Ассалому алайкум! Ҳурматли устозлар. Мен Тиббиёт олийгохида талабаман. Аллоҳга шукурки курсдошларим орасида фарз ва суннатни вақтида адо этишга харакат қилувчилар бор. Билмаганларимизни мухокама қилиб, қидириш хизматидан фойдаланиб, домлалардан сўраб ўрганишга харакат қиляпмиз. Биз келажакда умумий амалиёт шифокорлари бўламиз. Шунинг учун бизни устозларимиз турли жаррохлик амалиётларига хаттоки роддомда тўғруқ жараёнларига хам олиб киришади. Кўпинча беморларнинг авратлари очиқ холда бўлишади. Лекин биз бу жараёнларни ўрганмасак келгусида беморларга ёрдам беролмаймиз. Турли вазиятларда эркак тез ёрдам шифокори хомиладор аёлларга хам ёрдам бериши керак бўлиб қолади. Хамма жойда хам аёл шифокорлар етарли даражада эмас. Саволим аёл шифокор бўлмаса эркак шифокорга мурожат қилиш мумкин. Биз талабаларчи бизнинг беморга хеч қандай фойдамиз тегмайди. Фақатгина ўрганиш учун кирамиз. Шу иш жоизми?
– Ва алайкум ассалом! Мусулмон жамияти ва умуман мусулмонлар доимо фарзи кифоя даражасидаги касбларни ўрганиш ва уни бажаришга буюрилган. Табобат ҳам фарзи кифоя ҳисобланади. Агар мусулмон фарзандлари бу касбни ўрганмаса, мусулмонларнинг бу борадаги ҳожатлари бошқа дин вакилларига қолиб кетади. Натижада фарзи кифоя тарк қилингани сабабли бутун жамият гуноҳкор бўлади. Аслида доялик каби ишларни эркаклар қилмасликлари керак. Сиз айтган ҳолатни уламолар ўрганиб, фавқулотда ҳолатларда керак бўлиб қолиши жиҳатидан таълим ва ўрганиш мақсадида жоиз деганлар. Фақат бир нарсани қатъий билиб олиш керак, имкон борича авратларга назар қилишдан тийилиш лозим. Аллоҳ сизларга ўхшаган тақволи тиб ходимларини сонини зиёда қилсин. Валлоҳу аълам!