Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳу! Муҳтарам устоз, сизга муҳим масалада савол билан мурожаат қилмоқдаман. Айрим ҳанафий мазҳаби китобларида: «Тишларига тилладан қоплама қилдирган кишининг ғусли саҳиҳ эмас», дейилган экан. «Ҳанафий мазҳабида оғизни ювиш фарз бўлганлиги учун тишлар ҳам покланиши лозим. Тишлардаги тўсиқ сувни тишларга етишидан тўсганлиги учун ундай кишининг қилган ғусли саҳиҳ эмас. Ундай кишининг имомлиги ҳам дуруст эмас», дейилган. «Саодати абадия. Том илми ҳол» китобида мазкур масалада узундан-узоқ баҳс юритилган экан. Унда мазмунан айтилишича, тишига пломба қўйдирган ҳанафий ғусл чоғида қалби билан шофеъий ва моликий мазҳабларига кўра ғусл, таҳорат қилишни ният қилади. Шундай ҳараж пайтида бошқа мазҳабга тақлид қилиш жоиздир. Ҳанафий олимларининг барчасининг иттифоқ қилишларича, тишига пломба қўйдирган кишининг ғусли саҳиҳ эмасдир. Ундай киши шофеъий ва моликий мазҳабларига кўра ғусл қилади. Чунки бу икки мазҳабга кўра ғуслда оғизни поклаш фарз эмас, суннатдир.
Имом Раббоний (р.а) «Мактубот»нинг 22-мактубида шундай тушунтиради:
«Дуррулмухтор»да намоз вақтлари тушунтирилганда, унинг охирида айтадики: «Зарурат замонида бошқа мазҳабга тақлид қилинади». Ибн Обидийн ҳам бу ҳолларни тушунтиришда дейдики: «Бу ерда икки қавлдан бири билдирилгандир. Иккинчи қавлга кўра, зарурат бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, ҳараж кучли бўлганда бошқа уч мазҳабдан бирига тақлид қилинади. Мухтор бўлгани ҳам шудир. Қилинишда қийинчилик бўлганда, ўз мазҳаби енгиллик берса ёки қилинишини афв этса, бошқа мазҳабга тақлид этишга ўрин қолмайди».
Муҳтарам устоз, мазкур масалада ҳанафий мазҳабининг бирор китобида енгиллик томони кўрсатилганми? Мен ҳам ибодатда бўлмаган чоғимда олдинги тишларимнинг сал нотўғри ўсганлиги сабабли тилла суви юритилган металлдан қоплатганман. Менинг қилган ғуслларим, шунча вақт шу таҳорат билан ўқиган намозларим энди нима бўлади? Шу масалаларни ўқиганимдан бери безовтаман. Сиздан илтимос, менга йўл-йўриқ кўрсатинг. Ҳурмат ва эҳтиром билан ғойибона талабангиз Умиджон Турсинов, Наманган вилояти, Чуст шаҳри.
– Ва алайкум ассалом! Пломба ва сунъий тиш тўғрисидаги сиз ёзган гаплар ассосиз. Уламолар бу ишларнинг соғлик учун қилинишига рухсат берганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида ҳам бўлган.
ТИШГА ПЛОМБА ҚЎЙИШ
Баъзи кишилар «Пломба таҳорат ва ғуслга монелик қилади, шунинг учун ҳаром, мутлақо мумкин эмас», деган гапни тарқатишмоқда. Ҳатто «Ўликларнинг тилла қоплама тишлари бўлса, ўлгандан кейин бўлса ҳам кўчириб ташлаб, кейин ғусл қилдириш керак», деган гапларни такрор ва такрор айтмоқдалар. Ўз шогирдларига, мабодо олдинги қўйдирган қоплама тишлари бўлса, уларни ҳам олдириб, тишлар сарғайган ва емирилган ҳолда юргани афзал эканлигини таъкидлашдан чарчамаяптилар. Буларнинг ҳужжатсиз ва далилсиз айтадиган бирдан-бир гаплари айнан таҳорат ва ғусл пайтида касал тишга сув етмай қолишидир.
Лекин Ислом шариати кишиларнинг дардини зиёда қилиш ёки уни муолажа қилишни ман этиш учун Аллоҳ таоло тарафидан нозил қилинган дин эмаслигини мазкур азизларимиз унутиб қўядилар. Ўтган уламоларнинг бу масаладаги ижтиҳодларига ва ёзган китобларига мурожаат қилмайдилар.
Балки шу қаттиқ тутиш, худбинлик асосидаги гапларни ўзлари учун фахр деб биладилар ва бунга ҳамма амал қилиши лозим, дея даъво қиладилар. Бу кишиларнинг гапларига кирмасдан, аввалги мужтаҳидларнинг гапини олган, Ислом руҳидан келиб чиқиб, ҳадислардан, саҳобалар амалидан ўрнак олган, соғлиғи учун қайғуриб, тишини даволатиб, яхши бир ҳолатда юрган кишиларни маломат қиладилар.
