Ассалому алайкум, Ҳазратим. Сизга бир масала бўйича мурожаат қилмоқчиман. Мени учта ҳадис ўйлантириб қўйди.
1. Имом Термизийнинг ривоятларида келган. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида юрган йўлимизда овқатланиб, тик туриб сув ичар эдик».
2. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни замзам суви билан сийлаганимда, у зот тик туриб ичдилар».
3. Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб сув ичганларни койир эдилар», дейилган.
Мен бермоқчи бўлган саволим: Аслида сувни тик туриб ичиш мумкинми? Олдиндан миннатдорчилик билдириб қоламан.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
- Ва алайкум ассалом! Агар сиз ҳадисларнинг матнини ўқиб, шарҳини ўқимасангиз, бундан кейин ҳам шундай тушунмовчиликлар келиб чиқаверади. Бизда ҳақиқий илми йўқ кишилар ҳадисларни араб тилидан ўзбек тилига таржима қилиб, ҳеч қандай изоҳсиз, шарҳсиз чиқариб юборганликлари оқибатида шундай вазият юзага келди. Кўплаб тушунмовчиликлар, жанжаллар ва бошқа кўнгилсизликлар ҳам пайдо бўлди.
Бу масала «Ҳадис ва Ҳаёт» китобининг «Таом ва шароб» деб номланган 16-жузида қуйидагича тақдим қилинган:
عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ نَهَى عَنِ الشُّرْبِ قَائِمًا، فَقِيلَ: الْأَكْلُ؟ قَالَ: «ذَاكَ أَشَدُّ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَمُسْلِمٌ وَلَفْظُهُ: «ذَاكَ أَشَرُّ أَوْ أَخْبَثُ».
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар. Шунда: «Ейиш-чи?» дейишди. «У яна ҳам оғирроқ», дедилар».
Термизий ва Муслим ривоят қилишган. Муслимнинг лафзида:
«У яна ҳам ёмонроқ» ёки «ёқимсизроқ», дейилган.
Шарҳ: Демак, тик туриб таом ёки ичимлик тановул қилиш жоиз эмас. Чунки тик турганда одам тўлиқ роҳат ҳолида бўлмайди. Шунинг учун егани ва ичгани ҳам яхшироқ фойда бермайди. Бунинг устига, тик туриб еб-ичганда овқат тўкилиши, исроф бўлиши ҳам бор.
Агар мутахассислар бу ҳолатни яхшилаб ўргансалар, албатта, бошқа зарарлари ҳам борлиги аниқланиши турган гап. Умуман, Ислом маданиятида ўзини билган одам тик туриб на таом ейди, на ичимлик ичади.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: شَرِبَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَائِمًا مِنْ زَمْزَمَ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَالتِّرْمِذِيُّ وَمُسْلِمٌ وَلَفْظُهُ: شَرِبَ مِنْ زَمْزَمَ مِنْ دَلْوٍ مِنْهَا وَهُوَ قَائِمٌ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб, замзамдан ичдилар».
Бухорий ва Термизий ривоят қилишган ва Термизийнинг лафзида:
«Замзам челагидан тик турган ҳолда ичдилар», дейилган.
Шунинг учун ҳам ҳозиргача, замзам ичиш одоблари ҳақида сўз кетганда ушбу ҳадиси шарифга амал қилиш тавсия қилинади.
وَأُتِيَعَلِيٌّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَلَى بَابِ الرَّحَبَةِ بِمَاءٍ، فَشَرِبَ قَائِمًا فَقَالَ: إِنَّ نَاسًا يَكْرَهُ أَحَدُهُمْ أَنْ يَشْرَبَ وَهُوَ قَائِمٌ، وَإِنِّي رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَفَعَلَ كَمَا رَأَيْتُمُونِي فَعَلْتُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.
«Али розияллоҳу анҳу Роҳаба дарвозаси олдида турганида сув келтиришди. Уни тик туриб ичди ва: «Одамлар тик туриб ичишни макруҳ кўрадилар. Худди менинг қилганимни кўрганингиздек, мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай қилганларини кўрганман», деди».
Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Бу ривоятдан замзамдан бошқа сувни ҳам тик туриб ичиш жоизлиги келиб чиқади.
وَأَرْسَلَتْ أُمُّ الْفَضْلِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِقَدَحِ لَبَنٍ وَهُوَ وَاقِفٌ بِعَرَفَةَ، فَأَخَذَهُ فَشَرِبَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
وَلِمُسْلِمٍ وَأَبِي دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيِّ: نَهَى النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الشُّرْبِ قَائِمًا. وَلِمُسْلِمٍ: لَا يَشْرَبَنَّ أَحَدٌ مِنْكُمْ قَائِمًا فَمَنْ نَسِيَ فَلْيَسْتَقِئْ.
«Умму Фазл розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир қадаҳ сут юборди. У зот Арафотда тик турган эдилар. У зот уни олиб, ичдилар».
Бухорий ривоят қилган.
Муслим, Абу Довуд ва Термизийларнинг ривоятида:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тик туриб ичишдан қайтардилар», дейилган.
Муслимнинг ривоятида эса:
«Сиздан бирортангиз ҳам тик туриб ичмасин. Ким унутган бўлса, қусиб юборсин», дейилган.
عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَشْرَبُ قَائِمًا وَقَاعِدًا. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَصَحَّحَهُ.
Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тик туриб ҳам, ўтириб ҳам ичаётганларини кўрдим».
Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ, деган.
Уламолар ичимликни тик туриб ёки ўтириб ичиш ҳақида келган ривоятларнинг ҳаммасини жамлаб, таққослаб, бошқа сабабларини ҳам топиб, ўрганиб чиққанларидан кейин: «Ўтириб ичиш мустаҳабдир, тик туриб ичиш эса баъзи вақтларда жоиздир», деганлар.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077