Ассалому алайкум! Устозлар сизлардан Аллоҳ таоло рози бўлсин ва қилаётган ишингларга ўзи барока бeрсин. Ҳозирги кунда соцаил тармоқда смайликдан фойдаланиш кeнг қўлланилади. Буни ишлатиш жоизми? Чунки исломда инсон суратини чизиш жоиз эмаслигини биламиз ва инша Аллоҳ унга амал қиламиз. Лeкин тайёр чизиб қуйилгани ёки ясаб қўйилган смайликлардан фойдаланса бўладими? Жавобинглар учун катта раҳмат.
Ва алайкум ассалом! Аслида жоиз, чунки бу чизиш ҳисобланмайди. Улардан фойдаланишда эҳтиёт бўлиш керак. Ўзгаларнинг обрўсига путур етказадиган ёки шаънини ҳақоратлайдиган смайликлардан фойдаланмаслик керак. Аллоҳ таоло “Ҳумаза” сурасида марҳамат қилади:
وَيْلٌ لِّكُلِّ هُمَزَةٍ لُّمَزَةٍ
1. Ҳар бир обрў тўкувчи ва айбловчига вайл бўлсин. Одамларнинг обрўсини ғийбат йўллари билан кўп тўкувчи одам араб тилида «ҳумаза» дейилади. Одамларнинг айбини, камчиликларини имо-ишора ила масхара қилувчи «лумаза» дейилади. «Вайл» жаҳаннамдаги бир водийнинг номи ёки «ҳолига вой», «ҳалок бўлсин» деган маънодаги сўз эканини олдин ҳам ўрганганмиз. Ушбу икки сифатга эга бўлганларнинг барчаси дўзахга тушади ва уларнинг аҳволига вой бўлади, дейди Аллоҳ таоло. Чунки мўмин кишининг қонини тўкиш қанчалик гуноҳ бўлса, обрўсини тўкиш ҳам шунчалик гуноҳ. Одам ўлдириб – қон тўкиб гуноҳ қилганлар жаҳаннамга тушганларидек, ғийбат қилиб – обрў тўкиб, кишиларни хафа қилганлар ҳам жаҳаннамга тушади. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!