- Ва алайкум ассалом! Ҳеч нарса Аллоҳнинг изнисиз бўлмайди. Аллоҳ берган дардларни дардларидан зирапча кириш ҳам савобсиз қолмайди.
عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: إِنَّ اللهَ تَعَالَى قَالَ: إِذَا ابْتَلَيْتُ عَبْدِي بِحَبِيبَتَيْهِ فَصَبَرَ عَوَّضْتُهُ مِنْهُمَا الْجَنَّةَ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ هُنَا وَالتِّرْمِذِيُّ فِي الزُّهْدِ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Албатта, Аллоҳ таоло «Қачонки бандамни икки суюклиси ила мубтало қилганимда у сабр қилса, иккисининг эвазига унга жаннатни берурман», дейди», деганларини эшитдим».
Икки шайх бу ерда, Термизий эса «Зуҳд»да ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдаги «икки суюклиси»дан мурод инсоннинг икки кўзидир. Албатта, икки кўздан ажраш ёки умуман, икки кўзи кўрмайдиган бўлиб туғилиш ҳар қандай банда учун оғир мусибатдир. Шунинг учун ҳам бу оғир мусибатга сабр қилган бандага улкан мукофот – жаннат ваъда қилинмоқда. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан).
Икки кўздан маҳрум бўлиш инсон учун оғир, аммо тақдирга рози бўлиб, сабр қилиб ва савобини умид қилиб жаннатга эга бўлиш жуда ҳам арзон савдо бўлади. Сиз тузалиш сабабларини ҳам қилинг, шу билан бирга дуоларда ҳам астойдил бўлинг. Валлоҳу аълам!