Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Тоғлар бўйнига олмаган юкни нега одамзод олган?

00:00 / 31.03.2007 | eski savollar | 3394

Ассалому алайкум ҳурматли Шайх ҳазратлари! Савол: Аллоҳ Таоло Қуръони Каримда айтадики: «тоғлар кўтармаган юкни одамзод бўйнига олди» дейди. Тоғлар кўтармаганининг сабаби нимада? Жавоб учун раҳмат!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ:

– Ва алайкум ассалом! Билиб билмай Қуръонда у деган, бу деган деб айтиш яхши эмас. Одам нима демоқчи эканини яхши англаш керак. Юк эмас, омонат.
Аллоҳ айтади:
«Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик. Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Уни инсон кўтарди. Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир».
«Омонат» сўзи «амана» феълининг масдари-»иш-ҳаракат номи бўлиб, «ишониб топширилган нарса» маъносини англатади. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таолонинг омонати, бирортага ишониб топшириладиган нарсаси борлиги тушунилади. Бу омонат нима эди, деган саволга уламоларимиз ушбу оятдан ва бошқа турли манбалардан келиб чиқиб: «Шариат таклифлари ва Аллоҳнинг фарзлари», деб жавоб берадилар. Бошқача қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз ҳақига, инсонларнинг ҳақига ва бошқа махлуқотларнинг ҳақларига боғлиқ амрларини, наҳийларини, кўрсатма-таълимотларини ва ҳукмларини ўз жойига қўйиш бўйича унинг ишонган вакили бўлиш таклифи, демакдир. Бу эса, ўз ихтиёри билан бўладиган нарсадир. Яъни, ўша таклифларни амалга оширадиганлар ўз ҳурриятига-хоҳласа, амал қилиб, хоҳламаса, қилмаслик ихтиёрига эга бўлади. Ушбу оятдан Аллоҳ таоло мазкур омонатни Ўзининг турли махлуқларига таклиф қилгани билинади.
«Албатта, Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғларга таклиф қилдик».
Аллоҳ таоло шариат таклифларини, фарзларини, Ўз амр ва наҳийларини қабул қилишни Ўзи яратган чексиз, мустаҳкам осмонларга таклиф қилган. Бепоён, турли мавжудотларни, махлуқотларни ўз ичига олган ерга таклиф қилган. Саботли ва сервиқор тоғларга таклиф қилган.
«Бас, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар».
Бу омонатни кўтариш шунчалик оғир эдики, ҳатто шундай улкан, пишиқ, қувватли ва умри узун осмонлар, замин ва тоғлар ҳам уни кўтаришдан қўрқдилар. Бу омонатни уддалаб, ўрнига қўя олишларига кўзлари етмади. Ихтиёрий бўлиб, омонатни бўйинларига олишнинг ўрнига, ихтиёрсиз бўлиб, доимий равишда ўзлари учун Аллоҳ таоло қўйган чегарадан қилча ҳам четга чиқмай юришни афзал кўрдилар.
«Уни инсон кўтарди».
У омонатни инсон кўтарди. Чексиз осмонлар кўтаришдан қўрққан омонатни уларнинг остида яшайдиган кичик зарра-инсон кўтарди. Улкан ва қадимий ер кўтаришдан қўрққан омонатни унинг устида яшаётган умри қисқа, кичик бир жонзот-инсон кўтарди. Салобат ва қувват рамзи бўлган тоғлар кўтаришдан қўрққан омонатни уларнинг орасида яшайдиган кўримсиз ва заиф бир махлуқ-инсон кўтарди.
«Дарҳақиқат, у ўта золим ва ўта жоҳилдир».
Дарҳақиқат, инсон жинси (ҳамма эмас, албатта) ўта золимдир. Ўзига юклатилган ва ўзи қабул қилган омонатга мувофиқ иш юритмасдан ўзига ўзи зулм қилади.
Инсон жинси ўта жоҳилдир, шунинг учун ўзи рози бўлиб, қабул қилиб олган омонатнинг улканлигини билмасдан, унга хиёнат қилади. Инсон зулм қилавермасдан, ўзига юклатилган омонатни адо этсин. Инсон жоҳил бўлавермасдан, ўзига юклатилган омонатнинг қанчалик нозик эканини тушуниб етсин. Ахир, унга осмонлар, ер ва тоғлар кўтаришдан қўрққан омонат юклатилган-а!

Топ рейтинг www.uz Openstat