- Ва алайкум ассалом! Ҳар қандай жон эгасига қилинган яхшиликка савоб берилади. Сиз ҳалолдан топишга қаттиқ уринсангиз Аллоҳ таоло асло уни ҳаромга сарф қилдириб қўймайди. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ “Биз инсонни топаётган молини ҳалолдан ёки ҳаромдан эканлигини сарф қилинаётган жойидан билиб олар эдик” деганлар. Бир киши у зотнинг ҳузурларига келиб “Сиздан шундай гап эшитдим, бу қанчалик рост” деди. Имом Молик ёнларидан пул чиқариб “Шаҳарга бор ва ўзинг энг тўқ деб билган инсонинга ҳадя қил ва ортидан кузат” дедилар. У инсон айланиб қўлида гўшт кўтариб кетаётган ўзига тўқ кўринган бир инсонни тўхтатиб “Бу сизга ҳадя” деб имомнинг пулини берди ва ортидан кузатди. У инсон бир четга ўтиб қўлидаги гўштни бир ахлатхонага ташлаб юборди ва бозорга бориб егулик нарсалар сотиб олди. Бояги инсон орқасидан кузатиб уйигача борди. Чақириб ҳолатни тўлиқ тушунтирди. Шунда хонадон соҳиби: “Имом Моликка бориб айтинг унинг моли ниҳоятда покиза экан. Муҳтож тугул музтор жойига сарф бўлди. Мен саййидларданман, бир неча кундан бери оиламиз оч эди. Очликдан ўлиб гуноҳкор бўлмайлик деб шаҳар ташқарисидан бир ўлимтикни топиб гўштидан олиб келаётган эдим. Чунки бизнинг ҳолатимизда у мубоҳга айланган эди. Сиз ҳадя бергач мен уни ахлатхонага ташлаб юбордим ва берган ҳадянгизга нарсалар сотиб олдим” деди. У киши имом Моликнинг олдиларига келгач воқеъни айтиб берди. Имом Молик “Энди сен энг фақир ва муҳтож деб билган кишинга пулингдан ҳадя қил ва уни кузат. Шунда молингни ҳалолдан ёки ҳаромдан эканлигини билиб оласан” дедилар. Шаҳарга бориб ниҳоятда ночор бир йигитни топиб “Мана шу энг ҳақли бўлса керак” деб ҳадясини берди. У йигит тўғри бориб хамр сотиб олди, у ердан чиқиб фоҳишахонага йўл олди. Ортидан кузатиб имом Молик олдиларига қайтиб келди ва бўлган воқеъани айтиб, “Ҳақиқатан менинг молим шубҳали эди” деди.
Сиз молингизни ҳалолдан топишга ҳаракат қилаверинг, Аллоҳ уни асло ҳаром жойга сарф қилдириб қўймайди. Шу ерда савол туғилиши тайин, қанча-қанча ҳаромдан мол топиши аниқ бўлган инсонлар масжид қуряаптилар, ҳажга боряптилар ва бошқа яхши ишларга сарф қиляптиларку дейиш мумкин. Уларнинг моли ҳаромдан эканлиги ва унинг асл ишлатиладиган эгалари фақир-мискинлар ҳисобланади. Уларнинг ҳаққини ўзларига бермай масжидларга ишлатиши ҳам ўзи гуноҳдир. Ҳатто фиқҳий китобларимизда “Ҳаромлиги аниқ бўлган молни садақа қилиб савоб умид қилса кофир бўлади” ҳам дейилган. Шунинг учун молингизни ҳалолдан топишга ҳаракат қилсангиз Аллоҳ асло ҳаром жойга сарфлатиб қўймайди. Валлоҳу аълам!