Тўй қилаётган киши уйланаётганда яқинларини чақириб меҳмон қилиб қўйиш ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинади. Аммо мусийбат келган хонадонда маҳалладагиларни, яқинларини чақириб меҳмон қилиб дастурхон тузашлиги суннатда келганми?
Мусийбат кўрган одам ҳикоя қилади: «Бувим раҳматлик оламдан ўтганда анча қарзга ботиб қолдик. Маросимларини ўтказиш учун қарз олдим. Ўзимда пул йўқ эди, ойлигим эса оз, уни ҳам 4, 5 ойда беришади. Бу нарсани қилмаса бўлмайди, сабаб бутун маҳалла аҳли ўлим бўлса мусийбат бўлса маросим қилиб беради. Биз ҳам у маросимларда иштирок этганмиз. Биз ҳам еганмиз уларни дастурхонларидан. Бу нарсани қилиб бермасам бўйнимда қарз бўлиб қоламан. Хуллас, бу маросим занжир каби бўлиб уланиб кетган, қарзга ўхшаб қолган. Бу нарсани Ислом қандай қабул қилади? Мусийбат келганда маросим қилиб бериш суннатми, вожибми, фарзми, мустаҳабми? Қайси амалга киради?
Ассалому алайкум! Мотам муносабати ила маросим қилишни араб тилида «Вазийма» дейилади. Бу маросим фарз ҳам, вожиб ҳам, суннат ҳам эмас. Аксинча, уни сиз айтган каби қарз олиб қилиш мутлақо мумкин эмас.
-Бу каби маросимларни ўзидан оширганда, кун – ой санамай кўнгли истаганда, тирикларнинг ризқини қиймайдиган бўлганда, исрофдан четланган ҳолда бидъат ва хурофотни аралаштирмай, риёкорликдан қочиб, бева – бечора, муҳтожлар ва дуосидан умидвор кишиларга қилса жоиз. Яна қайтариб айтамиз, бу ўзига тўқ ва бой кишилар учундир.
-Динимиздаги таом улашиладиган маросимлар асосан мухтожларга яхшилик қилиш учун жорий қилинган. Одамларни муҳтож ҳолга солиб қўйиш учун эмас.-Мўмин-мусулмон киши одамларнинг гапига қараб эмас, шариат ҳукмига қараб амал қилиш керак.
-Ўтганларни йўқлашнинг энг кучли услуби уларнинг ҳаққига дуо қилишдир. Қарз олиб ош улашишнинг ўрнига ўзлари дуо қилиб туришлари минг марта афзал.
-Одамларимиз кўзларини очишлари керак. Билмасалар, билганлардан сўрашлари лозим. Савоб иш қиламан деб, гуноҳга бориб қолмасликлари лозим.