Тишларга пломба, қоплама, хусусан тилла қоплама қўйдириш муолажаси қадимдан қилиб келинаётган ишдир. Бунга фатволар, ҳадислар, ривоятлар бор. Тишга пломба ёки қоплама қўйдираётганда ғусл ва таҳорат билан қўйдирса, бу нарса худди бошқа аъзолардаги яра ёки шунга ўхшаш жароҳатларнинг устини боғлаб қўйганлик ҳукмига ўтади. Буни шариатда «жабира» дейилади. Мана шу нарса бўлса, ғусл ва таҳорат пайтида у ерга сув тегиши шарт бўлмай қолади. Шу қопланган нарсанинг устига теккан сув унинг ҳам покланишига олиб келади.
Бунинг мумкин эканлигига ҳадислардан, ривоятлардан очиқ-ойдин далиллар келтирамиз. Яна айтиб қўйишимиз керакки, бунга ҳамма фуқаҳолар иттифоқ қилган ва барча китобларда бу ишнинг жоизлиги айтилган. Аммо «Бу иш мумкин эмас», деган китобни ҳозирча кўрганимиз йўқ.
Энди далилларга келсак, Ислом оламида олтита саҳиҳ ҳадис китоби деб тан олинган олти китобнинг учтасида бу ҳақда ривоятлар келган. Ана шу ривоятларни буюк имомларимиздан Абу Довуд ас-Сижистоний ва Имом Шуайб Насоий ва Имом Абу Ийсо Термизий ўз китобларида келтирганлар.
Абдурраҳмон ибн Торфа деган кишидан ривоят қилинади. У кишининг боболари ал-Жаҳфа ибн Асъад розияллоҳу анҳунинг Килоб уруши куни бурунлари кесилди. У киши эса ўзларига кумушдан бурун қилиб олдилар. Лекин у фойда бермасдан, сасиб кетди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига тилладан бурун қилиб олишни амр қилдилар. У киши эса тилладан бурун қилиб олди.
Мана шу ал-Жаҳфа ибн Асъад розияллоҳу анҳунинг ҳолатлари бошқа тарафларга қиёс қилинади. Тилла одамнинг баданига тўғри таъсир қилиб, шифобахш хусусияти бор экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бу нарса Аллоҳ таоло тарафидан билдирилган. Мазкур саҳобий тилладан бурун қилиб олганларидан кейин яралари битиб, ана шу тилла билан таҳорат ва ғусл қилиб юрганликлари ривоят қилинган.
Дардга малҳам бўлиш динимизнинг асосий мақсадларидан биридир. Тишнинг емирилиши ҳам оғир дардлардан биридир. Шу боис ҳавас учун эмас, дардига малҳам топиш мақсадида тишни қаратиш ва қоплама қўйдиришга рухсат берилган.
Имом Табароний розияллоҳу анҳу ва Имом Зайлаъий ўз китобларида улуғ саҳобий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг тилладан тиш қоплатганларини келтиришган. Умар розияллоҳу анҳунинг бу қилган ишлари ҳам далил бўла олади.
Шунингдек, иккинчи бир буюк саҳобий Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳам ўзларига тилла тиш қоплатган эканлар.
Яна улуғ саҳобалардан Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида 10 йил туриб, у зотнинг ҳар бир қилган ишларини ва ҳар бир айтган сўзларини синчковлик билан ўрганган, ўзлари таълим олган нарсаларни кейин бутун Ислом оламига ривоят қилган Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам тилла тиш қўйдирган эканлар.
Мана шу айтилган нарсаларнинг улуғ саҳобийлар томонидан бажарилгани уни қилиш жоиз эканига очиқ-ойдин далилдир.
Фақат мана шу пломба ёки қопламалар қўйилаётган пайтда таҳоратли ва ғуслли бўлиш лозимдир.
Бу ҳукмларни билмасдан олдин таҳоратсиз ҳолда пломба ёки қоплама қўйдирган кишилар узрли ҳисобланади ва уларни бошқатдан қўйиш ҳам шарт эмас.
Аслида тишга пломба ёки қоплама қўйилаётган вақтда ўша тишлар обдан тозаланиб, кейин қоплама ёки пломба қўйилади ва бу нарсалар ўша тишга зич ёпишиб туради, яъни мазкур тишнинг кейинчалик ифлосланмаслигини таъминлайди.
Шундай экан, пломба ёки қоплама остидаги тишни ювиб тозалаш керак, деган гап мутлақо ортиқча.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077