Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Тарбия ҳақида

15:25 / 16.11.2018 | 29041995m | 11794
Ассалому алайкум! Қизбола фарзанд туғулганда унга Аллоҳ тарафидан фаросат, ибо ва хаё каби хислатлар бериладими ёки қиз фарзанднинг онаси ва бошқа яқин инсонлари тарафдан бундай одоб ахлоқ ва фаросат қоидалари ўргатиб тарбия қилинадими?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! 

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ مَوْلُودٍ إِلَّا يُولَدُ عَلَى الْفِطْرَةِ فَأَبَوَاهُ يُهَوِّدَانِهِ أَوْ يُنَصِّرَانِهِ أَوْ يُمَجِّسَانِهِ كَمَا تُنْتَجُ الْبَهِيمَةُ بَهِيمَةً جَمْعَاءَ هَلْ تُحِسُّونَ فِيهَا مِنْ جَدْعَاءَ. ثُمَّ يَقُولُ أَبُو هُرَيْرَةَ: وَاقْرَءُوا إِنْ شِئْتُمْ فِطْرَةَ اللَّهِ الَّتِي فَطَرَ النَّاسَ عَلَيْهَا لَا تَبْدِيلَ لِخَلْقِ اللَّهِ ذَلِكَ الدِّينُ الْقَيِّمُ. رَوَاهُ الْأَرْبَعَةُ 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат 
(соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.
Сўнгра Абу Ҳурайра «Агар хоҳласангиз: «
(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди».
Тўртовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Ушбу ҳадисда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузулиши ҳақида сўз кетмоқда. «Фитрат» дегани соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган истеъдод, деганидир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш истеъдоди билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.
Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:
«Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади».
Яъни, ота-оналар болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.
Бу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.
«Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.
Яъни ҳар бир ҳайвоннинг боласи онасидан бус-бутун туғилади. Бирортасининиг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда уларнинг қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳоказо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади.
Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисни ривоят қилгандан сўнг, «Агар хоҳласангиз, «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир», деган оятни ўқинг», деган оятни ўқинг», деб қўядиган одатлари бор эди.
Яъни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келган маънони Қуръони Карим ҳам тасдиқлашини билдириб қўймоқчи бўлар эдилар.
Аллоҳ таоло «Рум» сурасида қуйидагиларни айтади:
«Бас, сен ҳаққа мойил бўлиб, динга юз тут. (Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир. Лекин одамларнинг кўплари билмаслар» (30-оят).
Биз ўзбек тилига «ҳаққа мойил бўлиб» деб ўгирган ибора ояти каримада биргина «ҳанийфан» сўзи билан ифода этилган. «Ҳаниф» сўзи араб тилида ёмонликдан яхшиликка, ботилдан ҳаққа юзланиш, мойил бўлиш маъносида ишлатилади. Шунинг учун бу оятнинг мазмунини «Барча ёмонликлардан юз ўгириб, ҳақ динга юз тут» деб тушуниш керак бўлади. Яъни «бошқа ҳамма динлару эътиқодларни қўйиб, Исломга ихлос ила юзлан». Мушрик, кофир ва бошқалар ҳавойи нафсга эргашиб, ўзлариникини маъқуллайверади, уларнинг барини эътиборсиз қолдириб, ҳақ динга юзлан, деган маъно келиб чиқади.
«(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир».
Яъни инсонларнинг асл табиати турли-туман динларга эмас, Исломга юзланишдир. Аллоҳ уларни ана шу асл табиат ила яратган.
Аллоҳ одамларнинг асл табиатларига Исломни, ягона Аллоҳга иймон келтиришни жойлаган. Аллоҳга ширк келтириш эса инсоннинг асл табиатига зид бўлиб, илмсизлик ва ҳавойи нафсга эргашиш оқибатида пайдо бўлади.
Бу дин асл табиатидан узоқлашган одамларни асл табиатига қайтаради.
«Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас».
Яъни асл табиатни ўзгартиришга уриниш ўринсиз чираниш бўлади.
«Ушбу тўғри диндир».
Ислом энг тўғри диндир. Ундан бошқа динга эътиқод этган киши нотўғри йўлда юрган бўлади.
«Лекин одамларнинг кўпи билмаслар».
Шунинг учун ҳам илмсиз равишда ҳавойи нафсларига эргашиб, турли динларга кирадилар.
Ушбу оятдаги хитоб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қаратилган бўлса ҳам, барча мўминлар кўзда тутилган. Шу сабабли кейинги оятда хитоб умумлашади.
Ушбу ҳадисдан қуйидагича фойдалар оламиз:
1. Туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан туғилиши.
2. Ота-онанинг тарбияси боланинг динига асос бўлиши.
3. Аллоҳ таоло бандани ҳеч қайси динда бўлишига мажбур қилмаслиги.
4. Маънавий нарсаларни тушунтириш учун ҳиссий мисоллар келтириш фойдали эканлиги.
5. Ҳадислар маъносини таъкидлаш учун Қуръон оятларини далил қилиб келтириш аҳамиятли эканлиги.
Ушбу ҳадисда катта ҳикмат мавжудлигини кўрамиз. Аввало, ўз қилмишига қазои қадарни рўкач қилиш нотўғри эканлигини тушуниб оламиз. Чунки Аллоҳ таоло ҳаммани соф табиат билан яратади. Баъзиларни соф табиатли, баъзиларни бузуқ табиатли қилиб яратмайди. Ўша соф табиатни сақлаб қолишда ёки уни бузиб юборишда инсоннинг ҳам ўрни бор.
Бу ишда ота-онанинг тутадиган ўрни жуда каттадир. Боланинг динининг шаклланишида ота-она ўз тарбияси билан муҳим ўрин тутади. Ота-онага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг улуғларидан бири фарзанддир. Ўша неъматнинг қадрига етиш эса уни берувчи Зот яратган соф табиат ила Аллоҳнинг динида юрадиган қилиб тарбиялашдир. Бу ота-онанинг бурчидир. Ҳар бир мусулмон ота-она шу масъулиятни тўлиқ тушуниши, ушбу ҳадисда айтилган тарбиянинг аҳамиятига катта эътибор бериши керак. ("Ҳадис ва Ҳаёт" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat