Ҳурматли устоз! Бир жойда таҳоратнинг фарз ва суннатларидаги уч марта ювишни кўпайтириш, яъни аъзоларни уч мартадан кўп ювиш яxши эмаслигига далолат қилувчи ҳадисни эшитдим. Шундай ҳадис саҳиҳ китобларда келганми? Мен таҳоратим мукаммал бўлишига тўла ишонч ҳосил қилгунча юз, қўл, оёқларни 3 мартадан кўп ювиб келардим. Бу ишим xатоми?
Бу ҳукм Расулуллоҳ алайҳиссаломдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисдан олинган:
جَاءَ أَعْرَابِيٌّ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَسْأَلُهُ عَنِ الْوُضُوءِ، فَأَرَاهُ ثَلَاثًا ثَلَاثًا، ثُمَّ قَالَ: «هَكَذَا الْوُضُوءُ، فَمَنْ زَادَ عَلَى هَذَا فَقَدْ أَسَاءَ وَتَعَدَّى وَظَلَمَ». رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَأَبُو دَاوُدَ
«Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига таҳорат ҳақида сўраб келди. Унга уч марта-уч мартадан кўрсатдилар. Сўнгра: «Таҳорат мана шундай, ким бундан зиёда қилса, батаҳқиқ, ёмон қилибди, ҳаддан ошибди ва зулм қилибди», дедилар».
Насоий, Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Яъни, таҳорат мана шу мен кўрсатгандек, бундан зиёдаси мумкин эмас, ким зиёда қилиб, уч мартадан ошириб юборса, ёмон иш қилган, шариатнинг чегарасидан чиққан ва ўзига зулм қилган бўлади, дедилар.
Бундан таҳоратда аъзоларни уч мартадан ортиқ ювмаслик кераклиги келиб чиқади.
Валлоҳу аълам.