Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қариндошлик риштаси ҳақида

10:23 / 16.03.2018 | Jakhongir | 5193

Ассалому алайкум! Мен холаваччам билан ёшликдан бирга катта бўлганман. Аммо катта бўлганимиз сари дунёқарашларимиз турли йўналишларни танлади. Мен ҳаётимни шарият буйруқлари асосида, у эса дунёвий тажрибалар асосида. Аммо ҳаётида доим қоқилади, илми йўқ, доим ота-онасининг ёрдами билан ҳаёт кечиради. Мен унинг ҳаётига мазмун ва барака киритиш мақсадида кўп бора насиҳатлар қилдим аммо фойдаси бўлмади. Кунларнинг бириди юзма-юз ўтириб суҳбатлашдик. Мен унга Қуръони Карим оятлари ва унинг илмий исботлари ҳақида айтиб бердим. Барини инкор қилди. «Бу китобга 1400 йил бўлган. Ҳамма ўз ҳамёнига мос қилиб ўзгартирган» деди. Мен Аллоҳ ушбу Китобни Қиёматгача сақлашини ва шу пайтгача ҳеч ким ўзгартира олмаганини айтдим ва тарихдаги воқеалар билан далиллар келтирдим… У шунчаки кулиб караб ўтирди. Мен оятларда келган башоратларни ҳозирги замонда амалга ошганини далиллар билан исботладим ва «Аллоҳнинг оятларини ёлғон деган инсонлар шунга ўҳшаш оят келтирсинлан! Зинхор келтира олмайдилар» мазмунидаги оятни ўқидим ва ундан ўҳшаш далил айтишини сўрадим. Ҳеч нарса дея олмади. Бу ўз ўрнида Қуръон оятларини исботини ўз кўзим билан кўришимга сабаб бўлди. Эътиқодим жудаям кучайди. Мен унга Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлари, бошларидан ўтказган қийинчиликлари ва умматларини қанчалик севганлари ҳақида айтиб бердим. У эса «Пайғамбарим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам тадбиркор бўлган. Инсонларга қандай муомала қилишни билгани учун шунча инсонлар эргашган» деди. Жуда хафа бўлиб кетдим. Ҳадисларнинг илмий исботлари ҳақида айтдим, у эса «Ўша даврларда инсонлар фойда кўриш учун Пайғамбаримиз ундай деган, бундай деган деб айтаверган. Қандай қилиб бир инсон айтган гаплар 1400йилда ўзгармай келиши мумкун? Диндорлар оммани ишонтириш учун тузишган. Дунёда хеч бир дин инсонни ёмонликка ундамайди. Дин инсонларни бошқариш ва уларни ҳаётини яхшилаш учун керак. Динсиз ҳам тўғри ва ҳалол яшаса бўлади…Мен Худо борлигига ишонаман бўлди» деди. «…Бунақада ўлсанг инсонлар жаноза ўқимаслигидан қўрқмайсанми?» десам, «Менга қолса ўлсам танамни ёқиб юборишса ҳам майли, барибир ўлганимдан сўнг менга ҳеч қандай фойда ва зарари йўқ. Аммо болаларимга халқ гапирадида» деди. Мен Юртимиздаги ўзгаришлар билан ҳам тушунтиришга ўриндим аммо эшитишни истамади. Хуллас барча панд-насиҳат ва илмий фактларимни тан олмади. Суҳбат якунида «Сен зомби бўлиб қолибсан. Кел, қариндошлик ҳурмати мен ўз фикримда, сен ўз фикрингда қол» деди… Мен унга ачиндим. Саволим қуйидагича: У Қуръонни ўзгартирилган ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кучли нотиқ, ҳадисларни тўқима дегани учун кофир ҳисобланадими? У билан қариндошлик ришталарини ўзишимга рухсат борми? Кейинчалик фарзандларимга ҳам таъсир қилишидан ва динсиз инсонга ишонч билдиришдан чўчияпман. Қариндошимнинг тақдири не кечади? Қимматли вақтингизни олганим учун сўрайман. Жавобингиз учун раҳмат!


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! У каби фикрда бўлиш куфр ҳисобланади. Агар ўз ҳолига ташлаб қўйсангиз ўшалар каби ўлиб кетади. Унинг ўрнига жуда оз миқдорда тушунча бериш билан алоқаларни давом эттиринг. Бу каби холатга тушиб қолиш кимлардир кофирларнинг хизматчиси бўлиб фарзандларимизни масжиддан тўсгани, Қуръондан узоқлаштиргани ва маънавий таназзулга учраган халқларнинг урф одатларини фарзандларимизга гўзал қилиб кўрсатганлари туфайли бўлди. Фарзандларимиз бедин, бетарбия ва ўзганинг ҳаққидан қўрқмайдиган  бўлиб қолишди. Нима учун дунёга келганлари ва оқибатлари нима бўлишни унутишди. Улар бемор ҳисобланишади. Беморни ўз ҳолига ташлаб қўйиб ҳолидан хабар олмаслик гуноҳдир. Сизга илк тушунча:

АҚЛНИНГ ИШЛАШ ДОИРАСИ

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Оламлар Роббиси Аллоҳ таолога ҳамду санолар, икки олам сарвари Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин! Ҳозирги кунда илоҳий ваҳий илм воситаси ҳисобланмай, балки барча нарсани ақл, мушоҳада ва тажриба ҳал қиладиган, шулар асосида ҳукм чиқариладиган бўлиб қолди. Шу ўринда ҳақли саволлар пайдо бўлади: «Ақл мустаҳкам ўлчовми? Ақлнинг энг охирги ўлчов эканлиги қай даражада ишончли? Ақл қиёматгача келадиган инсониятга йўлбошчи бўла оладими? Ақл, мушоҳада ва тажрибага суянишнинг ўзи етарлими?» Ушбу саволларга жавоб беришдан олдин илм олиш воситалари ва уларнинг ишлаш доираси ҳақида батафсил билиб олишимиз лозим.

ИЛМ ОЛИШ ВОСИТАЛАРИ

Аллоҳ таоло илм олиш учун инсониятга учта восита ато этди. Бу воситаларнинг ҳар бири махсус доирадагина фаолият кўрсатади ва шу белгиланган доирада ишлатилса, улардан манфаат ҳосил бўлади. Агар белгиланган доирадан четга чиқилса, воситалар томонидан олинган илм фойдасиз, ишончсиз ҳисобланади. Ушбу воситалар ва уларнинг фаолият доираси билан танишиб чиқайлик: 1. Сезги аъзолари ва уларнинг ишлаш доираси: Аллоҳ таоло илм олиш учун инсонга бешта сезгини ато этди (араб тилида «ҳавоссу хамса») – кўриш, эшитиш, ҳид билиш, таъм билиш ва сезиш. Бу сезгилар кўз, қулоқ, бурун, оғиз (тил) ва тери каби аъзолар ёрдамида фаолият кўрсатади. Кўз ёрдамида кўриб, тил ёрдамида татиб кўриб, таъм билиб, илм ҳосил қиламиз. Қулоқ ёрдамида эшитиб, тери ёрдамида ҳис этиб, ушлаб кўриб илм ҳосил қиламиз. Шу сезги аъзолари воситаси билан ташқи дунё ҳақида маълумот оламиз, тасаввур ҳосил қиламиз. Бироқ бу сезгилар орқали олинадиган маълумот ва тасаввурлар мушоҳада чегарасига бориб, тўхтайди. Мазкур сезгилар ўзининг белгиланган имконият чегарасидагина иш беради, ушбу чегарадан чиққач, натижа тахмин ва шакка айланади, яъни аниқ натижа олинмайди. Кўз билан кўрилади, лекин эшитилмайди. Қулоқ билан кўрилмайди, эшитилади. Бурун билан ҳид сезамиз, лекин кўра олмаймиз. Бир киши кўзини боғлаб олиб, «Мен қулоғим билан кўра бошладим», деса, ақлдан озган ҳисобланади, чунки қулоқ кўриш учун яратилмаган. Бировнинг «Сенинг қулоғинг кўрмайди. Шунинг учун қулоқ билан кўришга ҳаракат қилишинг бефойда» деган гапига жавобан «Қулоғим кўрмаса, демак, у бекорчи нарса экан», деган кишининг ҳам ақли ноқис бўлади, чунки қулоқ кўриш эмас, балки эшитиш доирасида фаолият кўрсатади. Ҳар бир аъзонинг вазифаси ҳаммага маълум бўлиб, уларнинг барчаси Аллоҳ таоло томонидан белгилаб қўйилган вазифанигина бажаради. Бири иккинчисининг вазифасини бажара олмайди. Бирор нарсанинг тасвирини кўзи ожиз одамдан сўраймизми, кўзи кўрадиган одамданми? Албатта, кўрадиган одамдан. Бир таомнинг таъмини уни татиб кўрган одамдан сўраймизми, унга кўз ташлаган одамданми? Албатта, татиб кўрган одамдан. Бу барча тан оладиган оддий ҳақиқатдир. Бироқ, афсуски, кейинги икки илм олиш воситаси борасида кўплаб ўқимишли одамлар ҳам мана шу оддий ҳақиқатни яхши англамай, бу тушунчаларни бир-бирига қориштириб, аралаштириб ташлайдилар; 2. Ақлнинг ишлаш доираси: Маълум бир босқичга келиб, Аллоҳ таоло томонидан бизга берилган бешта сезги аъзоси, яъни кўз, қулоқ, бурун, оғиз ва терилар ҳеч қандай иш бермай, теварак-атрофдаги воқеа-ҳодисаларни бевосита мушоҳада қилиб бўлмай қолади. Бунинг учун инсониятга бошқа бир муҳим восита – ақл ато этилган. Бешта сезги аъзосининг имконият чегараси тугаган жойда ақл ишга тушади. Масалан, олдимизда бир чиройли хонтахта турибди. Кўзимиз билан унинг рангини, қўлимиз билан мустаҳкам ёғочдан ясалганини, сўнг устига бўёқ сурилганини билиб оламиз. Бироқ унинг қандай қилиб ясалганини кўз билан кўриб, қулоқ билан эшитиб, қўл билан ушлаб бўлмайди, чунки хонтахта бизнинг кўз ўнгимизда ясалмаган. Шу ўринда ақлим менга йўлбошчилик қилиб, «Бу топ-тоза стол ўз-ўзидан ясалиб қолмайди. Балки у қайсидир уста тарафидан ясалгандир. У уста жуда маҳоратли бўлганидан уни чиройли суратда ясабди», дейди. Демак, дурадгор томонидан қилинган ишни менга ақлим айтади. Бу ўринда бешта сезги аъзоси иш бермайди. Балки ақлим ёрдамга келиб, менга йўлбошчилик қилади. Бешта сезги аъзоси маълум бир жойга етиб келганда фойда бера олмагани каби, ақл ҳам маълум бир жойга етиб келгач, унинг натижалари тахминий бўлиб қолади, яъни ақлнинг ишлаш доираси чексиз эмас. Ақл ҳам маълум бир чегарагача инсониятга манфаат бериб, йўлбошчи бўла олади. Ақлингизни ушбу чегарадан ташқарида ишлатишни хоҳласангиз, албатта, ақл у ерда нотўғри жавоб беради ва тўғри йўлбошчи бўлмайди. Шу ўринда бошқа бир етакчига, яъни учинчи илм воситасига эҳтиёж сезасиз; 3. Илоҳий ваҳий: Ақлнинг парвози ниҳояланган жойда Аллоҳ таоло инсоният учун учинчи илм воситасини ато қилган. У «илоҳий ваҳий», яъни Аллоҳ таоло томонидан юборилган ваҳий ва самовий таълимотдир. Илоҳий ваҳий ақлнинг парвози ниҳояланган жойдан бошланади. Шу боис илоҳий ваҳий нозил қилинган жойда ақлнинг ишлаши кўзнинг ишини қулоқ билан, қулоқнинг ишини эса кўз билан бажариш кабидир, яъни кўз қулоқ вазифасини бажара олмагани каби, ақл ҳам илоҳий ваҳий вазифасини бажара олмайди. Бу билан ақл бекорчига чиқиб қолмайди. Балки ақл ўз доирасида ишласа, манфаат беради. Ақлни ўз доирасидан ташқарида ишлатиш кўз билан қулоқни ҳид билишга ишлатиш кабидир.

ИСЛОМ ВА МОДДАПАРАСТЛАР ЎРТАСИДАГИ ФАРҚ

Ислом ва моддапарастлар ўртасидаги фарқ шуки, моддапарастлар илм олиш воситалари иккита, яъни бешта сезги аъзо ва ақл, дейишади. Улар инсонда илм олиш учун учинчи восита йўқ, деб таъкидлашади. Илм воситалари сифатида улар кўз, қулоқ, бурун ва ақлни тан оладилар. Булардан бошқа илм воситаларини рад этадилар. Ислом эса икки воситадан ташқари, «илоҳий ваҳий» ҳам илм олиш воситаси ҳисобланади, деб таъкидлайди.

ИЛОҲИЙ ВАҲИЙНИНГ ЗАРУРАТИ

Ислом дини ақл баъзи масалаларни ечишга қодир эмас, балки уларни ҳал этишда илоҳий кўрсатма зарур, деб таъкидлайди. Илоҳий ваҳий учун эса пайғамбар ва расуллар ҳамда самовий китобларга эҳтиёж бор. Ислом динининг бу даъвоси ҳозирги жамиятда қай даражада тўғри?

АҚЛ ГОҲИДА АЛДАБ ҲАМ ҚЎЯДИ

Бугунги кунда материализм тарафдорлари ҳар бир нарсани ақл тарозисига қўйиб, у яхши деб билган нарсани яхши, ёмон деб билган нарсани ёмон деб ҳукм қилмоқдалар. Лекин ақлда нарсаларни яхши ёки ёмонга ажратадиган, оламий ҳақиқат бўлган ва бутун дунёдаги инсоният тан олиб, унинг ёрдамида ўз ишларини яхши ва ёмонга ажрата оладиган формула ёки принцип йўқ. Ақлимизга «Қайси нарса яхши?», «Қайси нарса ёмон?», «Қайси нарсани танлаш лозим?», «Қайси нарсани ихтиёр қилмаслик керак?» деб савол бериб, ҳукм қилишни унга топширсак, нималар юз беришини тарихга назар солиб, билиб олишимиз мумкин. Ақл инсониятни беҳисоб алдаган. Агар ақл ўз ҳолига ташлаб қўйилса, инсониятни қаердан қаерга олиб боришига тарихдан бир неча мисолларни келтиришимиз мумкин.

