- Ва алайкум ассалом! Ашраф Алий Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Ҳаждан келган бир кишининг зиёратига кирдик. Шунда у хизматчисига :“Аввалги сафар олиб келган зам-замдан олиб чиқ” деди. Аслида аввалги, кейинги келган зам-замнинг таъмида ҳеч қандай фарқи бўлмайди. У киши бу гаплари билан мен икки марта ҳажга борганман деб фахрланмоқчи бўлди. Бечора бундай гаплар билан амали хабата бўлишини билганида эди” деганлар. Шайх Саъдий Шеърозий раҳматуллоҳи алайҳ : “Бир кун карвонсаройда қолдик. Отам билан мен кечаси билан намоз ўқиб чиқдик. Ҳамроҳларимиз эса субҳигача ухладилар. Шунда мен : “Уларни ҳам туни ўтди, бизнинг ҳам тунимиз ўтди. Биз ибодат қилдик улар қилмади” деган эдим отам : “Ҳай болам-а, улар ухлаб роҳат олишди, сен эса уйқудан ҳам қолдинг, ибодатнинг савобидан ҳам маҳрум бўлдинг” дедилар” деди. Ҳаким Ахтар раҳматуллоҳи алайҳ : “Ибодат буғдой экинига ўхшайди, уни экиб, йиғиб, териб олиш бир машаққат бўлса сичқон-каламушга едирмай сақлаб олиш ҳам бир машаққат. Яъни инсон бир ибодатни қилиш учун вақт сарфлайди, ҳаражат қилади, меҳнат қилади, уни адо қилгач савобини сақлаб қолиш ҳам бир машаққатдир. Риё, хўжа кўрсин, хўжа эшитсин, миннат қилиш, у ибодатни қилолмаганларни ҳақир санаш ва ҳоказолар ибодатнинг савобини ҳабата қилиб юборади” деганлар. Валлоҳу аълам!