- Никоҳ тугуни ийжоб ва қабул ила боғланади. «Ийжоб» ақди никоҳда иштирок этадиган икки томоннинг биридан шу масалада аввал содир бўладиган нарса, «қабул» эса иккинчи ўринда содир бўлган нарсадир. Мисол учун, бир эркак, аёл кишига, менга хотин бўлишга розимисан? деса «ийжоб» бўлади. Аёл унга, розиман, деб жавоб берса «қабул» бўлади. Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Валийлар ёки вакиллар орқали ҳам «ийжоб - қабул» бўлиши мумкин.Ҳанафий мазҳабида фақат ийжоб ва қабулгина никоҳнинг рукни ҳисобланади.Ийжоб ва қабулда ишлатилган иборалар абадийликни ифода қилиши шарт. Вақтинчаликни ифода қилса бўлмайди. Вақтини таъйин қилиб, фалон ойга, фалон йилга никоҳландик, дейилса, никоҳ ботил бўлади. Шунинг учун ҳам, муваққат никоҳ ва мутъа никоҳи ҳаром бўлади.لَفْظُهُمَا مَاضٍ كـ: زَوَّجْتُ وَتَزَوَّجْتُ أَوْ أَمْرٌ وَمَاضٍ كـ: زَوِّجْنِي، فَقَالَ: زَوَّجْتُУларнинг лафзи «завважту-никоҳланишга рози бўлдим ва тазавважту-никоҳландим» каби ўтган замон феъли ёки «заввижнии - менга никоҳлан» деганда «никоҳладим» дейиш каби буюруқ ва ўтган замон феъли ила ифода этилади. Ёки бир тараф никоҳ рағбатини билдирганда иккинчи тараф, қабул қилдим, деса ҳам бўлади.وَإِنْ لَمْ يَعْلَمَا مَعْنَاهُИкки тараф бунинг маъносини билмасалар ҳам бари бир. Умуман арабчани билмайдиган одамлар ийжоб ва қабул лафзларини ўз тилларида ифода қилишлари мумкин.وَيَصِحُّ، بِلَفْظِ نِكَاحٍ وَتَزْوِيجٍ وَمَا وُضِعَ لِتَمْلِيكِ الْعَيْنِ حَالاًНикоҳ ақди никоҳ, уйланиш ва бир нарсани ўша вақтнинг ўзида мулк қилиб беришни англатиш учун ишлатиладиган лафзлар ила тўғри бўлади.Никоҳ ва уйланиш маънолари Қуръонда келгани учун мазкур икки лафзни ишлатиш афзалдир. Аммо мулк, ҳиба, садақа каби ўша вақтнинг ўзида мулк қилиб беришни англатувчи сўзлар турли сабабларга кўра ишлатилиб қолса ҳам никоҳ дуруст бўлаверади. Одатда никоҳ ва уйланиш лафзлари ишлатилиши ҳаммага маълум ва машҳур.Ақд пайтида мулк қилиб беришни англатмайдиган ижара, ҳузурланиш, гаров каби сўзлар билан ақди никоҳ собит бўлмаслигига барча фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.وَشُرِطَ سَمَاعُ كُلٍّ مِنْهُمَا لَفْظَ اْلآخَرِ، وَحُضُورُ حُرَّيْنِ، أَوْ حُرٍّ وَحُرَّتَيْنِ، مُكَلَّفَيْنِ مُسْلِمَيْنِ سَامِعَيْنِ مَعًا لَفْظَهُمَاИкковлари бир бирининг лафзини эшитмоқлари ва икки мукаллаф мусулмон ҳур эркак ёки бир ҳур эркак ва икки ҳур аёл ҳозир бўлиб биргаликда иккисининг лафзларини эшитмоқлари шартдир.Келин куёв бир бирларининг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини эшитмоқлари шарт. Чунки овози эшитилмаган шахс ғойиб шахс билан баробардир.Шунингдек, куёв келиннинг ийжоб ва қабул ҳақидаги лафзларини ҳозир бўлган гувоҳлар ҳам эшитмоқлари шарт.