ИЛМ ВА УЛАМОЛАР ФАЗЛИ ҲАҚИДАОдатдагидек, муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи бобнинг аввалида Қуръони карим оятларидан келтирадилар.Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар», деган. Аллоҳ таолонинг қудратини ҳис этиб, бу дунёнинг яратувчиси борлигини англаб етиб, ақли билан Аллоҳни таниган ва ундан қўрққан одамгина олим ҳисобланади. Аммо мазкур махлуқотларнинг тарихи, тузилиши, таркибидаги моддалари, хусусиятлари ва бошқа турли маълумотларни тўлиқ ўрганиб ҳам уларни яратган зот Аллоҳни танимаган ва ундан қўрқмаган одам ўта жоҳил ҳисобланади.Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Илм гапнинг кўплигида эмас. Илм қўрқишнинг кўплигидадир», деган эканлар. Имом Ҳасан ал-Басрий: «Олим Аллоҳдан ғойибона қўрққан одамдир. Аллоҳ қизиқтирган нарсага қизиққан, Аллоҳ ёмон кўрган нарсадан қочган одамдир», дея туриб: «Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» оятини тиловат қилар эканлар.Яна У зот: «Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладиларми?» деган. Албатта, тенг бўлмайдилар. Биладиганлар иймон келтириб, ибодат қиладилар. Билмайдиганлар куфр келтириб, исён этадилар.У зот яна: «Бу мисолларни одамларга келтирамиз, уларга фақат олимларнигина ақли етар», деган.Ушбу уч оятда илм ва уламолар фазли ҳақида сўз кетмоқда.Биринчи оятда Аллоҳдан қўрқиб, Уни улуғлаш фақат илмли кишилар томонидангина содир бўлиши таъкидланмоқда. Демак, илмсиз киши Аллоҳдан қўрқмайди ҳам, уни улуғламайди ҳам. Тажриба бу қуръоний ҳақиқатни тасдиқлади. Турли илмлар бўйича мутахассис бўлган олимлар Аллоҳни танишларини, иймон-эътиқодсиз яшаш мумкин эмас, деган фикрга келганларини қайта-қайта айтмоқдалар.Иккинчи оятда биладиганлар билан билмайдиганлар, яъни илмлилар билан илмсизлар тенг бўла олмасликлари ҳақида сўз кетмоқда. Илмли доимо устун туриши ва фазилатли ҳисобланиши, илмсизда эса бу нарсалар бўлмаслигига ишора қилинмоқда.Учинчи оятда эса, келтириладиган масалаларни англаб, улардан ўрнак олиш учун ҳам илм зарурлиги таъкидланмоқда. Бу ҳам илмни ва олимни улуғлашдир.Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар».Тўртовлари ривоят қилишган.«Фиқҳ» сўзи луғатда бир нарсани дақиқ жойларигача тушунишни англатади. Шариат ҳукмини дақиқ жойларигача тушуниш ҳам «фиқҳ» дейилиши шундан. Ана шундай малакага эга бўлган одамни «фақиҳ» дейилади.Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», демоқдалар. Демак, дин таълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир. Унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гапларининг давомида: «Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради», демоқдалар. Яъни, мен Аллоҳ берган илмни етказаман, холос, ҳақиқий берувчи Аллоҳнинг Ўзи, деганлари тушунилади.Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди», деганларини эшитдим, деган эканлар».Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.Абу Дардо розияллоҳу анҳу умрларининг охирида Дамашқда яшаган эканлар. Бир куни ҳузурларига мадиналик бир одам келибди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу унга: «Сени бу ерга нима келтирди?» дебдилар. У киши: «Мени фақатгина сендан эшитган бир ҳадисим келтирди», деган. Ана шунда Абу Дардо розияллоҳу анҳу ушбу ҳадисни айтганлар:«Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди». Худди шу маънодаги жумла бундан олдинги ҳадисда ўтди:«Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди». Баъзи таъвилларда уларнинг оёқ остиларига қанотларини қўяди, дейилган. Бошқа бир таъвилда эса, фаришталар учишдан тўхтаб, илм билан машғул кишиларни ўраб олишади, уларнинг раҳматлари ва нурларидан иқтибос олишга уринадилар, дейилган. Нима бўлганда ҳам толиби илмларнинг Исломда қадрлари баландлиги ва илм талаб қилиш улуғ даража эканини кўрсатади.«Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади». «Осмонлардаги зотлар»дан мурод – фаришталар. «Ердаги зотлар»дан мурод – инсу жин ва ҳайвонлар. Истиғфор айтиш эса, бировнинг ҳаққига дуо қилишдир. Олим киши илм олгани учун, одамларни Аллоҳнинг йўлига чақиргани ва ҳидоятга бошлагани учун Аллоҳ таоло уни яхши кўради. Шунинг учун ҳам унинг муҳаббатини фаришталарга, бутун махлуқотларга солади. Шу муҳаббат туфайли улар олимнинг ҳаққига дуо қилади. Бу эса диний илмлар олими бўлиш нақадар фазл эканини кўрсатади.«Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди». Олим диний илмларни яхши билувчи шахс. Обид ибодат қилувчи, доимо ўзи учун ибодат билан машғул киши. Осмонга қараган одамга ой катта билиб кўринади, у ер юзига нур сочади. Юлдузлар эса кичкина бўлиб кўринади, уларнинг нури ўз атрофини зўрға ёритаётган бўлиб кўринади. Қоронғу кечада осмонга боққан инсон ойнинг юлдузлардан қанчалик афзал эканини дарҳол мулоҳаза қилади. Олим кишининг фазли ҳам шундайдир. Обидлар юлдузлар каби фақат ўзлари учун ёруғлик чиқарсалар, олим киши қоронғу кечада нур сочган ой каби жоҳилият зулматида юрган одамларга Ислом ҳидояти нурини сочади. Обиднинг манфаати фақат ўзи учун бўлса, олимнинг манфаати ҳамма учун бўлади.«Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир». Шу жумла бу ерда гап диний олимлар ҳақида кетаётганига далолатдир. Демак, уламоларимиз оддий кишилар эмас, пайғамбарларнинг меросхўрларидир.«Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар».Чунки уларга Аллоҳ таоло молу дунёни берган эмас. Аллоҳ таоло уларга илмни берган эди. Шунинг учун ҳам: «Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар».Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақат илмни мерос қилиб қолдирганлар. «Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди».Яъни, қайси бир одам ўша пайғамбарлардан мерос қолган илмни олса, улуғ насибани олган бўлади. Пайғамбарлар меросидан ҳам улуғ насиба бўлиши мумкинми?!Илм талаби йўлига кирган одамга Аллоҳ таоло жаннат йўлини осонлаштириб қўйишини аввалги ҳадисда кўрдик.Энди толиби илмни рози қилиш учун фаришталар унинг оёғи остига қанотларини қўйишлари, уни ўраб турган Аллоҳнинг раҳматидан баҳраманд бўлишга уринишлари ҳақида сўз юритайлик. Инсоф билан айтайлик-чи, бизда шу тасаввурнинг ўзи борми? Илм талаб қилиш шу даражада улуғ иш эканини тушуниб етганмизми? Бу ишга фаришталар ҳам ҳавас қилишини англаймизми? Ҳозиргача англамаган бўлсак, энди англашимиз керак. Ислом илм талабини ҳар бир мусулмонга бешикдан қабргача фарз қилганини эслаб, дарҳол ўз шахсимиз учун фарзи айн бўлган диний илмни талаб қилишга киришайлик! Бир ҳарф, бир сўз, бир жумла бўлса ҳам ўрганиб, унга амал қилишга ҳаракат этайлик! Ўзимиз ўрганишимиз билан бирга оила аъзоларимиз, болаларимиз, қўни-қўшни ва таниш-билишларимизга ҳам ўргатишга ҳаракат қилайлик! Турли илмларни ўрганаётган талабаларимизни қўллаб-қувватлайлик, уларга ўзлари танлаган йўл қанчалар улуғ эканини тушунтирайлик! Илм талаб қилиш фаришталар ҳам ҳавас қиладиган иш эканини одамларимизга тушунтирайлик. Толиби илмларни фаришталар ўраб туришини, уларнинг оёқлари остига қанотларини қўйиб туришини ҳаммага англатайлик! Фаришталар ҳавас қилган одамларга биз ҳам ҳавас қилайлик, улар ҳурмат қилган одамларни биз ҳам ҳурмат қилайлик!Ҳадиси шарифда олим кишига осмондаги ва ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтиши таъкидланмоқда. Диний олим Ислом таълимотларини кишиларга етказиш орқали кўп яхшиликларни амалга оширади. Ундан ва у тарғиб қилган яхшиликлардан ҳамма фойда топади. Чунки Ислом таълимотлари бутун мавжудотлар учун кони фойдадир. Шунинг учун ҳам ҳамма мусулмон олимнинг ҳаққига яхшиликлар тилаб, Аллоҳ таолога дуолар қилади. Унга доимо яхшилик етиши тарафдори бўлади. Ихлосли мусулмонлар қадимдан бу улкан маънони яхши тушуниб, унга амал қилиб келганлар. Улар ўз уламоларини ғоятда ҳурмат қилганлар, эъзозлаганлар. Ҳар бир ишни улардан сўраб, шариатимизга мослаб бажаришга ҳаракат қилганлар. Ихлосли мусулмонлар уламоларни доимо ўз раҳбарлари, руҳий устозлари деб билганлар. Уларнинг сўзларидан чиқмаган ҳолда уламоларимизга хизмат қилиб, кўнгилларини олишга, дуоларига сазовор бўлишга ҳаракат қилиб келганлар. Халқимизнинг ўз уламоларига бўлган муносабати доимо таҳсинга сазовор бўлган. Вақти келса, оддий мусулмонлар ўзлари емай уламоларга егизган, ўзлари киймай уларга кийгизган. Биз ҳам уламоларимизнинг ҳурматларини жойига қўйишимиз, осмондаги зотлар – барча фаришталар ҳурматлаган зотларни биз ҳам ҳурмат қилишимиз лозим. Ердаги зотлар – инсу жин ва ҳайвонлар ҳурмат қилган зотларни биз ҳам иззат қилмоғимиз лозим. Жинлар ва ҳайвонлар қандай қилиб уламоларнинг ҳаққига истиғфор айтишларини ва ҳурмат қилишларини Аллоҳ билади. Аммо биз инсонлар уламоларни қандай ҳурмат қилишни ўзимиз биламиз. Агар уламоларни ҳурмат қилишни ўрнига қўймасак, бу ҳадисда зикр қилинганлар қаторидан чиқиб қоламиз.Олимнинг обиддан қанчалик афзал эканини билиб олдик. Энди олим бўлишга уринайлик! Ҳеч бўлмаса, обид бўлишга уринайлик. Олим ҳам, обид ҳам бўлмасак, ким бўлишимиз мумкин? Жоҳил ва бетавфиқ бўлишимиз мумкин, холос. Бундан бошқа «мартаба» ҳам йўқ-ку!Олимларнинг афзаллиги нимада? Ҳадиси шарифда: «Албатта, олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», деб баён қилинган. Дунёдан ўтган авлод келажак авлодга ниманидир мерос қолдиради. Кейинги авлодлар эса, ўша меросни қабул қилиб олади ва ундан фойдаланади. Яхшидан яхшилик, ёмондан ёмонлик, золимдан зулм, одилдан адолат мерос қолади ва ҳоказо. Инсоният тарихида Аллоҳнинг танланган бандаси бахтига муяссар бўлган, доимо инсониятни Аллоҳнинг ҳидоят йўлига бошлаб келган пайғамбар алайҳимуссаломлардан нима мерос қолган? Уларнинг меросхўрлари бўлган уламолар нимани мерос қилиб олганлар? Эҳтимол, уламоларни ҳурмат қилишимиз уларнинг пайғамбар алайҳимуссаломларга меросхўр бўлганларидандир? Эҳтимол, меросга олган нарсаларидандир? Ҳа, ҳадисда айтилганидек:«Албатта, пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Албатта, улар илмни мерос қолдирганлар». Уламолар ана ўша муқаддас меросни қабул қилиб олган улуғ зотлардир. Улар ўша илм ила кишиларни Аллоҳнинг динига, тўғри йўлга, Ислом шариатига чақирувчи, пайғамбарлар ва уларнинг охиргилари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ишлари давомчиларидир. Уламолар кишиларга Қуръони карим, суннати шариф ва шариати Ислом таълимотларини баён қилувчи ҳидоят юлдузларидир. Улар кишиларни ҳидоят йўлига чақириб, залолат йўлидан қайтаришади. Олимлар кишиларни Исломга чақириш билан уларни икки дунё саодатига чақиришади. Бу дунёнинг фаровон турмушига, охиратнинг жаннати маъвосига даъват этишади. Шунинг учун ҳам олимлар ҳар қанча ҳурматга, эъзозга сазовордирлар. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, пайғамбарларнинг меросхўрларини ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрларини ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, ўзимизни икки дунё саодатига чақираётган кишиларни ҳурмат қилган бўламиз. Биз уламоларимизни ҳурмат қилсак, ўзимизни бу дунёнинг фаровон турмушига ва охиратнинг жаннати маъвосига чақирувчиларни ҳурмат қилган бўламиз. Шу йўл билан ҳар биримиз пайғамбарлар қолдирган меросдан олишга ҳаракат қилайлик, Улуғ насибага эришайлик!Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Икки хислат мунофиқда жам бўлмайди: гўзал шакл ва динда фақиҳ бўлишлик», деганлар».Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадиси шарифлари хабар шаклида келса ҳам буйруқ маъносини ифода қилмоқда. У зотнинг: «Икки хислат мунофиқда жам бўлмайди: гўзал шакл ва динда фақиҳ бўлишлик» деганлари «Эй умматларим, мунофиқ бўлмайин десангиз, гўзал шаклга эга бўлишга ва динда фақиҳ бўлишга урининглар», деганларидир. Демак, ушбу ҳадиси шарифни ҳаётимизга татбиқ қилиб, гўзал шаклга эга бўлиш ва Ислом динида фақиҳ бўлиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Гўзал шаклга эга бўлишлик том маънода гўзал бўлишликдир. Исломда ҳар бир нарса гўзал бўлишига тарғиб қилинади. Шунинг учун биз мусулмонлар том маънода гўзал бўлишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Динда фақиҳ бўлиш – Ислом динини дақиқ тушуниш эса, икки дунё саодатимиз учун ниҳоятда зарурдир. Динда фақиҳ бўлишлик иймон нимаю куфр нима, Ислом нимаю нифоқ нима, савоб нимаю гуноҳ нима, ҳалол нимаю ҳаром нима, жаннат нимаю дўзах нима, жаннатга нима билан эришиладию дўзахга нима сабаб бўлади каби шунга ўхшаш муҳим масалаларни тўлиқ билишлик деганидир.Биз мусулмонлар мунофиқ бўлмайлик, десак ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилган икки нарсани ўзимизда жам қилишга уринишимиз лозим. Бу билан эса икки дунёмиз саодатини таъминлаган бўламиз.