- Бу улкан китоб. Ундан ҳамма фойдаланиб келган ва фойдаланадилар ҳам, ишааллоҳ.«Бадоиҳус Саноиҳ фии тартибиш Шароиҳ».Китобнинг соҳиби Алоуддин Абу Бакр ибн Масъуд ибн Аҳмад Косоний (587 ҳижрий йилда вафот этган). У кишининг лақаби Маликул Уламо бўлган. Асосан Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Самарқандийда ўқиган. Устозининг барча китобларини, хусусан, «Туҳфатул фуқаҳо» китобини яхшилаб ўрганган. Ў талабасини яхши кўрган устоз қизи Фотимани унга никоҳлаб берган. Фотима ҳам отасининг «туҳфа»сини ёдлаган ва илмдан кўпгина эркаклардан ўтиб кетган эди. Кейинчалик ҳам эрига тўғри маслаҳатлар бериб, илмий йўналишини тўғрилаб турган. Отаси чиқарган фатвода, албатта, Фотиманинг ҳам имзоси бўлар эди. Кейин уларга куёвнинг имзоси ҳам қўшилди.Тадқиқотчилар «Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ»ни «Туҳфатул фуқаҳо»нинг шарҳи дейишади. «Туҳфатул фуқаҳо» эса «Мухтасари Қудурий»га қўшимча қўшиб, яхшилаб тартибга солинган китоб бўлган.Аммо «Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ»га эътибор билан назар соладиган бўлсак, у урфга айланиб қолган шарҳларга ўхшамаслигини кўрамиз. Унда аслнинг матнини сўзма сўз келтириб шарҳ қилиш услубига эргашилмаган. Имом Косоний ўз китобида «Туҳфатул фуқаҳо»нинг тартибига риоя қилмасдан, боб ва фаслларни янгидан тартибга солган.«Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ»нинг соҳиби ўз китобининг аввалида ҳамду санодан кейин фиқҳ илмининг фазли ҳақида мухтасар маълумот бериб бир оят ва Бухорий, Термизий, Ибн Можа ва бошқа муҳаддислар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган «Аллоҳга динда фақиҳ бўлишдак бирор нарса ила ибодат қилинмаган. Албатта, бир фақиҳ шайтон зиддига минг обиддан кўра шиддатлироқдир», деган ҳадисни келтирган.Шунингдек, муаллиф ўзидан аввалги машойихлар кўплаб китоблар битганлари, аммо тартибга унча эътибор бермаганларини эътиборга олиб ўз китобида шу нуқсонни тўлдиришга ҳаракат қилмоқчи эканини таъкидлайди.Кейин «Китобут таҳорат»дан бошлаб фиқҳий масалалрни баён қилишни бошлайди. «Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ» барча уламоларнинг таҳсини ва мақтовига мушарраф бўлган, катта шуҳрат қозонган китобдир. Жумладан, Ҳожи Халийфа ўзининг «Кашфи зунун»ида «Бу китоб исми жисмига монанддир», деган.«Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ» кўп марталаб чоп этилган ва кенг тарқалган китобдир. Унинг охирги нашрларидан бири Байрутда «Дорул кутубил илмия» нашрёти томонидан 1997 йилда ўн жилд қилиб амалга оширилган.