- Ва алайкум ассалом! Тўнғизнинг гўшти ҳаром бўлганидек ҳамма аъзоси ҳам ҳаромдир. Ҳатто териси ҳам, юнги ҳам. Унинг бирорта нарсасининг истеъмоли жоиз эмас. Қолган гўшти ейилмайдиган ҳайвонларни эса териси ошланганда пок бўлади. "Кифоя" китобида қуйидагича келади:
ТЕРИНИ ОШЛАШ ҲУКМЛАРИ
Ҳар бир ошланмаган тери ошланса, пок бўлади. Фақат чўчқа ва одамнинг териси бундан мустасно.
Бунда ошлашнинг барча турлари кўзда тутилган. Нима қилса ҳам терининг қўланса ҳидини оладиган ва уни бузилишдан сақлайдиган нарса бўлса, кифоя. Бунинг энг ози туз сепишдир.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ إِذَا دُبِغَ الْإِهَابُ فَقَدْ طَهُرَ وَفِي رِوَايَةٍ أَيُّمَا إِهَابٍ دُبِغَ فَقَدْ طَهُرَ رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«У киши: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ошланмаган тери ошланса, батаҳқиқ, пок бўлур», деганларини эшитганман», деган».
Бошқа бир ривоятда:
«Қайси бир ошланмаган тери ошланса, батаҳқиқ, пок бўлур», дейилган.
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Демак, тери ошлаш билан пок бўлар экан. Ошлаб, пок қилиб олгандан кейин ундан турли мақсадларда фойдаланса бўлаверади.
Фақат ҳурмати юзасидан одамнинг териси ва асли нажас бўлгани учун чўчқанинг териси бундан истисно қилинган.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَجَدَ شَاةً مَيْتَةً أُعْطِيَتْهَا مَوْلَاةٌ لِمَيْمُونَةَ مِنَ الصَّدَقَةِ، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ هَلَّا انْتَفَعْتُمْ بِجِلْدِهَا قَالُوا إِنَّهَا مَيْتَةٌ، فَقَالَ إِنَّمَا حَرُمَ أَكْلُهَا رَوَاهُ الْخَمْسَةُ
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маймунанинг озод қилган чўрисига садақадан берилган қўйнинг ўлигини кўрдилар ва:
«Бунинг терисидан фойдалансангиз-чи!» дедилар. Улар:
«Бу ҳаром ўлган», дейишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни ейиш ҳаром, холос», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган. Валлоҳу аълам!