Ассалому алайкум! Юртимизга импорт бўлиб келадиган товарлар мажбурий сертификатсия қилиниши керак. Бироқ биз яъни корхонамиз раҳбари талаби билан у товарларни сифатини кўрмаймиз, физик ва механик ҳоссаларини, сув ютиш фоизларини ва бошқа сифат кўрсатгичларини аниқламаймиз. Хаттоки маҳсулотни ҳам кўрмаймиз, божхона омборига келган товарлардан намуналарни олмасдан ҳудди иш қилингандай қилиб сертификат ва протокол берамиз. Қилмаган синовларимиз учун ҳисоб китоб қиламиз. Илтимос бу ишимиз харом ёки ҳалоллиги ҳақида батафсил жавоб берсангиз (Қуръон оятлари ва ҳадислар билан. Шояд инсофга киришса). Агар харом бўлса гуноҳ директор зиммасида бўладими?
– Ва алайкум ассалом! Ушбу ҳолатда бир қанча шариатга зид ишлар бор:
1). Ёлғон. Маҳсулотни текширувдан ўтказишда қусурга йўл қўйиб, ёки умуман текширмасдан, қилмаган ишни “қилдик” деб, ўзи аниқ билмаган нарса ҳақида жазм билан хабар бериш шариатимиз қайтарган ёлғон гувоҳлик остига киради. Қуръони карим оятларида ҳам, ҳадиси шарифларда ҳам бундан қаттиқ қайтарилган.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Ёлғон гувоҳлик бериш уч маротаба Аллоҳга ширк келтиришга тенглаштирилган», дедилар-да, кейин: «Бут-санамлардан иборат нопокликдан узоқ бўлингиз, ёлғон сўз-гувоҳликдан узоқ бўлингиз», оятини тиловат қилдилар. Табароний ривояти
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سُئِلَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الْكَبَائِرِ، قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَقَتْلُ النَّفْسِ، وَشَهَادَةُ الزُّورِ». تَابَعَهُ غُنْدَرٌ وَأَبُو عَامِرٍ وَبَهْزٌ وَعَبْدُ الصَّمَدِ عَنْ شُعْبَةَ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан катта гуноҳлар ҳақида сўрашди. У зот: «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, одам ўлдириш ва ёлғон гувоҳлик бериш», дедилар».
عَنْ عَبْدِ الرَّحْمَنِ بْنِ أَبِي بَكْرَةَ، عَنْ أَبِيهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟» قُلْنَا: بَلَى يَا رَسُولَ اللهِ. قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ». وَكَانَ مُتَّكِئًا فَجَلَسَ فَقَالَ: «أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِ وَشَهَادَةُ الزُّورِ، أَلَا وَقَوْلُ الزُّورِ وَشَهَادَةُ الزُّورِ». فَمَا زَالَ يَقُولُهَا حَتَّى قُلْتُ: لَا يَسْكُتُ
Абдурраҳмон ибн Абу Бакра отаси розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳой! Сизларга кабираларнинг энг каттасини маълум қилайми?» дедилар. «Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули» дедик. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш», дедилар. У зот суяниб ўтирган эдилар, ўтирдилар-да: «Ҳой, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам! Ҳой, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бериш ҳам!» дедилар. У зот буни айтавердилар, ҳатто тўхтамасалар керак, деб қолдим». ("Олтин силсила" китобидан "Саҳиҳул Бухорий").
Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлар ростгўйликни лозим тутинглар, чунки ростгўйлик яхшиликка бошлайди. Яхшилик эса жаннатга бошлайди. Киши рост гапираверса ва ростгўйликни исташда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида «сиддиқлардан» деб ёзилади.
Сизлар ёлғондан ҳазир бўлинглар, чунки ёлғон фужурга бошлайди. Фужур эса дўзахга бошлайди. Киши ёлғон гапираверса ва ёлғончиликни исташда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида «каззоблардан» деб ёзилади», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривояти.
2). Хоинлик.
Зиммасига юклатилган вазифаларни бажармаслик, бу ўша ишонган тарафга хоинлик қилишдир. Агар вазифасини бажаришни истамаса уни омонатдор кишиларга бўшатиб қўйиш лозим.
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَخُونُواْ اللّهَ وَالرَّسُولَ وَتَخُونُواْ أَمَانَاتِكُمْ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ
«Эй, иймон келтирганлар, билиб туриб, Аллоҳга, Пайғамбарга ва омонатларингизга хиёнат қилманг». Анфол сураси 27-оят
عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: ثَلاَثٌ إِذَا كُنَّ فِي الرَّجُلِ فَهُوَ الْمُنَافِقُ الْخَالِصُ إِنْ حَدَّثَ كَذَبَ وَإِنْ وَعَدَ أَخْلَفَ وَإِنْ اؤْتُمِنَ خَانَ وَمَنْ كَانَتْ فِيهِ خَصْلَةٌ مِنْهُنَّ لَمْ يَزَلْ يَعْنِي فِيهِ خَصْلَةٌ مِنْ النِّفَاقِ حَتَّى يَدَعَهَا. رَوَاهُ أَحْمَدُ.
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:
«Уч нарса қай кишида бўлса, холис мунофиқ бўлур: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, омонат ишонилса, хиёнат қилади. Кимда шу хислатлардан биттаси бўлса, уни тарк қилгунича нифоқдан битта хислати бўлади». Имом Аҳмад ривояти
3). Ўзгалар молини ботил йўл билан ейиш.
Юклатилган вазифани бажармай туриб, уни бажардик деб даъво қилиш ва бу учун ҳақ талаб қилиш ҳар қандай соғлом ақл инкор қиладиган қабоҳатдир. Бундай ботил йўл билан топилган пул қандай қилиб ҳалол бўлсин? Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ
«Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг» (29-оят).
Агар ушбу соҳадаги текширувлар кераксиз, ортиқча, самарасиз, мусулмонларга манфаатсиз деб ҳисобласангиз қилмаган ишни қилдик, деб сохта ҳужжат қилиб юрмасдан, ҳолатни ислоҳ қилиш учун раҳбарларга мурожаат қилиш лозим. Валлоҳу аълам!