Ассалому алайкум, Ҳазрат. Бизда узумчилик билан шуғулланилади. Боғи бор одамлар апрель, май ойларида, яъни майиз тайёр бўлмасидан олдин майизнинг ҳар бир килосига 1000 сўмдан, айрим ҳолларда бундан қимматроқ ёки арзонроқ пул олади. Сентябрь ойида майиз тайёр бўлгандан кейин уни беради. Сентябрь ойида майизнинг нархи 1500–2000 сўм атрофида бўлади, балки бундан арзон бўлиши ҳам мумкин. Саволим: Пишмаган майизга пул берса бўладими? Жавобингиз учун олдиндан раҳмат. Аллоҳ сизу биздан рози бўлсин.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
- Ва алайкум ассалом! Бунга шариатимизда рухсат бор. Бундай савдо «Салам» ёки «Салаф» савдоси деб номланади.
САЛАМ ФАСЛИ
Салам миқдори ва сифати маълум, нархга айлантирилган кайлли ва вазнли каби нарсада тўғри бўлади. Кийимга ўхшаш зироъ билан ўлчанадиган нарсаларда узунлиги, эни ҳамда юпқа-қалинлиги баён қилинган бўлиши керак.
Сони саналадиган нарсалар бир-бирига яқин сифатли бўлиши керак. Тузланган балиқда салам савдоси дуруст. Ҳайвон, унинг калла-пойчалари ва териларида ҳамда жавоҳирларда дуруст эмас. Миқдорини билиб бўлмайдиган муайян соъ ва зироъда ҳам дуруст эмас.
«Салам» луғатда «таслим қилиш», «бериш» деган маъноларни англатади.
Шариатда эса зиммадаги васф қилинган молнинг қийматини олдиндан беришга «салам» дейилади.
Бундай савдо «салаф» ҳам дейилади, бу «қиймати олдин берилган» деган маънони англатади.
Бу савдо ҳожат тушганда, рибо аралашмаслиги шарти ила жоиз. Яъни олди-сотди қилинаётган нарса бир хил бўлмаслиги ва рибонинг бошқа кўринишлари ҳам аралашмаслиги лозим.
Саламда олувчи сотувчига: «Мен сенга бу динорни фалон нарсани менга сотишинг учун, фалон вақтда ва фалон жойда беришинг учун топширдим», дейди.
Салам – Салаф савдоси ҳақида уламоларимиз чуқур ва кенг кўламли баҳслар қилганлар. Бу масалани атрофлича ўрганиб чиққанлар. Қуйида ана шу муборак илмий изланишларнинг самараларидан баъзилари билан қисқача танишиб чиқамиз.
1. Салаф савдосига Қуръони Каримдан далил бор:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِذَا تَدَايَنتُم بِدَيْنٍ إِلَى أَجَلٍ مُّسَمًّى فَاكْتُبُوهُ
Аллоҳ таоло Бақара сурасида:
«Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилган вақтингизда уни ёзиб қўйинг», деган (282-оят).
Салафда ҳам шу маъно бор. «Ислом умматининг илм денгизи», Қуръон таржимони дея улуғланган буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Шоҳидлик бераманки, зиммадаги васф қилинган, маълум муддатга келишилган салафни Аллоҳ Ўз Китобида ҳалол қилиб, изн берган», деб туриб, юқоридаги оятни қироат қилар эканлар.
2. Салаф савдосига Суннатдан ҳам далил бор:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَدِمَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ الْمَدِينَةَ وَهُمْ يُسْلِفُونَ فِي الثِّمَارِ السَّنَةَ وَالسَّنَتَيْنِ، فَقَالَ: «مَنْ أَسْلَفَ فِي تَمْرٍ - وَفِي رِوَايَةٍ: فِي شَيْءٍ - فَلْيُسْلِفْ فِي كَيْلٍ مَعْلُومٍ وَوَزْنٍ مَعْلُومٍ إِلَى أَجَلٍ مَعْلُومٍ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида улар мевани бир йил-икки йилга «салаф» савдо қилар эдилар. Шунда у зот: «Ким хурмони (бошқа ривоятда «бир нарсани») салаф савдо қилса, маълум ўлчов, маълум вазн билан маълум муддатга салаф қилсин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилганлар.
Аҳли Мадинанинг «салаф» савдоси жоҳилият қоидаси бўйича бўлар эди. Меванинг қанча берилиши, қачон ва қаерда берилиши тайин қилинмас эди. Шунинг учун ҳам ораларида турли келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар келиб чиқар эди.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «салаф» савдосининг исломий васфини айтдилар. Салаф савдосида қуйидагилар бўлиши шарт:
1. «Маълум ўлчов».
Соъ, мудд каби ёки бошқа ўлчовлар аниқ айтилиши керак. «Мен сенга бу динорларни бунча соъ хурмо учун бердим», деб, сотиб олинаётган нарсанинг ўлчови аниқ айтилиши лозим.
2. «Маълум вазн».
Агар нархи олдиндан берилаётган савдо молининг миқдори вазн билан ўлчанадиган бўлса, унинг вазни аниқ айтилиши керак. Мисол учун, «Мен сенга ушбу динорларни менга бунча мисқол тиллани сотишинг учун таслим қилдим», дейиш лозим.
3. «Маълум муддат».
Яъни нархи олдиндан берилган савдо моли харидорга қачон берилиши ҳам аниқ келишиб олиниши керак. Ана шунда турли келишмовчиликларнинг олди олинган бўлади.
قَالَ مُحَمَّدُ بْنُ أَبِي الْمُجَالِدِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ :بَعَثَنِي عَبْدُ اللهِ بْنُ شَدَّادٍ وَأَبُو بُرْدَةَ إِلَى عَبْدِ اللهِ بْنِ أَبِي أَوْفَى، فَقَالَا: سَلْهُ هَلْ كَانَ أَصْحَابُ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي عَهْدِهِ يُسْلِفُونَ فِي الْحِنْطَةِ؟ فَقَالَ: كُنَّا نُسْلِفُ نَبِيطَ أَهْلِ الشَّامِ فِي الْحِنْطَةِ وَالشَّعِيرِ وَالزَّيْتِ فِي كَيْلٍ مَعْلُومٍ إِلَى أَجَلٍ مَعْلُومٍ، قُلْتُ: إِلَى مَنْ كَانَ أَصْلُهُ عِنْدَهُ؟ قَالَ: مَا كُنَّا نَسْأَلُهُمْ عَنْ ذَلِكَ، ثُمَّ بَعَثَانِي إِلَى ابْنِ أَبْزَى فَسَأَلْتُهُ، فَقَالَ: نَعَمْ، وَمَا كُنَّا نَسْأَلْهُمْ أَلَهُمْ حَرْثٌ أَمْ لَا؟ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ. وَلِأَبِي دَاوُدَ وَابْنِ مَاجَهْ: «مَنْ أَسْلَفَ فِي شَيْءٍ فَلَا يَصْرِفْهُ إِلَى غَيْرِهِ».
«Муҳаммад ибн Абу Мужолид розияллоҳу анҳу айтадилар:
«Абдуллоҳ ибн Шаддод ва Абу Бурдалар мени Абдуллоҳ ибн Абу Авфонинг олдига юбориб: «Сўра-чи, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари у зотнинг даврларида буғдой билан «салаф» савдоси қилишар эканми?» дедилар. У: «Шом аҳли набийтлари билан буғдойда, арпада ва ўсимлик ёғида маълум ўлчов ва маълум вақтга салаф қилар эдик», деди. «Ҳузурида (молнинг) таги борлар биланми?» дедим. «У ҳақда улардан сўрамас эдик», деди. Сўнгра икковлари мени Ибн Абзанинг ҳузурига юбордилар. Ундан ҳам сўрадим. У: «Ҳа, экинлари борми-йўқми, улардан сўрамас эдик», деди».
Бухорий, Абу Довуд ва Насоий ривоят қилганлар.
Абу Довуд ва Ибн Можа келтирган ривоятда: «Ким бир нарсада салаф қилса, бошқасига буриб юбормасин», дейилган.
«Набийт» сўзи «ер остидан сув чиқаришга уста одам» деган маънони билдиради.
Ҳадисда «Шом аҳли набийтлари» дейилганда деҳқонлар назарда тутилган. Чунки улар экинларини суғориш учун ер остидан сув чиқарар эдилар.
Бу ҳадисдан қуйидаги фойдалар олинади:
1. Буғдой, арпа ва ўсимлик мойида салаф савдоси жоизлиги;
2. Салаф маълум ўлчов ила бўлиши шартлиги;
3. Салаф маълум муддатга бўлиши шартлиги;
4. Салаф савдосидаги иккинчи томонда айтиладиган молнинг асли бўлиши шарт эмаслиги;
5. Салаф савдосида пул берган одам савдолашилган молни қўлига олмай туриб, сотувчидан бошқа молни талаб қилиши ёки уни бошқа бировга ўтказиб юбориши жоиз эмаслиги.
6. Ислом умматининг ҳаммаси салаф – салам савдосининг жоиз эканлигига доимо иттифоқ қилиб келганлар.
Бу ҳақда Имом Ибн Мунзир қуйидагиларни айтадилар: «Биз билган ҳар бир аҳли илм саламнинг жоиз эканлигига ижмоъ қилган. Чунки одамлар бунга муҳтождирлар. Улар зироат, мол ва тижорат эгалари маҳсулотларини бозорга чиқаргунларича бунга муҳтож бўлиб турадилар. Шунинг учун ҳам ҳожатни ҳисобга олиб, саламга изн берилган».
«Йўқ нарсани сотиб бўлмайди», деган умумий қоидадан истисно тариқасида иқтисодий фойдани кўзлаб, одамларга енгиллик яратиш учун жорий қилинган салам савдосининг худди бошқа савдолар каби учта рукни бор: савдо қилувчи, савдо моли ҳамда ийжоб ва қабул.
Савдо қилувчи – олувчи ва сотувчи икки тарафдир.
Савдо моли – пул ва унинг эвазига кейин бериладиган мол.
Ийжоб – пул берувчининг пулни бериб, мол эгасидан розилигини сўраши.
Қабул – мол эгасининг пулни ва шартларни қабул қилиши.
Салам савдоси тўғри бўлиши учун бир неча тоифа шартлар мавжуд бўлиши керак:
– Тўлов учун берилаётган раъсулмолда (сармоя, яъни ишга тикилаётган маблағда) бўлиши лозим шартлар тоифаси.
– Олдиндан нархи тайинланаётган молда бўлиши лозим шартлар тоифаси.
– Салам савдосининг умумий сифатлари тоифаси.
Мазкур шартлар билан қисқача танишиб чиқайлик:
Салафнинг умумий шартлари:
1. Маълум жинсда бўлиши шарт.
Салам, яъни салаф савдоси қилинаётган нарсанинг жинси номаълум бўлмаслиги керак. Акс ҳолда кейин жанжал чиқиши мумкин.
2. Миқдори маълум бўлиши керак.
Олаётган одам: «Ушбу пулимга фалон миқдорда нарса берасан», деб аниқ миқдорни айтиши, сотаётган одам ўшанга рози бўлиши керак. «Хоҳлаганингча берарсан, одамлар нима бўлса, биз ҳам шуда» каби умумий, ноаниқ гаплар бўлмаслиги керак.
3. Маълум муддатга бўлиши керак.
Нарх тайинлаб, сотиб олаётган одам: «Фалон куни молни берасан», деб аниқ айтиши, сотаётган киши ўша муддатга рози бўлиши керак. «Пишганда берарсан», «Керак бўлганда берарсан» каби гаплар бўлмайди. Кейин жанжал чиқиши мумкин.
4. Раъсулмолнинг миқдорини билиш керак.
Яъни, икки томон ҳам олдиндан топширилаётган пулнинг аниқ миқдорини билиши керак.
5. Пули берилган молни топшириш жойи тайин бўлиши керак. Чунки уни олиб келишга кетадиган харажат туфайли ҳам кейинчалик хилоф чиқиши мумкин.
Тўлов учун берилаётган раъсулмолда бўлиши лозим бўлган шартлар тоифаси:
1. Жинси баён этилиши керак.
Пул бўлса, динорми, дирҳамми ёки бошқа пул бирлигими, айтилади. Бошқа нарса бўлса ҳам, нималиги очиқ-ойдин баён қилиниши лозим.
2. Тури баён қилиниш керак.
Мадинанинг динорими, Бағдодникими, Макканинг дирҳамими ёки Шомникими, аниқ айтилиши шарт. Шунингдек, бошқа нарсаларнинг ҳам тури аниқ айтилиши керак.
3. Сифати баён қилиниши лозим.
Бу гап нақд пулдан бошқа нарсаларга тегишли. Ўша бериладиган нарса янгими, эскими, аъло сифатлими, ўртачами ёки паст сифатлими – ҳаммаси айтилиши лозим.
Мазкур учта шарт савдодаги ноаниқликни йўқотишга хизмат қилади. Ушбу нарсалар олдиндан аниқ қилиб олинмаса, кейин ўртада низо чиқади. Бу нарсалар тайин қилинмаса, савдо фосид бўлади (бузилади).
4. Пули олдиндан берилаётган мол учун ажратилган пулнинг миқдори аниқ кўрсатилиши керак. Бир тўп пулни кўрсатиб, «Сенга ушбу пулни бераман, сен менга бунча буғдой берасан», деса, бўлмайди. Бу ҳам ноаниқлик, бу ҳам низога сабаб бўладиган иш.
5. Берилаётган пул текширилган бўлиши керак.
Чунки агар кейин қалбаки пул эканлиги аниқланса, жанжал чиқади. Ёки пулни олган одам бир муддатдан кейин «Берган пулинг қалбаки экан», деб қолиши ҳам мумкин. Кейинчалик низога сабаб бўладиган ҳар бир ноаниқлик савдони бузади.
6. Савдо тугаб, икки томон ажралишидан олдин келишилган нархдаги пул қўлга тутқазилиши лозим.
Олдиндан пули олинаётган молда бўлиши лозим бўлган шартлар:
1. Жинси маълум бўлиши шарт.
Буғдойми, арпами, хурмоми, олмами ва ҳоказо.
2. Нави маълум бўлиши керак.
Ажва хурмосими, Тобуний хурмосими ёки бошқами... Тоифи узумми, Ҳусайними ёки бошқами...
3. Сифати маълум бўлиши керак.
Олий навлими, ўртачами ёки пастми ва ҳоказо.
4. Миқдори маълум бўлиши керак.
Неча соъ, ботмон, килограмм, метр, адад ёки бошқа ўлчови аниқ бўлиши лозим.
Ушбу тўрт шарт ҳам ноаниқликни кўтариш учун киритилган. Агар бу шартлар мавжуд бўлмаса, низо чиқиш эҳтимоли бор.
5. Раъсулмол ва пули олдиндан олинадиган молда рибонинг иллатлари бирлашмаслиги керак. Аввало, иккиси бир жинсдан бўлмаслиги лозим. Тилла билан кумуш орасида салаф савдоси бўлмайди. Шунингдек, таомларда ҳам бўлмайди. Пулга таом, тижорат молларини салаф қилса бўлади. Тижорат молларини бир-бирига салаф қилса бўлади. Умуман, рибо бўлиб қолмаслигининг риояси бўлиши керак.
6. Пули олдиндан олинаётган мол ҳозир бўлмаслиги, яъни савдо қилинаётган жойда турмаслиги керак. Чунки ҳозир бўлса, ўша вақтнинг ўзида сотиб олинади.
7. Пули олдиндан олинган, васф қилинган навдаги ва сифатдаги мол салаф савдоси қилинган пайтдан токи уни бериш вақтигача бозордан топиладиган нарса бўлиши керак. Маълум вақт ўтгач, бозордан йўқолиб қоладиган нарса бўлиши керак эмас. Мисол учун, қулупнайга салаф қилинса, ўша салаф қилинган вақтда ҳам, у харидорга бериладиган вақтда ҳам, оралиқ вақтда ҳам бозорда сотувда бўлиши керак. Чунки мол эгасининг кўзлаган ҳосили битмай қолса, бозордан олиб бериш имкони бўлсин.
8. Савдо аҳдномаси қатъий бўлиши керак. Яъни икки тарафда ҳам айниш ихтиёри бўлмайди. Чунки айниш ихтиёри молни синаб кўриш, айби бўлса, аниқлаш мақсадида шариатга киритилган. Салам савдосида эса бу ҳолат умуман йўқ.
9. Пули олдиндан берилган молни таслим қилиш жойи аниқ бўлиши керак.
Кўриниб турибдики, салаф савдоси ҳам бошқа савдолар каби нозик нарсадир. Мусулмон инсон бу ишни қилишдан олдин унинг барча томонларини яхшилаб ўрганиб олиши керак. Молиявий муомаласида ҳаром аралашиб, гуноҳкор бўлмаслиги, бировнинг ҳаққини еб, икки дунёда шарманда бўлмаслиги учун ўта эҳтиёткорлик билан тасарруф қилиши лозим.
Молиявий муомалаларнинг ҳаммасидаги каби аниқ, шубҳага ва бировнинг ҳаққи зое бўлмаслигига ўрин қолмайдиган шаклда иш юритиш лозим.
Энди «Мухтасари Виқоя»да бу ҳақда келган матнни ўрганайлик.
Салам миқдори ва сифати маълум, нархга айлантирилган кайлли ва вазнли каби нарсада тўғри бўлади.
Кийимга ўхшаш зироъ билан ўлчанадиган нарсаларда узунлиги, эни ҳамда юпқа-қалинлиги баён қилинган бўлиши керак.
Сони саналадиган нарсалар бир-бирига яқин сифатли бўлиши керак.
Бунда бир донаси бошқасига ҳажман яқин бўлган ёнғоқ ва тухумга ўхшаш нарсаларда салам савдоси жоиз бўлади. Аммо доналари орасидаги тафовут катта бўладиган қовун ва тарвуз каби нарсаларда салам савдоси жоиз эмас.
Тузланган балиқда салам савдоси дуруст. Ҳайвон, унинг калла-пойчалари ва териларида ҳамда жавоҳирларда дуруст эмас. Миқдорини билиб бўлмайдиган муайян соъ ва зироъда ҳам дуруст эмас.
Тузланган балиқдаги салам сон билан эмас, вазн билан ўлчанади.
САЛАМНИНГ ШАРТЛАРИ
Саламнинг шартлари: саламга қўйиладиган нарсанинг жинсини (мисол учун, буғдой), навини (суғориладиган), сифатини (яхши) ва муддатини (фалон куни) баён қилишдир. Унинг ози бир ойдир.
Шунингдек, кайлий (ўлчанадиган), вазний (оғирлиги тортиладиган), ададий (санаса бўладиган) нарсаларда раъсулмолни (яъни пулнинг миқдорини), нақл қилишга (ташишга, етказиб беришга) харажат кетадиган нарсаларда эса топшириладиган маконни ҳам баён қилиш шарт.
Тарафлар бир-биридан айрилишидан олдин сармояни қўлга олиш саламнинг боқий қолиши шартидир.
Валлоҳу аълам.
Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси рақами: 2022 йил 03-07/1077