яхшилаб тушуниб, унга амални кучайтириш керак. Орамизда кишиларга зулм ўтказадиганлар, шу сабабли дўзах аҳли бўладиганлар йўқ бўлиши учун курашмоғимиз керак. Аёл-қизларимиз ичида кийимли яланғочлар умуман бўлмаслиги учун ҳаракат қилмоғимиз лозим. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!