Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ҳалол ва ҳаром таомлар умумий тайёрланадиган овқатланиш жойлари

17:47 / 13.07.2018 | Akmal | 2894
Ассалому алайкум! Айни дамда ўқиш юзасидан икки ҳафталик таълим дастури доирасида Москва шаҳридамиз. Бизнинг гуруҳимиз 30 кишидан иборат. Шуни инобатга олган ҳолда бизларни бир бинога, биз келиб ўрнашган ҳудуддаги маҳаллий меҳмонхоналардан бирига жойлаштиришди. Бизлар жойлашган меҳмонхонанинг таомланиш хонасида барчамиз учун 3 маҳал умумий овқат тайёрланади. Гарчи ошхона ходимлари бизларнинг таомларимиз ҳалол маҳсулотлардан тайёрланаётганлигини, ҳеч қандай ҳаром, хусусан, чўчқа ёғи, гўшти ва бошқалардан фойдаланилмаётганлигини таъкидлаган бўлсалар-да, у ерда бошқа мижозлар учун чўчқа гўштидан ҳам таом тайёрланар экан. Дастлаб бу ҳақда билмагандик, эътибор ҳам бермагандик. Бу тўғрида хабардор бўлгач эса ичимни бир титроқ босди. Агар улар икки хил таом, ҳалоли ва ҳароми учун ҳам битта ошхона анжоми (чўмич, капгир, пичоқ) дан фойдаланаётган бўлсачи? Унда бизларнинг таомларимизга ҳам ҳаром аралашиб қолган бўлади-ку? Бизлар эса бир ҳафтадан бери шу ерда бошқалар қатори овқат ланиб юрибмиз. Гуруҳумиз етакчисининг дини бошқа бўлгани учун унга бу ҳақда гапиришдан наф йўқ. Ошхона ходимлари эса “сизларга ҳалол маҳсулотлардан таом тайёрланаябди”, дейишдан нарига ўтмайди. Бизлар сафаримизнинг ҳамма харажатлари тўлаб берилиши айтилганлиги сабабли ўзимиз билан кўп пул олиб келмагандик. Уч маҳал кўчада таомланишга имкониятимиз етмайди. Меҳмонхонада эса овқат тайёрлашга шароит йўқ. Бу ҳолатда қандай йўл тутишимиз керак? Агар ҳаромнинг эҳтимоли бор десангиз таомларидан бутунлай четлашаман. Бироқ ўтган бир ҳафта давомида еган луқмаларимнинг ҳукми қандай бўлади?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! 

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ اللهَ وَضَعَ عَنْ أُمَّتِي الْخَطَأَ وَالنِّسْيَانَ وَمَا اسْتُكْرِهُوا عَلَيْهِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ  

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани кечиргандир», дедилар».
Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига Аллоҳ таоло томонидан бўлган улкан марҳамат ҳақида сўз кетмоқда. Яъни, мусулмон киши беихтиёр содир этган гуноҳлари учун жавобгар бўлмаслиги баён этилмоқда. Бу ҳадис ўзида улкан маънони мужассам қилгандир. Инсоннинг ҳақиқий айбдор ёки айбдор эмаслигини аниқлашдаги катта ва асл қоидани баён этмоқда. Фуқаҳоларимиз ушбу ҳадиси шарифдан фиқҳий ҳукмларни ишлаб чиқишда кенг фойдаланганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида Аллоҳ таоло у зотнинг умматларидан уч нарсани кечиб юборганлиги ҳақида баён бермоқдалар.
1. Хато, яъни бир нарсани билмасдан қилиб қўйиш. Мисол учун, бир ишни қилса бўлади, деб тушунган ҳолда қилади, кейин шариатда ман қилинганлиги аён бўлади. Шунингдек, бир ният билан қилса, натижа аксинча чиқади. Мисол учун, овлаш мақсадида ҳайвонга отган ўқи одамга тегиб кетиши мумкин. Бунга ўхшаш ҳолатларда инсон хато қилган бўлади. Унинг хатоси кечирилади. Чунки бу нарса унинг ихтиёридан ташқари содир бўлди. Содир этилган хато Аллоҳнинг ҳаққи бўлса, бутунлай кечиб юборилади. Банданинг ҳаққи бўлса, енгиллашади. Масалан, инсон бир кишини хато туфайли ўлдирган бўлса, олдинги мисолда айтилганидек, ҳайвонга отган ўқи одамга тегиб кетса, қасос учун ўқни отган киши ўлдирилмайди, балки у ўган киши учун хун тўлайди.
2. Унутиш, яъни ёдидан кўтарилиб, тақиқланган ишни қилиб қўйиш. Мисол учун, фалон ишни қилмайман, деб қасам ичсаю, қасамини унутиб, ўша ишни қилиб қўйса, гуноҳ бўлмайди. Хато ва унутиш туфайли моддий зарар етказилса, тўланади. Бир амал унутиш туфайли бажарилмаган бўлса, эслаган заҳоти дарҳол уни бажариш лозим бўлади. Мисол учун, биров намозни унутиб қўйган бўлса, эслаши билан дарҳол ўқиб олади.
3. «Мажбур қилинган нарса», яъни бир одамни бошқалар куч билан мажбуран гуноҳ ишни қилдирса, мажбурланган одамга гуноҳ бўлмайди. Мажбур қилувчилар эса гуноҳкор бўладилар. Мажбур қилиб рўзасини очдириш, намоз ўқитмаслик, динга қарши гапларни айтдириш ва бошқалар бунга мисол бўлади.
Шу билан бирга, мажбурлаш мажбур қилинаётган одамнинг жонига ёки бирор аъзосига таҳдид солиши шарт. Бундан паст даражадаги мажбурлаш гуноҳ ишни қилаверишга йўл очмайди. Ойлик маошининг камайиши ёки ишдан бўшатилиши ва шунга ўхшаш нарсалар узр ҳисобланмайди. Фақат ўлим хавфи ёки танасидаги аъзоларидан бирининг йўқ бўлиши, майиб бўлиши каби хавфларгина шаръий эътибордаги мажбурлаш ҳисобланади.
Буларга қўшимча равишда, баъзи ҳадисларда ухлаб қолиш ҳам узр ҳисобланган. Яъни бир киши ухлаб қолиб, намоз вақтини ўтказиб юборса, уйғонган заҳоти ўқиб олади.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Исломнинг осонлик дини эканлиги.
2. Хато билан содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.
3. Унутиш туфайли содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.
4. Мажбурлаш ила содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.
Бу нарсаларнинг ҳаммаси Аллоҳ томонидан мусулмонлар учун улкан марҳаматдир. Агар Аллоҳ таоло мазкур ҳолатларда ҳам гуноҳни ҳисобга олишни хоҳласа, ҳаққи бор эди. Аммо бандаларига оғирликни хоҳламаганидан кечиб юборди. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat