- Ва алайкум ассалом! Қўлингиздан келгани кўзингизни тийиш. Бу оддий ишга ўхшайди, аслида эса унинг савоби ниҳоят даражада улкан. Чунки қараш ҳаром, гуноҳи кабира, ўша ишдан кўзни тийиш савобли ишни қилгандан кўра даражаси юқори бўлади.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинди: «Аллоҳ таоло деди: (харом қилинган) назар иблиснинг заҳарли ўқларидан биридир. Кимки мендан қўрқиб уни тарк қилса уни шундай бир иймонга алмашиб қўяманки, унинг ҳаловатини қалбида ҳис қилади». (Тобароний. Хоким)
Абу Умома розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинди: «Қайси бир муслим (бегона) аёлнинг авратига назар қилиб, сўнгра Аллоҳнинг ғазабидан қўрққан ҳолда ундан кўзини олиб қочса Аллоҳ унга шундай ибодат берадики унинг лаззатини қалбида ҳис қилади». (Аҳмад. Байҳақий)
Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: «У киши айтди: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан беихтиёр, тўсатдан содир бўлган назар хақида сўрадим. Ул зот жавоб бердилар: Кўзингни олиб қоч. Давом этма» (Муслим).
Бурайда розияллоҳу анҳудан марфуъан ривоят қилинди: «Ҳой Али биринчи назарга иккинчисини эргаштирма. Чунки биринчиси сен учун (Яни беихтиёр бўлгани учун унга жавобгар эмассан) иккинчиси эса сени зиёнинггадир» (Абу Довуд. Термизий).
Аллоҳ таоло “Мунаафиқун” сурасида марҳамат қилади:
وَإِذَا رَأَيْتَهُمْ تُعْجِبُكَ أَجْسَامُهُمْ وَإِن يَقُولُوا تَسْمَعْ لِقَوْلِهِمْ كَأَنَّهُمْ خُشُبٌ مُّسَنَّدَةٌ يَحْسَبُونَ كُلَّ صَيْحَةٍ عَلَيْهِمْ هُمُ الْعَدُوُّ فَاحْذَرْهُمْ قَاتَلَهُمُ اللَّهُ أَنَّى يُؤْفَكُونَ
4. Ва қачон уларни кўрсанг, жисмлари сени ажаблантирур ва агар гапирсалар, гапларига қулоқ осарсан. Улар худди суяб қўйилган ходага ўхшарлар. Ҳар қичқириқни ўз зиддиларига ҳисобларлар. Улар душмандирлар, улардан ҳазир бўл! Аллоҳ уларни лаънатласин! Қаёққа ўгирилиб кетмоқдалар?! Валлоҳу аълам!