СИНГИЛГА УЙЛАНИШ АҚЛГА ХИЛОФ ИШ ЭМАС

Бундан тахминан саккиз аср илгари «қаромита» ёки «ботиний фирқа» номли бир фирқа пайдо бўлган эди. Ушбу фирқанинг Убайдуллоҳ ибн Ҳасан Қайравоний деган етакчиси ўз қўл остидагиларга қизиқарли мактуб ёзган. Унда ҳаёт кечириш борасида ўзининг кўрсатмаларини бериб, шундай ёзади: «Менинг наздимда бу ақлсиз гап эмас, яъни одамларнинг уйида чиройли, сочлари ўрим-ўрим сингиллари бор, улар ўз акаларининг мижозини, табиатини яхши тушунишади. Лекин ақлсиз акалар ўз сингилларини ўз қўллари билан бегона, нотаниш йигитга бериб юборадилар. Ваҳоланки, қизнинг у йигит билан турмуши яхши бўлиб кетадими, мижозини яхши биладими, билмайдими, бунга эътибор қаратмайдилар. Ака эса ҳусни ҳам, сочлари ҳам синглисиникидек гўзал бўлмаган бошқа бегона аёлга уйланади. Менимча, бу иш ақлга тескари бўлиб, ўз уйидаги бойликни бошқа бировга қўшқўллаб тутқазиб юборишдир! Ўз уйига хотин қилиб олиб келган бошқа аёлдан қандай қилиб ором, роҳат олади? Буларнинг барчаси ақлсизлик ва ақлга хилоф ишдир. Мен ўз тарафдорларимга насиҳат қилиб, бундай телбаликдан сақланиб, ўз уйидаги бойликни ўзгаларга бериб юбормаслик керак, дейман» («Ал-Фарқ байнал фирақ»).

СИНГИЛ ВА ЖИНСИЙ ТАСКИН

Убайдуллоҳ ибн Ҳасан Қайравоний бошқа бир ўринда ўз издошларига қуйидаги мазмунда мактуб ёзган: «Сингил ўз акаси билан ёшлигидан бирга катта бўлган бўлса, ака сингилни деб, сингил акани деб жонини фидо қилишга тайёр бўлса, нимага энди буларнинг барчасини қилган сингил ўз акасидан жинсий эҳтиёжларини қондира олмасин? Бунга сабаб нима? Буларнинг барчаси ақлга зид ишдир» («Ал-Фарқ байнал фирақ»).

АҚЛИЙ ЖАВОБ БЕРИШ МУМКИН ЭМАС

Сиз у айтган сўзларга қанча лаънат айтсангиз, айтинг. Лекин мен айтаманки, «илоҳий ваҳий» деб аталмиш йўлбошчисиз, холис ақл билан Убайдуллоҳ ибн Ҳасан томонидан келтирилган далилларга қиёматгача жавоб бериб бўлмайди.

АҚЛИЙ ЖИҲАТДАН АХЛОҚСИЗЛИК ЭМАС

Агар бир киши Убайдуллоҳ ибн Ҳасан илгари сурган ғоя ғирт ахлоқсизлик, разиллик, деса, унга жавобан айтиладики, сен ўйлаётган ушбу бадахлоқлик ва разиллик сенда атроф-муҳит таъсирида пайдо бўлган тасаввурдир. Чунки сен яшаб турган минтақада бундай иш айб саналади. Шунинг учун сен ҳам уни айб ҳисоблаяпсан. Холис ақл эътиборидан эса бу ҳеч қандай айб иш эмас. Қарангки, сингилга уйланишни ҳалол ёки ҳаром деб белгилаш на ақлнинг ва на замонавий техникаларнинг вазифаси, балки у илоҳий ваҳий воситасидагина билинадиган илмдир. Шунингдек, бир жинслиларнинг никоҳи ақл тарозисига қўйиладиган бўлса, дунёнинг тараққий топган минтақаларида яшовчи, дунё ривожига жуда катта ҳисса қўшаётган кишиларнинг ақли яхши, тўғри деб жавоб бермоқда. Лекин кимларнингдир ақли атроф-муҳит таъсирида уни мутлақо нотўғри дейиши мумкин. Аслида бу ақлнинг иши эмас, балки илоҳий ваҳий орқали билинадиган илмдир.

НАСАБНИ САҚЛАШ АҚЛИЙ УСУЛ ЭМАС

Сиз юқоридаги ҳолатга ақл жавоб бера олади, деб: «Бу билан насаб ва ҳасаб булғанади», десангиз, бунга жавобан айтиладики, «Тўғри, насаб булғаниши аниқ. Лекин бунинг қандай ёмон томони бор? Насабни асраш қандай ақлий усулки, у сабабли насабни сақлаш зарур бўлса!

БУ ҲАМ ФИТРИЙ ХОҲИШНИНГ БИР БЎЛАГИ

Сиз Убайдуллоҳ ибн Ҳасанга жавобан «Бундай ҳолатда тиббий зарарлар етади», дейишингиз мумкин. Чунки яқинлар билан жинсий муомала қилиш оқибатида тиббий зарарлар келиб чиқади, деган тушунча сизнинг фикрингизга сингиб кетган. Лекин ғарбда яқинлар билан жинсий алоқа қилиш фитрий хоҳишнинг бир бўлаги экани ҳақида китоблар ёзилмоқда ва уларда яқин қариндошлар билан жинсий яқинлик қилиш оқибатида келиб чиқадиган касалликлар буткул рад этилмоқда. Ҳозирда ғарб илгари сураётган яқин қариндошлар билан ўзаро никоҳланиш ғоясини бундан саккиз аср муқаддам Убайдуллоҳ ибн Ҳасан издошларига ёзиб қолдирган. Ғарбда ёзилаётган китоблар Убайдуллоҳ ибн Ҳасан тарафидан қилинган ишнинг фақат акс-садосигина бўлиб қолмай, балки баъзи ғарб мамлакатларида бундай иш оммавий тарзда амалда жорий қилинмоқда.

ИЛОҲИЙ ВАҲИЙНИ ИЛМ ҲИСОБЛАМАСЛИК НИМАЛАРГА ОЛИБ КЕЛАДИ?

Юқорида санаб ўтилган ишлар, яъни бир жинслиларнинг никоҳи, ўзининг синглисига никоҳланиш кабилар нима сабабдан дунёда содир бўлмоқда? Буларнинг барчаси ақлни ўз доирасидан ташқарида ишлатиш сабабли юзага келмоқда. Илоҳий ваҳий ишлайдиган жойда ақл илоҳий ваҳийнинг йўлбошчи эканини инобатга олмаслиги баъзи ғарб мамлакатларида бир жинслиларнинг никоҳланишларига рухсат берилишига олиб келди. Ҳозирда бир жинслиларнинг никоҳланиши алоҳида бир илмга айланиб қолди. Дунёнинг энг катта кутубхоналарида «Gay style of life» («Бир жинслиларнинг ҳаёт тарзи)» деган ном остида алоҳида бўлимлар тайин қилиниб, уларда мавзуга алоқадор бир қанча китоблар жамланган. Бу борада улар томонидан илмий анжуманлар уюштириб турилади. Улар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Яна шуни таъкидлаш керакки, бу ташкилот аъзоларининг аксарияти обрў-эътиборли кишилардан, юқори мансаб эгаларидан иборатдир.

АҚЛНИНГ АЛДОВИ

Бир жинслиларнинг никоҳи ақлга зидми? Сиз «Ҳа», деб жавоб берасиз. Чунки илоҳий ваҳий орқали сизга унинг энг қабиҳ ва расво иш эканлиги баён қилинган. Лекин ақлга суяниб, илоҳий ваҳийни унутган кишилар бир жинслиларнинг никоҳи ҳам фитрий хоҳиш эканини таъкидламоқдалар. Улар фитрий хоҳишни баҳона қилиб, дунёдаги барча ёмонликларни қилишга рухсат беришмоқда. Буларнинг барчаси ақл асосида бўлмоқда. Ҳозир бир жинслилар никоҳи ўзаро инсонлар орасида бўлаётгани оммавий тарзга айланди. Ҳатто баъзи бирлари ит, мушук каби ҳайвонларга никоҳланишга ҳам ўтиб кетдилар ва оммавий ахборот воситалари орқали бу ишларидан фахрланиб сўзламоқдалар.

АҚЛНИНГ ЯНА БОШҚА АЛДОВИ

Атом бомбаси ақлнинг энг юқори маҳсули ҳисобланиб, уни ихтиро қилганлар Нобель мукофоти билан тақдирланганлар. Лекин ҳозирги кунда бутун дунё атом бомбаси зараридан хавфсираб, уни енгиллаштириш йўллари устида бош қотирмоқдалар. Миллионлаб одамлар ундан зарар кўриб, атом бомбаси ихтирочисига лаънатлар айтмоқда. Дунёдаги бирорта разиллик, вайронагарчилик ва қирғинбарот йўқки, уларнинг жоиз эканига ақл йўл топиб бера олмасин. Бугун бутун дунё фашизмни лаънатлаб, Гитлер ва Муссолинини мажнун деб атамоқда. Лекин сиз фашизм фалсафасига доир китобларни ўқиб чиқсангиз, бу иллат ақлли инсонлар томонидан ўйлаб чиқилганига амин бўласиз. Яъни ақл фашизмни ҳам ҳимоя қилади. Қўйингки, ақл дунёдаги барча ёмонликларни далиллар асосида яхши, тўғри деб ҳукм қилиши мумкин. Чунки ақл ўз доирасидан бошқа жойда ишлатилса, албатта, нотўғри натижа беради. Илм воситаларининг ҳар бири учун белгиланган ишлаш доираси бор бўлиб, улардан бирини ўрнига бошқасини ишлатсангиз, доимо нотўғри натижа оласиз. Масалан, бирни иккига қўшишни ақл бажаради. Сиз уни бешта сезги органи ёрдамида бажариб кўринг-чи, натижа қандай чиқар экан. Демак, ҳар бир илм воситаси ўз ўрнида ишлаши лозим. Акс ҳолда тўғрилаб бўлмайдиган кўплаб хатолар юзага келади.

АҚЛНИНГ МИСОЛИ

Тарихчи, файласуф Ибн Халдун ақл ҳақида шундай ёзган: «Аллоҳ таоло инсониятга ақл берди. Бу улуғ неъматдир. Ақл белгиланган доирада ишлатилса, кўплаб фойда келтиради. Агар ўз доирасидан ташқарида ишлатилса, ҳеч қандай наф бермайди. Бунга бир яхши мисолни келтириш мумкин. Ақлнинг мисоли олтинни ўлчайдиган тарози кабидир. Тилла тортиладиган тарозида бир неча грамм тилла тортилса, ундан фойда олинади. Чунки у тиллани тортиш учун ясалгандир. Агар бир киши у тарозида тиллани эмас,  бирор тоғни тортишга уринса, албатта, у тарози синиб кетади. Шундан келиб чиқиб, бир киши «Бу тарози бўлмаган нарса экан-да», деса, ҳамма уни аҳмоқ деб айтади. Чунки тилла тарозиси тоғни тортиш учун ясалган эмас-да! Бундан мақсад шуки, тарози ўз ўрнидан бошқа жойда ишлатилганлиги учун синиб кетди» («Муқаддимату Ибн Халдун»).

ИСЛОМ ВА МАТЕРИАЛИЗМ ЎРТАСИДАГИ ФАРҚ

Ислом дини ақлни ўз доирасида ишлатиб, ақл ишламайдиган жойда уни тарк қилишга амр қилади. Чунки ақл ўз доирасидан бошқа жойда нотўғри жавоб беради. Масалан, компьютер нима учун ихтиро қилинган бўлса, ўша мақсадда ишлатилса, тезда жавоб олинади. Лекин компьютер ёрдамида у орқали бажарилмайдиган иш қилинса, на фойда ва на тўғри жавоб олинади. Шунингдек, ақл ҳам ўз доирасидан ташқарида иш бермайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло инсониятга учинчи восита, яъни илоҳий ваҳийни ато қилди. Илоҳий ваҳий иш берадиган жойда ақл ишлатилса, нотўғри жавоб берилади. Шу боис ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам расул этиб юборилдилар ва у зотга Қуръони Карим нозил қилинди. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай дейилади:

إِنَّا أَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ لِتَحْكُمَ بَيْنَ النَّاسِ

«Албатта, Биз сенга Китобни одамлар орасида Аллоҳ сенга кўрсатганидек ҳукм қилишинг учун ҳақ ила нозил қилдик» (Нисо сураси, 105-оят). Қуръони Карим бизларга ҳақ ва ноҳақни, тўғри ва нотўғрини, яхши ва ёмонни ўргатади. Уларнинг барчаси ақл ёрдамида билинмайдиган нарсалардир.

ҚУРЪОН ВА ҲАДИСДА ИЛМ, ФАН ҲАМДА ТЕХНОЛОГИЯ

Баъзи инсонларни қуйидаги мулоҳаза қийнаётган бўлиши мумкин. Ҳозир илм, фан ва технология асри, Қуръон оятларининг бирортасида ва на ҳадиси шарифда замонавий технологияларни ясаш формуласи берилмаган. Ҳозирда илм, фан ривожланган юртлар ўзга сайёраларгача чиқиб келмоқдалар. Лекин нима учун Қуръони Каримда ойга чиқиш йўллари айтилмаган?

ИЛМ, ФАН ВА ТЕХНОЛОГИЯ

Қуръони Каримда замонавий технологияларни ясаш формуласи айтилмайди. Чунки технологиялар ақл доирасига тегишли ишдир, яъни ўз устида ишлаш, тажриба ўтказиш натижасида пайдо бўладиган ишлардандир. Аллоҳ таоло инсониятнинг ривожланиши ва тараққий топиши учун ақл неъматини ато қилди. Инсон ўз ақлини ақл доирасида қанча кўп ишлатса, албатта, ривожланиб, тараққий топади. Ақл парвози ниҳояланиб, иш бермайдиган жойга етиб келганда Қуръони карим бизга сабоқ бериб, йўл-йўриқ кўрсатади, яъни ақл идрок қила олмайдиган нарсалар ҳақида бизга маълумот беради. Дарҳақиқат, ҳозир технологиялар асри, бунда фақат ақл иш беради. Чунки замонавий технологияларни ихтиро қилиш ақл доирасига тегишли ишдир. Ҳар бир инсон кундалик ҳаётида турли ишларга рўбарў бўлади. Улар борасида тўғри қарор қилиш ва тўғри натижа чиқара олиш учун қаерда ҳис қилиш аъзолари, қаерда ақл ва қаерда ваҳий ишлашини билиши лозим. Акс ҳолда доимо нотўғри хулоса ва нотўғри натижага эришади. Чунки илм воситаларининг бирини иккинчисига аралаштириб ташлаш кўпинча инсониятни нотўғри хулоса чиқаришга олиб келади.

ИСЛОМИЙ ҲУКМЛАРДА МОСЛАШУВЧАНЛИК МАВЖУД

Юқоридаги сўзларни тушуниб олгандан кейин қалбда яна шундай савол пайдо бўлиши мумкин: «Қандай қилиб биз ўн тўрт аср илгари нозил қилинган ҳукмларга амал қилишимиз мумкин? Ахир улар эскириб қолди-ку! Ҳозирга келиб инсонлар эҳтиёжи турли-туман бўлиб, ўзгариб кетди. Шундай экан, қандай қилиб ўн тўрт аср илгари нозил қилинган ҳукмлар йигирма биринчи асрга тўғри келади?» Бундай саволлар исломий илмларни тушунмаслик оқибатида келиб чиқади. Ислом ҳукмларни уч қисмга тақсимлаган. Улар қуйидагилар: 1. Қатъий нас орқали, яъни Қуръон ва суннат билан собит бўлган ҳукмлар. Бундай ҳукмлар замон ўзгариши билан ўзгармайди; 2. Ижтиҳод ва истинбот қилишнинг имкони бўлган, яъни қатъий нас билан собит бўлмаган ҳукмлар. Бунда исломий ҳукмларнинг ўзида мослашиш мавжуддир; 3. Қуръон ва суннатда бирор кўрсатма ёки йўл-йўриқ берилмаган ҳукмлар. Улар бизнинг ақлимизга ташлаб қўйилган. У шундай кенг доираки, ҳар даврда инсон ақл ва тажрибасини ишлатиб ривожланади ва ҳар замоннинг заруратларини қондира олади.

ҚИЁМАТГАЧА ЎЗГАРМАЙДИГАН ҲУКМЛАР

Ижтиҳод ва истинбот қилиш имкони бўлган ҳукмларда ҳолат эътибори билан иллатлар ўзгарганлиги сабабли ҳукмларда ҳам ўзгариш юз беради. Лекин қатъий нас билан собит бўлган ҳукмлар ўзгармайди, яъни бундай ҳукмларда қиёматгача ўзгариш юз бермайди. Чунки ундай ҳукмлар инсон фитратига бино қилингандир. Инсоннинг ҳолати ўзгаради, лекин фитрати ўзгармайди. Шу боис ҳам фитратга бино қилинган қатъий нас билан собит бўлган ҳукмларда қиёматгача ўзгариш юз бермайди. Шариат имкон берган ўринларда имконият доирасида иш кўриб, ўз заруратларимизни қондиришимиз лозим бўлади.

ИЖТИҲОД БОШЛАНАДИГАН ЖОЙ

Қатъий нас мавжуд бўлмаган жойдан ижтиҳод қилиш бошланади. Нас мавжуд бўлган ўринда ақлни ишлатиб, бирор сўз айтиш ўз доирасидан ташқарида ақлни ишлатиб, сўз айтиш ҳисобланади. Бундай жойда ақлни ишлатиб, бирор сўз айтиш динни ўзгартиришга йўл очилиши дейилади. Бу борада қуйидаги мисолни келтириш ўринли бўлади: Қуръони Каримда чўчқа ҳаром, деб ҳукм қилинган. Бу ҳукм ваҳийнинг ҳукми ҳисобланади. Бу ўринда ақлни ишлатиб: «Ваҳий нозил қилинаётган вақтда чўчқалар ифлос нарсаларни истеъмол қилишар ва нопок шароитда боқилар эди. Ҳозирда чўчқалар тозаликка жавоб берадиган замонавий фермаларда парвариш қилинмоқда. Шунинг учун чўчқа борасидаги ҳукм бекор бўлиши лозим», дейиш ақл ишламайдиган жойда ақлни ишлатиш ҳисобланади. Ҳолбуки, замонавий тиббиёт ҳам чўчқанинг инсоният учун ниҳоятда зарарли эканини исбот қилмоқда.

СУДХЎРЛИК БИЛАН ТИЖОРАТ ОРАСИДА ҚАНДАЙ ФАРҚ МАВЖУД?

Қуръони Каримда судхўрлик, пора ҳаром деб айтилган. Бу ўринда ақлнинг истакларига қулоқ тутилмайди. Бу ҳақда жоҳилият араблари томонидан айтилган сўз Қуръони Каримда шундай баён этилган: «Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб, жинни бўлган кишидек турарлар. Бу уларнинг «Тижорат ҳам рибога ўхшаш-да», – деганлари учундир. Ҳолбуки, Аллоҳ тижоратни ҳалол қилган, рибони эса ҳаром қилган. Бас, кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳга ҳаволадир. Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар» (Бақара сураси, 275-оят). Аллоҳ таоло юқоридаги ояти каримада савдо-сотиқни ҳалол, рибони эса ҳаром деб ҳукм қилди. Энди бу ҳукм борасида «Нимага?», «Нима учун?» дейиш имкони йўқ. Чунки Аллоҳ таоло савдо-сотиқни ҳалол қилди, у ҳалол бўлди. Рибони ҳаром қилди, у ҳаром бўлди. Энди бу икки ҳукм борасида «Нимага?», «Нима учун?» деб савол бериб, ақлни ишлатиш ақлни ўз ўрнидан бошқа жойда ишлатиш ҳисобланади. Одамларга қўйиб берилса, ҳар ким дин борасида алжираб, ҳалолни ҳаром, ҳаромни ҳалол деб ташлаши мумкин.

БИР АЖИБ ВОҚЕА

Бир қўшиқчи ҳаж қилгани борибди. Ҳажни адо этиб, Мадинага қайтаётганида, йўлда бир карвонсаройга тушибди. Тун пайти у ерга овози хунук бир араб қўшиқчи келиб, ашула айта бошлабди. Қўшиқ айтишнинг қонун-қоидалари бузилаётганини кўрган мусофир қўшиқчи: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сен каби қўшиқчиларни эшитиб, қўшиқни ҳаром қилган эканлар-да. Агар менинг қўшиқ айтишимни эшитганларида, қўшиқ айтишни ҳаром демаган бўлар эдилар», дебди. Қўшиқчининг бу гапи қатъий собит бўлган ҳукмларда нафсоний хоҳишларни қондириш дейилади.

БУГУНГИ КУН МУФАККИРИНИНГ ИЖТИҲОДИ

Қўштирноқ ичида ўзини «муфаккир» деб атайдиган баъзи инсонлар ўз ақли доирасида фикр юритиб, Қуръони Карим оятларини таъвил қилишга уринади. Бу эса ақлни ўз доирасидан ташқарида ишлатиб, оятларни ўзгартириш ҳисобланади. Ўтган илоҳий китобларни ҳар бир «муфаккир» ақл ишлатиб таъвил қилишга ҳаракат қилгани учун ҳам улар бутунлай ўзгариб кетган. Лекин Аллоҳ таоло Қуръони Каримни қиёматгача сақлашни Ўз зиммасига олган. «Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, Биз унга муҳофазачимиз» (Ҳижр сураси, 9-оят).

ХУЛОСА

Хар бир кичик мартабадаги нарса ўзидан юқори турувчининг қарамоғи ва назорати остида бўлиши керак. Бешала сезги аъзо қанчалар мукаммал бўлмасин ўз фаолиятини юритишда ақлга мухтождир. Уларни ақл назорати остида истемол қилинса, тўғри ва кўп фойда олинади. Шунингдек ақл ҳам ваҳий назорати остида, унинг кўрсатмларига мувофиқ тарзда истемол қилинса, уни ўз ўрнида ишлатилган бўлиб, дунёвий ва ухровий нажотга сабаб бўлади. Дунё ақлли деб тан олган Ибн Сино, Беруний, Улуғбек, Ал-Ҳоразмий, Навоий, Заҳируддин Муҳаммад Бобур каби улуғ мутафаккир олимлар ҳам аввало ақлларини илоҳий таълимотлар билан суғориб, сўнг умрлари мобайнида унинг назорати остида иш юритганлар. Уларнинг барчалари ўн ёш атрофида Қуръонни тўлиқ ёд олган ва ҳадис, тафсир, фиқҳ илмларида мукаммал бўлганлар. Бу нарсалар ёзган асарларида яққол кўриниб туради. Бангладешлик олим, нақшбандий тариқатининг пешволаридан бўлган Алтоф Ҳусайн роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг «Ислоҳий хитоб» номли асарларида Афлотуннинг Мусо алайҳисслом билан бўлган қиссасини келтирган. Унда: “Афлотун Мусо алайҳиссаломга: “Агар сиз менинг саволимга жавоб берсангиз, динингизга кираман”, деди. Мусо алайҳисслом: «Сўрамоқчи бўлган нарсангни сўра”, дедилар. У: “Камон отгувчи Аллоҳ, мусибатлар камон ўқлари ва инсон нишон бўлса, ундан қандай қутилиш мумкин?”, деди. У зот: “Бу жуда осон. Бунинг учун камончи томонида ва унга якин кишилардан бўлсанг бўлди. Агар Аллоҳга итоат қилсанг ва даргоҳига бош эгсанг, нажот топасан”, дедилар”, дейилган. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat