Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Қайта тирилиш

21:00 / 20.02.2019 | Jahongir | 3674
Ассалому алайкум! Қайта тирилишга, тўғри иймон келтиришга ақлим ожизлик қилаяпти. Биз вафот этганимиздан сўнг охиратгача руҳлар оламида бўлиб охиратда қайта тириламизми ёки ўлганимиздан сўнг яна қайта тирилиб, кейин яна ўлиб яна тирилиб... охиратгача шу тартибда олиб тириламизми?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

- Ва алайкум ассалом! Думғаза мўъжизаси

Қуръони карим ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисларда инсон вужудидаги, табиатдаги жуда кўп ҳайратланарли илмий далиллар баён қилинган. Уларнинг кўпи замонамизда олиб борилган илмий-тадқиқотлар натижасида кашф қилинди ёки тасдиқланди. Келажак технологиялари воситасида очилажак яна кўпгина илмий далиллар борлиги шубҳасиз.
Аллоҳ таоло Фуссилат сурасида шундай марҳамат қилади: “Биз уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўз нафсларидаги оят-белгиларимизни кўрсатамиз. Токи уларга Унинг ҳақлиги равшан бўлсин. Сенинг Роббинг ҳар бир нарсага шоҳид эканлиги кифоя қилмасмиди?!” (53-оят).
Анъом сурасида эса: “Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғонга чиқарганлардан ҳам кўра золимроқ кимса борми? Албатта, золимлар нажот топмаслар” дейилган (21-оят).
Азиз ўқувчилар, бир немис олимининг маърузасида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг элчиси эканларига ва биз у зотнинг белгиларини инкор этмай, аксинча сўзсиз эргашишимиз кераклиги ҳақидаги  ишончли ҳужжат-далиллар билан танишасиз.
Думғаза (хвостцовая кость) мўъжизаси
Думғаза инсон умуртқа поғонасининг энг охирги суяги бўлиб, инсоннинг бир аъзоси ҳисобланади, у ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди. Бошқа суяклардан фарқли ўлароқ у ерда чириб ҳам кетмайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўпгина ҳадиси шарифларида айтилишича, инсон думғаза суягидан яратилган, кейин қиёматда яна шундан яратилади.
Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
“Инсоннинг ҳамма жойи чириб йўқ бўлади, фақат думғаза суяги чиримайди. Инсон ундан яратилган эди, қиёмат куни яна ундан яратилади”.
Имом Бухорий, Насоий, Абу Довуд, Ибн Можа ривоят қилишган.
Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:
“Инсоннинг бир суякдан бошқа ҳамма нарсаси чирийди. Бу чиримагани – “ажбуз-занаб” деб аталувчи думғазадир. Қиёмат куни қайта тирилиш шундан таркиб топади”.
Имом Муслим ривоят қилган.
Ушбу ҳадисларда думғаза ҳақидаги бундай фикрлар ва далиллар ифодасини топган:
– Инсон думғазадан яратилган.
– Думғаза ерда чириб кетмайди.
– Қиёмат куни ҳар бир инсон шу суякдан қайта тирилади.
Қуйида ушбу сўзларни исботловчи илмий далиллар келтирилади.
Илмий далил
1. Ҳомила ривожланишининг даврлари
Нутфа ва тухумҳужайра қўшилганидан сўнг ҳомила (эмбрион) ривожлана бошлайди. Уруғланган тухум ҳужайра бўлинишни бошлайди: бир ҳужайрадан иккита, улардан эса тўртта ҳосил бўлади ва ҳоказо. Ҳужайраларнинг бўлиниши ва ривожланиши “эмбрионал диск” шаклланишигача давом этади, улар иккита қатламдан иборат:
1) Ташқи эпипласт:
Бу ерда цитотрофобласт жойлашган бўлиб, у ҳомила она қонидан ва бачадон деворидан керакли озуқа билан таъминланиб туриши учун эмбрионни бачадон деворига маҳкам ўрнаштиради.
2) Ички хипопласт:
Бунда, Аллоҳ таолонинг иродаси билан ҳомила ҳосил бўлади. 15 кундан сўнг эмбрионнинг энг пастки қисмида «жўн тасма» (примитивные полосы) деб аталмиш биринчи чизиқларни пайқаса бўлади. Бу чизиқнинг охирида эса биринчи кичкина чизиқча, яъни «жўн тугунча» (примитивный узел) бор.
«Жўн тасма» ҳосил бўладиган тараф «эмбрионал диск»нинг орқа томони бўлади. Қуйида “жўн тасма” ва «жўн тугунча»дан барча аъзолар ва тўқималар шаклланиши баён этилади.
– Эктодерма: тери ва марказий асаб тизимини ташкил қилади.
– Мезодерма: ҳазм қилиш йўли, юрак, қон айланиш, суяклар, сийдик ва жинсий тизимлар, тўқима ости, лимфа ва талоқларда юмшоқ мушакларни ҳосил қилади.
– Этдодерма: овқат ҳазм қилиш тизимидаги шиллиқ парда, нафас олиш тизими, ҳазм қилиш йўлига тегишли аъзолар, қовуқ,  қалқонсимон без ва эшитиш йўлларини ҳосил қилади
“Жўн тасма” ва “жўн тугунча” умуртқанинг охирги қисмигача давом этиб чўзилганидан сўнг булардан думғаза ҳосил бўлади.
Хулоса: думғаза “жўн тугунча” ва “жўн тасма”дан ташкил топган бўлиб, улар ўсиб  уч қатлам ҳосил қилиши мумкин, булардан эса ҳомила шаклланади: эктодерма, мезодерма ва эндодерма.
2. Ҳомиланинг ноқислиги думғазанинг инсон учун она ҳужайра экани далилидир.
Думғазанинг сўнгги умуртқасида жойлашган “жўн тасма” ва “жўн тугунча”дан ҳомила пайдо бўлиб, шаклланганидан кейин “жўн тасма” ва “жўн тугунча” унинг хос хислатларини сақлаб қолади. Борди-ю, улар айний бошласа, ҳомила билан биргаликда шиш (тератома  думғазанинг умуртқа поғонаси билан уланган жойи) пайдо бўлиши ва у бузилган ҳомилани айрим тўла шаклланиб улгурган аъзолар  (масалан, тиш, соч ва ҳоказо, шунингдек қўл ва оёқ бармоқлари) билан бирга намоён қилиши мумкин бўларди. Шундай қилиб, жарроҳ бу шишни очиб кўрганида тўлиқ шаклланган аъзолар борлигини аниқлайди.  Бундан думғаза таркибида аслида она ҳужайралари борлиги маълум бўлади.
3. Ханс Спеманн тажрибалари
Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, ҳужайраларнинг тузилиши ва ҳомиланинг ҳосил бўлиши “жўн тасма” ва “жўн тугунча”дан бошланади. Бу қисмлар тузилишидан олдин ҳужайраларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг бўлиниши асло мумкин эмас. Буни исботлаган энг машҳур тадқиқотчилардан бири  немис олими Ханс Спеманндир. У “жўн тасма” ва  “жўн тугунча”лар устида ўтказган тажрибаларида уларнинг ҳомила ривожланишини ташкил қилишини аниқлади ва шунинг учун уни “The primary organizer” (яъни «бирламчи асос» – «бошлаб берувчи») деб атади.
У тажрибаларини амфибиялардан (сувда ҳам, қуруқликда ҳам яшай оладиган жонзотлар) бошлади. Тажрибаларининг бирида у бир ҳомилани “бирламчи асоси”ни айни шу “ёш”даги (яъни,  учинчи ёки тўртинчи ҳафталик биринчи ҳомила давридаги) бошқа ҳомиланинг эпипластига кўчириб ўтқазди. Бу тажриба кўчириб ўтқазилган “бирламчи асос”дан  иккинчи эмбрионнинг пайдо бўлишига олиб келди. Кўчирилган аъзо “янги муҳит” атрофидаги ҳужайраларга таъсир кўрсатди. Натижада биринчи ҳомила танасида иккинчи ҳомила ҳосил бўлди.
4. Думғаза ҳужайралари шикастланмайди ва бузилмайди.
1931 йилда Спеманн “бирламчи асос” ҳосил қиладиган тўқимани майдалаб, уни қайта кўчириб ўтқазади, майдалаш эса тажрибага таъсир қилмайди ва ҳеч нарсага қарамай иккинчи эмбрион ҳосил бўлади. 1933 йилда Спеманн ва бошқа тадқиқотчилар худди шу тажрибани такрорлашади, аммо бу сафар “бирламчи асос” ҳосил қиладиган тўқимани майдалашдан олдин қайнатишади.
Аммо бу сафар ҳам ҳеч нарсага қарамай иккинчи эмбрион ҳосил бўлади. Шундай қилиб, бу ҳужайрага ҳеч нарса таъсир қилмаслиги маълум бўлади.
1935 йилда  Спеманн “бирламчи асосни” кашф этгани учун Нобел мукофотини олади.
Доктор Усмон ал-Жийлоний ва шайх Абдулмажид Аз-Зиндонийлар ҳам 2003 йилнинг рамазон ойида Санодаги Зиндонийнинг уйида думғаза билан бир неча илмий тажрибалар олиб боришди. Умуртқа думғазаси тўла аланга олиб ёнмагунича газ алангасига ўн дақиқа тутиб турилди (суяк олдин қизил рангга киргунча ловуллаб ёнди, кейин эса қорайиб кетди)
Улар куйдирилган бўлакларни стерилланган колбага (лаборатория шиша идиши) солиб, Санодаги машҳур илмий-тадқиқот лабораториясига (ал-Олакий лабораторияси) олиб боришди. Гистология ва патология университети профессори доктор ал-Олакий тўқима бўлакларни ўрганиб, унинг куйдирилгани думғазанинг суяк тўқималарига таъсир қилмаганини айтади, яъни улар куйдирилгани билан ўзгармаган (фақат мушак, ёғ тўқимаси ва илик куйган, думғаза суякларининг ҳужайраларида эса ҳеч қандай ўзгариш бўлмаган).
Мўъжизанинг жиҳати
1. Муҳаммад алайҳиссаломнинг думғаза ҳақидаги ҳадислари Пайғамбаримизнинг илмий мўъжизаларига киради, чунки эмбриология инсон танасининг барча қисм ва аъзолари думғазадан чиққанини аниқлаган бўлиб, ҳомилашунослик тилида буни «бирламчи асос» (первичный образователь) ҳам дейишади. Бу «бирламчи асос» ҳужайраларнинг кўпайишига ва тўқималарнинг дифференциациялашувига сабаб бўлади, бу эса асаб тизимининг бирламчи шаклда ривожланишига олиб келади. Ўлимдан кейин Қиёмат куни инсон шу суякдан, аниқроғи шу суякнинг эмбрионни ҳосил қилдирадиган ҳужайраларидан қайта таркиб топади.
2. «Бирламчи асос»ни  такрорий қайта кўчириб ўтқазилиши, майдаланиши ёки куйдирилиши тажрибага асло таъсир қилмайди, эмбрион ҳеч нарсага қарамай ҳосил бўлаверди. Куйдирилиш ҳам думғаза суяк ҳужайрасининг тўқималарига таъсир қилмаслиги аниқ бўлди. Бу тажрибалар натижаси Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларидаги думғазанинг ерда чиримаслиги ва бутунлай йўқ бўлиб кетмаслигини ҳақидаги гапларини бутунлай тасдиқлади. Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat