Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Одамдан қолган сув

09:13 / 18.04.2018 | Мустафо | 4011
Ассалому алайкум! Биламиз қишлоқларда ичимлик сувини челакларга тўлдириб олиб қўйилади. Бир куни челакдан чўмичда (сув ичадиган) сув олиб ичиб, ортиб қолган сувни челакка қайтариб қуйиб қўйдим. Буни кўрган бир қўшним: "Бундай қилманг челакдаги сув макрух бўлади, тукиб юборинг сувни” деди. Бу қанчалик тўғри?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ваалайкум ассалом! Одамдан, отдан ва ҳар бир гўштини еб бўладигандан ортиб қолган сув покдир. 
Бу ерда «одамдан» дейилиши номики одам бўлса, ундан қолган сув пок бўлишини англатади. Одам мўминми, кофирми, хотинми, эркакми, каттами, кичикми, жунубми, ҳайз кўрганми – фарқи йўқ. Фақат ароқ ичган бўлмаса бўлди. Агар ароқ ичган бўлса, оғзи нажас бўлгани учун унинг оғзидаги ва оғзи теккан нарсалар ҳам нажас бўлади. У оғзидаги нажосатни кетказиш учун уни ювиши, сув ичиши ёки тупугини уч марта ютиши лозим.
Одамнинг поклиги ҳақидаги далиллар: 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ لَقِيَنِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَرَّةً فِي طَرِيقٍ مِنْ طُرُقِ الْمَدِينَةِ وَأَنَا جُنُبٌ فَاخْتَنَسْتُ وَفِي رِوَايَةٍ فَانْسَلَلْتُ فَذَهَبْتُ فَاغْتَسَلْتُ ثُمَّ جِئْتُ، فَقَالَ أَيْنَ كُنْتَ يَا أَبَا هُرَيْرَةَ؟  قُلْتُ إِنِّي كُنْتُ جُنُبًا فَكَرِهْتُ أَنْ أُجَالِسَكَ عَلَى غَيْرِ طَهَارَةٍ، قَالَ سُبْحَانَ اللهِ، إِنَّ الْمُسْلِمَ لَا يَنْجُسُ  رَواهُ الْخَمْسَةُ  

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир марта Мадинанинг йўлларидан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга йўлиқиб қолдилар. Мен жунуб эдим, ўзимни четга олдим».
Бошқа ривоятда:
«Билдирмай суғурилиб чиқдим. Бориб, ғусл қилиб келдим. Ул зот:
«Эй Абу Ҳурайра, қаерда эдинг?» дедилар. Мен:
«Жунуб эдим, сиз билан нопок ҳолимда ўтиришни ёқтирмадим», дедим. Ул зот:
«Субҳаналлоҳ! Мусулмон нажас бўлмас», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган. 

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ كُنْتُ أَشْرَبُ وَأَنَا حَائِضٌ، ثُمَّ أُنَاوِلُهُ النَّبِيَّ رَضِي اللهُ عَنْهُ فَيَضَعُ فَاهُ عَلَى مَوْضِعِ فِيَّ فَيَشْرَبُ، وَأَتَعَرَّقُ الْعَرْقَ وَأَنَا حَائِضٌ، ثُمَّ أُنَاوِلُهُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَيَضَعُ فَاهُ عَلَى مَوْضِعِ فِيَّ رَوَاهُ مُسْلِمٌ 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен ҳайзли ҳолимда бирор нарсани ичиб, кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдим. У зот менинг оғзим теккан жойга оғизларини қўйиб ичар эдилар. Мен ҳайзли ҳолимда суякни ғажиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга берар эдим. У зот менинг оғзим теккан жойга оғизларини қўяр эдилар».
Имом Муслим ривоят қилган. 

عَنْ عَائِشَةَ أَنَّهَا قَالَتْ كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَتَّكِئُ فِي حِجْرِي وَأَنَا حَائِضٌ فَيَقْرَأُ الْقُرْآنَ رَوَاهُ مُسْلِمٌ 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Мен ҳайзли бўлган ҳолимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўксимга суяниб олиб, Қуръон ўқир эдилар».
Имом Муслим ривоят қилган. 

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُصَلِّي مِنْ اللَّيْلِ وَأَنَا إِلَى جَنْبِهِ وَأَنَا حَائِضٌ وَعَلَيَّ مِرْطٌ وَعَلَيْهِ بَعْضُهُ إِلَى جَنْبِهِ رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тунда намоз ўқир эдилар. Мен ҳайзли ҳолда у зотнинг ёнларида бўлар эдим. Устимда бир мирт бўлиб, унинг бир томони у зотнинг устиларида бўлар эди».
Имом Муслим ривоят қилган.
Матнда отнинг алоҳида зикр қилиниши шубҳани кўтариш учундир. Чунки уламоларимиз орасида отнинг гўштини ейиш ҳалол деганлари ҳам, ҳаром деганлари ҳам бор. «Отнинг гўшти ҳаром», деганларнинг гапига биноан, ундан қолган сув ҳам пок бўлмаслиги керак, деган фикр келиши мумкин. Бунга мутлақо ўрин йўқ. Чунки «Отнинг гўштини ейиш ҳаром», деганлар унинг нажаслиги учун эмас, жиҳодга керак бўлиши учун шундай деганлар. Аслида отнинг гўшти поклигига ҳеч ким ихтилоф қилмаган.
Гўшти ҳалол қуш ва ҳайвонларнинг сўлаги ҳам пок. Чунки сўлак гўштдан ҳосил бўлади. Бинобарин, улардан қолган сув ҳам пок бўлади.
2. Йиртқич ҳайвонларники нажасдир.
Шер, қоплон, йўлбарс, бўри, тулки, чиябўри, ит, чўчқа, фил, маймун каби ҳайвонлардан ортиб қолган сув ва бошқа нарсалар ғализ нажосат ҳисобланади. Уларни мутлақо ишлатиб бўлмайди. Бунинг ҳукми худди ўлимтикнинг ҳукмига ўхшайди. Фақат зарурат юзасидан, ноилож қолгандагина ишлатса бўлади.
Далиллар:
Аллоҳ таоло Анъом сурасида:

 قُل لاَّ أَجِدُ فِي مَا أُوْحِيَ إِلَيَّ مُحَرَّمًا عَلَى طَاعِمٍ يَطْعَمُهُ إِلاَّ أَن يَكُونَ مَيْتَةً أَوْ دَمًا مَّسْفُوحًا أَوْ لَحْمَ خِنزِيرٍ فَإِنَّهُ رِجْسٌ 

«Менга қилинган ваҳийда таомланувчи учун у таомланадиган нарсада ҳаром қилинган нарсани топмаяпман. Ўлимтик, ёки оқизилган қон, ёки тўнғиз гўшти – чунки у ифлосдир – мустасно», деган (145-оят).

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِذَا وَلَغَ الْكَلْبُ فِي إِنَاءِ أَحَدِكُمْ فَلْيُرِقْهُ ثُمَّ لِيَغْسِلْهُ سَبْعَ مِرَارٍ  وَفِي رِوَايَةٍ أُولَاهُنَّ أَوْ إِحْدَاهُنَّ بِالتُّرَابِ  وَفِي أُخْرَى السَّابِعَةَ بِالتُّرَابِ  رَوَاهُ الْخَمْسَةُ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин. Сўнгра у(идиш)ни етти марта ювсин», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «У(ювиш)лардан биринчиси ёки у(ювиш)лардан биттаси тупроқ билан бўлсин», дейилган.
Яна бошқа ривоятда: «Еттинчиси тупроқ билан бўлсин», дейилган.
Бешовлари ривоят қилишган.
Йиртқич ҳайвонларнинг гўшти ҳаром бўлгани учун ўша гўштдан пайдо бўлган сўлак ва у теккан ҳар бир нарса ҳам нажас ҳисобланади.
3. Мушук, қўйиб юборилган товуқ, йиртқич қушлар ва уйлардан маскан оладиган сичқон, калтакесак каби ҳайвонларники макруҳдир.
Қўйиб юборилган товуқ нажосатли нарсаларни ейди. Бунга ёввойилашиб кетиб, нажосатларни ейишга одатланган сигир ва туялар ҳам қўшилади. Мазкур нарсалар, йиртқич қушлар ва мушук, сичқон, илон каби уйларда учраб турадиган ҳайвонлардан ортган сув макруҳдир. Бошқа сув бўлмаган ҳолатдагина буларни ишлатса бўлади.
Далил: 

عَنْ كَبْشَةَ بِنْتِ كَعْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ دَخَلَ أَبُو قَتَادَةَ فَسَكَبْتُ وَضُوءًا، فَجَاءَتْ هِرَّةٌ فَشَرِبَتْ مِنْهُ فَأَصْغَى لَهَا الْإِنَاءَ حَتَّى شَرِبَتْ، فَرَآنِي أَنْظُرُ إلَيْهِ، فَقَالَ أَتَعْجَبِينَ ياَ بِنْتَ أَخِي؟ فَقُلْتُ نَعَمْ، فَقَالَ إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ إِنَّهَا لَيْسَتْ بِنَجِسٍ، إِنَّهَا مِنَ الطَّوَّافِينَ عَلَيْكُمْ وَالطَّوَّافَاتِ رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ 

Кабша бинти Каъб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши айтадилар:
«Абу Қатода 
(уйимизга) кирди. Мен унинг таҳоратига сув қуйиб бердим. Шунда бир мушук келиб, ундан ичди. У эса унга ичиб олиши учун идишни энгаштириб тутди. Шунда у ўзига қараб турганимни кўрди ва:
«Эй биродаримнинг қизи, ажабланяпсанми?» деди. Мен:
«Ҳа», дедим. У:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, у 
(мушук) нажас эмас, у сизларнинг атрофингизда айланиб юрувчилардандир», деганлар», деди».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Шу билан бирга, ушбу ва бошқа ҳадисларда мушук теккан сув ҳақидаги ривоятлар маълум ҳолатларга асослангани ҳамда мушук сичқон ва унга ўхшаш нарсаларни ейиши эътиборидан уламоларимиз мушук теккан сувни макруҳ деганлар. Яъни «Агар мушук теккан сувдан бошқа сув бор бўлса, ўша бошқа сувда таҳорат қилган яхшироқ», деганлар.
Бу ҳукмга кирган барча ҳайвон ва қушлар мушукка қиёс қилинган.
4. Эшак ва хачирники шаклидир. (Таҳорат олувчи) ундан бошқасини топа олмаса, ундан таҳорат қилиб, кейин таяммум ҳам қилади.
Эшак ва хачир ҳаром бўлса ҳам, уй ҳайвонидир. Улар сувга тегиб қўйиши эҳтимоли кўп бўлганидан, кишиларга осонлик туғдириш учун уларнинг бу борадаги ҳукми бир оз енгиллаштирилган. Шу билан бирга, уларнинг ҳукми сичқон, мушук каби уйларда учрайдиган кичик ҳажмли, ҳамма ерга кириш имконига эга бўлган ҳаром ҳайвонларнинг ҳукмидан бир оз оғирлаштирилган. Яъни улардан қолган сувдан таҳорат қилган киши таяммум ҳам қилиши лозим бўлади.
5. Тер ҳам ортган сувга ўхшайди.
Қайси нарсадан қолган сув пок бўлса, унинг тери ҳам пок бўлади. Қайси нарсадан қолган сув нажас бўлса, унинг тери ҳам нажас бўлади. Қай нарсадан қолган сув макруҳ бўлса, унинг тери ҳам макруҳ бўлади. Қай нарсадан қолган сув шакли бўлса, унинг тери ҳам шакли бўлади. ("Кифоя" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat