Бир ҳадисда айтиладики бир инсон намоз ўқиётганида онаси чақириб қолади ва у онасига жавоб бермайди ва онаси уни юзинг фоҳишани юзини кўрмасдан ўлмагин деб қарғайди. Оҳирида у туҳматдан Аллоҳнинг мўжизаси билан қутилади. Шу ҳадисни оҳирида агар ўша инсон фақиҳ бўлганида онасига жавоб бериш керак эди дейишган. Агар намоз ўқиётганда онаси чақирса жавоб бериш керакми намоз ҳоҳ суннат ҳоҳ фарз бўлсин ёки бошқачами?
Бу ҳам олдингига ўхшаш чала билган ҳадисни ўз иборалари билан келтиришдан иборат. Аслида, ҳадис қуйидагича:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидагиларни айтганларини эшитганман. У зот: «Биронта одам бешикдалигида гапирмаган. Фақат Ийсо ибн Марям алайҳиссалом ва Журайж соҳиби гапирганлар», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Набийси! Журайж соҳиби ким?» - дейилди. «Журайж ўз ибодатхонасидаги роҳиб одам эди. Унинг ибодатхонасидан пастроқда бир молбоқар ҳам бор эди. Ўша қишлоқда яшовчи бир бузуқ аёлнинг чўпон билан ўзаро алоқаси ҳам бор эди. Бир куни онаси келиб, эй Журайж! деб уни чақирди. У намоз ўқиётган эди. Намоз ўқиб туриб, «Онамни ихтиёр қилсаммикан, намозними?» - деб ўйлади. Кейин намозни устун кўрди-да, намозини давом эттирди. Онаси уни иккинчи марта баланд овоз билан чақирди. У яна «Онамни ихтиёр қилсаммикан, намозними?» - деб ўйлади-да, яна намозини давом эттирди. Учинчи марта чақирди. У ўша фикр билан намозни ўқишда давом этди. Жавоб бермагинидан кейин «Эй Журайж, нопок аёлларнинг юзини кўрмагунингча Аллоҳ сени ўлдирмасин!» деди-да, қайтиб кетди. Бир куни бояги бузуқ аёлни боласи билан подшоҳнинг ҳузурига судраб келишди. «Кимдан?» деб сўради. «Журайждан», деди аёл. «Ибодатхона соҳибими?» деди.
«Ҳа», деди аёл. «Ибодатхонасини бузиб ташлаб, ўзини менга келтиринглар!» деди. Ибодатхонасини чўқморлар билан уриб, ер билан яксон қилишди. Ўзининг қўлини бўйнига арқон билан боғлаб, олиб кетишди. Уни нопок аёллар олдидан олиб ўтишди. Уларни кўриб, табассум қилди. Улар эса одамлар ичидан унга назар солиб турар эдилар.
Подшоҳ:
«Манави аёл нимани даъво қиляпти?» деди. «Нимани даъво қиляпти?» деди у. «Боласи сендан эканини даъво қилмоқда», деди. «Сен даъво қилаяпсанми?!» деди у.«Ҳа, деди аёл.
«Ўша бола қани?» деди у. «Ана, онасининг қучоғида!» дейишди. Шунда Журайж унга қараб: «Сенинг отанг ким?» деди. «Молбоқар», деди бола. Шунда подшоҳ: «Ибодатхонангни тиллодан қилиб берайликми?» деди. «Йўқ», деди. «Кумушдан қилиб берайликми?» деди подшоҳ. «Йўқ», деди. «Нимадан қилиб берайлик?» деди подшоҳ. «Ўзи қандай бўлган бўлса, шундай қилиб беринглар», деди. Шунда подшоҳ:«Боя нимага табассум қилдинг?» деди. «Ўзим билган ишга. Менга онамнинг дуоси тегди», деди ва бўлган воқеани айтиб берди».
Шарҳ: Бу ерда онанинг дуоси қанчалик ўткирлигининг исботи намоён бўлмоқда. Бўлмаса Журайж умрида гуноҳ қилмаган, умрини ибодатхонадан чиқмай, ибодат билан ўтказаётган одам эди. Бу ҳадисдан бошқа ривоятларда бояги бузуқ аёл Журайжнинг олдига келади, зинога чақиради, Журайж уни ҳайдаб чиқаради. Шунинг учун аёл чўпон билан зино қилиб, сўнг қасддан Журайжга туҳмат қилади. Шу қадар ўзини гуноҳдан сақлаган, доимо ибодатда бўлган одамгаям, намозда туриб, онасига жавоб бермаганлиги учун онанинг мазкур дуосига қолди Бу воқеа бизнинг уммат эмас, Бани Исроилда бўлиб ўтган. Уларнинг шариатида намоздаги кишига гапириш ва намоз ўқиётган одам ҳам гапириши мумкин бўлган.Бизда бу каби нарсалар намозда мумкин эмас. Бизда намоз ўқиётган шахсни ота-онаси чақириб қолса, фарз намозни бузиб бўлмайди. Нафл намозни ота-она чақириб қолганда бузиш ёки бузмаслик ҳақида ҳанафий уламолардан Айний мумкин эмас деса, Ибн Обидийн мумкин дейди.