- Ва алайкум ассалом! Талоқ тушиши учун ҳамма вақт ҳам талоқ сўзини айтиш шарт эмас. Бошқа сўзлар билан ҳам талоқ тушади. Ҳолатингизни бирор аҳли илмнинг ҳузурида аниқлатиб олинг. Чунки жаҳлиз чиққанида нима гаплар бўлагинини биз билмаймиз.
"Кифоя" китобида қуйидагича келади:
Кинояли талоқ унинг ва ундан бошқа нарсанинг эҳтимоли бор нарсадир. «Бас», «чиқ», «кет», «тур» кабиларда рад ва жавоб эҳтимоли бор. «Холисан», «бегонасан», «ажрагансан», «кесилгансан» ва «ҳаромсан»га ўхшашларда сўкиш эҳтимоли бор. «Сана», «бачадонингнинг тозалигини бил», «сен биттасан», «сен ҳурсан», «ихтиёрингни қилавер», «ишинг ўз қўлингда», «йўлингни очиб қўйдим» ва «сендан ажрадим» кабиларда иккисининг ҳам эҳтимоли йўқ.
Бас, ризоликда ҳаммаси, ғазабда аввалги иккиси ва талоқ музокараси бўлиб турганда биринчиси ниятга қараб бўлади. Бас, агар учтани ният қилган бўлса, улар тушади. Ундан бошқа ҳолатда бир боин талоқ тушади. Байнуна ва ҳурматни эрга нисбат бериш билан ҳам боин талоқ тушади. Эрга талоқ нисбатини бериш билан тушмайди.
«Талоқ» сўзи луғатда «моддий ва маънавий тугунни ечиш» маъносини англатади.
Шаръий истилоҳда эса махсус лафз ила никоҳни кетказиш ёки ҳалоллигини нуқсонга учратишга талоқ деб айтилади.
«Махсус лафз»дан мурод «талоқ» ёки унинг маъносини англатувчи лафздир.
«Никоҳни кетказиш» эса никоҳ ақдини ечиб, орадаги маънавий боғланишни йўқотиш деганидир. Бу ҳолат учталоқ ила юзага келиб, ундан сўнг талоқ қилинган аёл ўзини талоқ қилган шахсга ҳалол бўлмай қолади.
«Ҳалоллигини нуқсонга учратиш» эса бир талоқ қўйилганда уч талоқ ҳаққидан битта камайиб, хотиннинг унга ҳалоллиги нуқсонга учрашидир.
Талоқ ҳақида дунёда икки хил қараш бор:
Биринчиси – талоққа рухсат бермаслик. Бу йўл баъзи масиҳий мазҳаблар тутган йўлдир.
Иккинчиси – талоққа рухсат бериш. Бу йўл кўпларнинг, шу жумладан, мусулмонларнинг ҳам тутган йўлидир.
Талоққа рухсат бермаслик инсон табиатига қарши ҳукмдир. Чунки инсон ўз ҳаётида турли ҳолатларга тушиб туради, баъзи ҳолларда эр-хотин оилавий ҳаётни бирга давом эттиришга ҳеч имкон топа олмай қоладилар.
Шунинг учун талоққа рухсат берилмаган давлатларда эр-хотинлар расман ажрашмаган бўлсалар-да, амалда бирга яшамай, ўзларига ўйнаш тутиб ёки бетартиб зино билан машғул бўлиб юрадилар.
Талоққа рухсат берганлар ҳам ўзаро бир неча тоифага бўлиниб кетадилар.
Баъзилар: «Талоқни қози, яъни ҳозирги тил билан айтганда, суд орқали амалга ошириш керак», дейдилар.
Баъзилар: «Хотинларга ҳам талоқ қўйиш ҳуқуқини бериш керак», дейишади.
Учинчи тоифа эса: «Талоқ қўйиш эрнинг ҳаққи», дейдилар.
Энди бу йўналишларни қиёслаб кўрайлик.
Талоқ қози томонидан бўлиши мутлақо мумкин эмас. Чунки талоқ эр-хотиннинг ўзаро оилавий сирлари билан боғлиқ масала. Кўпгина сабабларни одамларга, жумладан, қозига айтишга инсоний одоб-ахлоқ йўл қўймайди. Бу ҳолатда ким юзсизроқ, гапга устароқ бўлса, ёлғонни кўпроқ ишлатса, ўша ютади. Буни ҳозирги кунда ҳамма кўриб, билиб турибди.
Хотинга талоқ қўйиш ҳаққи берилиши ҳам тўғри эмас, чунки Аллоҳ таоло аёл кишини алоҳида хос табиат билан яратган. У мулойимлик, юмшоқлик, латофат, гўзаллик соҳибаси ва мана шундай ҳолатларда ўзини қулай ҳис этади. Аксинча, қўполлик, уриш-жанжал, куч ишлатиш каби ҳолатлар уларга ёт. Шу билан бирга, аёл киши одатда, жаҳли чиққанда, аччиғини ичига юта олмай, шошилиб-ҳовлиқиб, бир ёқлама қарор чиқариб қўяди.
Ушбу ҳолатларни эътиборга олиб, фараз қилинг-а, ихтиёр аёл кишида бўлса, эрини неча марта талоқ қўйиши мумкин?
Учинчиси – исломий ечим. Бу инсон табиатини эътиборга олишдан келиб чиққан илоҳий ечимдир. Одатда, оила қуриш учун бўлғуси келин эмас, кўпроқ бўлғуси куёв елиб-югуради. У бу мақсад йўлида мол-пул сарфлайди, қаллиққа маҳр беради, тўй харажатини кўтаради. Оиланинг обрўси унинг шахсий обрўсидан ҳам устун бўлиб қолади. Фарзандлар унга нисбат берилади.
Хуллас, мазкур ва яна бошқа бир қанча сабабларга кўра, талоқ қилишдан аввал эр етти ўлчаб, бир кесмоғи шарт бўлиб қолади.
Шунинг учун ҳам Исломда талоқ қилиш ҳақ-ҳуқуқи эрга берилган. Лекин шариат талоқ қилишдан аввал бошқа енгилроқ чораларни кўриб, ажрашишнинг олдини олишга даъват этади.
Аёл кишида эрига нисбатан ҳурматсизлик, итоатсизлик пайдо бўлса, аввал ваъз-насиҳат, уни инсофга чақириш тавсия этилади. У фойда бермаса, жойни бошқа қилиб ётиш лозим. Шундан кейин ҳам ўзгармаса, зарар етказмасдан уришгача рухсат этилган.
Эр-хотиннинг ораси бу билан ҳам тузалмаса, эрнинг қариндошларидан бир киши, хотиннинг қариндошларидан ҳам бир киши ҳакам этиб сайланади ва улар эр-хотинни яраштириш чораларини кўрадилар.
Бу чора-тадбирларнинг ҳеч бири фойда бермай, эр-хотиннинг бирга яшаши икковларига ҳам чексиз азоб-уқубатга айланиб қолгандагина, талоққа рухсат берилади.
Тўғри, Исломда талоққа рухсат бор. Айни чоғда, ўта масъулиятли, ўта оғир қарор бўлгани учун, бу ишга фақат охирги чора сифатидагина рухсат берилган. Валлоҳу аълам!