Ассалому алайкум, Устоз. Тарихда бўлиб ўтган «Ҳарра воқеаси» ҳақида интернетдан қидириб кўрдим, айтарли маълумот топа олмадим, шунинг учун сиздан сўрашга қарор қилдим. Нотўғри савол берган бўлсам, узр сўрайман, жавобингиз учун олдиндан раҳмат.
Ислом дини йўлида қилаётган ишларингизни Аллоҳ Ўз даргоҳида қабул қилсин. Қиёматда ажру савоблар билан қарши олсин. Устоз, бизларни, ота-онамиз, аҳлимиз, фарзандларимизни дуо қилинг.
- Ва алайкум ассалом! Ҳарра воқеаси ҳижрий 63 йилда бўлиб ўтган. Ҳарра – Мадинаи Мунавваранинг ташқарисидаги қора тошли жойнинг номидир. Ўша вақтдаги халифа Язид ибн Муовия ўз қабиладошлари – Бану Умайя одамларини Мадина аҳолиси қамал қилиб олганларини эшитганидан кейин уларга қарши аскар юборишга қарор қилди. Бир неча аскарбоши у томон боришдан бош тортдилар. Охири Муслим ибн Уқба деган одам рози бўлди ва лашкарлари билан Мадина томон юрди. У Мадинага яқинлашиб қолганда Бану Умайяликларнинг шаҳардан чиқиб келаётганларини кўрди. Улардан йўл сўраган эди, жавоб бермадилар. Чунки шаҳар аҳолисига уларга қарши ёрдам бермасликка аҳд беришган эди. Муслимнинг аччиғи чиқиб, ўзи йўл топиб борди. У Ҳаррада жанг қилишга қарор қилди. Зулҳижжа ойининг охирги икки куни қолганда, чоршанба куни машъум жанг бошланди.
Аввал Муслим ибн Уқбанинг одамлари устун келдилар. Кейин мадиналиклар ғолиб кела бошлашди. Шунда Муслим одамларига қаттиқ топшириқлар берди ва уларни қайтадан тартибга солди. У кўрган чоралар фойда берди ва лашкари ғолиб кела бошлади. Мадиналикларнинг бошлиғи Абдулла ибн Ҳанзала ҳалок бўлди. Мадиналиклар енгилдилар. Бу машъум урушда саҳобалардан қолганларидан кўпчилик ва катта саҳобаларнинг фарзандларидан жуда кўпчилик ҳалок бўлдилар. Қурайш ва ансорлардан уч юз олти киши ҳамда қорилардан етти юз киши ҳалок бўлди. Бу жанг Ҳазрати Усмон даврларидаги фитнадан кейинги, иккинчи фитна деб аталди.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077