- Ва алайкум ассалом! Аллоҳ таоло “Қосос” сурасида қуйидагича марҳамат қилади:
إِنَّكَ لَا تَهْدِي مَنْ أَحْبَبْتَ وَلَكِنَّ اللَّهَ يَهْدِي مَن يَشَاء وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ
56. Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қиладир. У ҳидоятга юрувчиларни яхши билувчидир.
Демак, одамларни ҳидоят қилиш фақат Аллоҳ таолонинг измидадир. Аллоҳдан бошқа ҳеч кимнинг, ҳатто охирзамон Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам бу ишга қурблари етмайди. Агар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор кишини ҳидоят қилиш имконига эга бўлганларида, амакилари Абу Толибни ҳидоят қилган бўлар эдилар. Аммо бунинг имкони бўлмади. Абу Толиб ҳидоятга муяссар бўлмай, дунёдан ўтди. Бунинг учун Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қаттиқ афсус чекдилар. Аллоҳ таоло эса бу ҳақда Пайғамбарига ушбу оятдаги баёнотни берди:
«Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан».
Сенинг ишинг бандаларга Аллоҳнинг даъватини етказиш, холос. Ҳидоят қилиш сенинг ҳаққинг ҳам, вазифанг ҳам эмас. Шунинг учун ҳидоятга кириши орзу қилинган баъзи кишиларнинг ҳидоят топмаганларидан хафа бўлма.
«Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қиладир».
Ҳидоят қилиш фақат Аллоҳнинг иши. Чунки
«У ҳидоятга юрувчиларни яхши билувчидир».
Ўша илми асосида кишиларни Ўзи билиб, ҳидоятга бошлайди. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!