Ҳурматли Шайх ҳазратлари! Сизга саволим қуйидагича: мен дўстим билан келишиб, бир ишни бошладим, менинг вазифам – ишни юритиш, дўстимники – пул тикишдан иборат бўлди. Иш бошлашдан аввал биз ўзаро келишиб олдик, яъни аҳдлашдик. Аҳдлашув фойда ва зарар ҳақида бўлди. Шунда мен фойда ва зарарда 20% да ўтирадиган бўлдим, дўстим эса пул тикиш бўйича ўзига яна бир кишини шерик қилди ва улар фойда ва зарарнинг 40% дан 80% фоизига ўтирадиган бўлишди. Бунга менинг ҳеч қанақа қаршилигим йўқ. Уларнинг вазифалари пул тикиш, меники ишни юритиш бўлди. Шу билан иш бошланди. Иш якунига тўла етмасдан, улар ўзаро келишиб, пул тикишни тўхтатишди ва: «Бу ёғига ўзинг бир жойдан амаллаб пул топиб, ишни якунига етказиб, бизнинг пулларимизни қайтар», дейишди. «Аҳдлашув нима бўлади?» дедим. Аммо улар: «Бизга бу ишинг маъқул бўлмади», деб айтишди. Лекин улар динга бефарқ бўлмаган йигитлар. Мен эса аҳдлашув жараёнида ҳар бир гапирган сўзимга жуда эҳтиёт бўлиб, кейин гапирганман. Аллоҳ шоҳид. Мисол тариқасида шундай дейишим мумкин: агар мен бир уй қуриб беришим керак бўлса, улар шу уйни қуриб битириш учун пул тикиши керак. Энди шу уй ҳали тўлиқ битмасдан, улар: «Бизга бу уй ёқмади, қолганига ўзинг пул топиб, уйни битириб, пулларимизни қайтар», дейишди. Мен аҳдлашув жараёнида уларга: «Уй қураман», деганман. Шу билан улар ўзаро келишиб, рози бўлишиб, пул тикишни бошлашган, энди эса улар: «Биз сенга яхши уй қуриш учун пул бергандик. Сен яхши уй қурмадинг», деган гапни айтишяпти. Ваҳоланки, аҳдлашувда гап уй ҳақида кетган, Аллоҳ гувоҳ. Агар мен шу уйни нотўғри қурганимда ёки менинг хатойим сабабли уй бузилиб кетганда, айб менда бўлар ва мен ҳамма харажатларни қоплашим керак бўларди. Ҳаммага маълумки, дунёда турли хилда қурилган уйлар кўп, шу уйларнинг айримлари бир хил одамларга ёқса, бир хил одамларга ёқмаслиги мумкин. Бу табиий ҳол, албатта. Худди шунга ўхшаб мен қурган уй ҳам баъзи одамларга ёқмаса, баъзи одамларга ёқиши эҳтимолдан холи эмас, деб ўйлайман. Яна бир нарса: бу уйни биз бировга сотиш учун эмас, балки баъзи одамлар маълум бир вақт ичида бўлишлари учун қуриш ниятида бўлганмиз. Бу уй улар, яъни шерикларим яшашлари учун ҳам эмас! Уй қуришдан мақсад фойда қилиш бўлган. Энди уйга келсак, эл қатори уй, муҳими, тўғри қурилган! Шерикларим билан аҳдлашув вақтида улар томонидан қурилиши керак бўлган уйнинг ичида нималар бўлиши, нечта хонаси бўлиши, ертўласи ва ҳоказолар ҳақида ҳеч қандай сўз юритилмаган! Улар билан уй қуриш ҳақида келишганмиз! Чала қурилган уй шерикларимга ёқмади, улар: «Биз сенга яхши уй учун пул берган эдик, шунинг учун биз бошқа пул бермаймиз, ўзинг нима қилсанг қил, пулларимизни қайтар», дейишяпти. Хуллас, бугунги кунга келиб, улар «яхши» деган сўзни қўшиб олишди. Менга ўша пайтда шу қўшимчани айтишганда, мен ҳам яхши уй яхши пул туришини айтган бўлардим. Қандай бўлиши ҳақида сўраган бўлардим ва ҳоказо... Хуллас, улар зарар қилиб қўйишдан қўрқишяпти ва нима қилиб бўлса ҳам, хато топиб, мени айбдор қилиш ниятидалар. Мен эса: «Аввал ишни охирига етказайлик, мен ўз вазифамни тўлиқ ниҳоясига етказай, ана шунда зарар бўлса, мен ўзимга тегишли қисмини албатта тўлайман», дедим. Улар, бу иш ўхшамайди, деб, ғайбни олдиндан биладиган кишилар каби (Аллоҳ асрасин) йўл тутишяпти ва менга ўз вазифамни тўлалигича ниҳоясига етказишимга имкон қолдиришмаяпти.
Шу ва шу каби чалкашликларда фақат сиздан тўғри таълим олиш мумкин, деб билдим. Аллоҳ умрингиз ва илмингизга ҳамда ризқингизга барака берсин! Мухлисингиз.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Сиз шариат таълимоти билан иш кўриш кераклиги бошингизга мушкул иш тушганда эсингизга келганини яхши англаб олинг. Аслида эса бу таълимотга риоя қилиш лозимлигини ишни бошлашдан олдин эслашингиз лозим эди. Шунда шерикларингиз билан ўтириб, шариатнинг бу каби ишлардаги таълимоти асосида ёзма шартнома тузар эдингиз, иш яхши бўлар эди. Бошлаётган ишингиз тўла ҳалол-пок эканлигига ишонч билан иш бошлар эдингиз, ишингизда барака бўлар эди. Мабодо ҳозирги ҳолатга тушиб қолганингизда ҳам, ўша шартнома асосида даъво қилар эдингиз.
Аввало, шартномани нотўғри тузгансизлар. Қолаверса, уни ҳал қилишда ҳам нотўғри йўл тутмоқдасизлар. Бундай жанжалли масала икки низолашувчи тарафнинг иштирокида, жонли мажлисда ҳал қилинади. Бир тарафнинг гапи билан ҳеч ким бу масаланинг ечимини топишга уриниш ҳаққига эга эмас. Сиз бу масалани шерикларингиз билан бирга бирорта илмли кишининг олдига бориб ҳал қилишингиз керак.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077