http://savollar.islom.uz/smf/index.php?topic=7306.0 Бу амалларнинг ҳужжатлари қуйидагилар. Имом Муслим Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилган ҳадисда у киши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозга киришда такбир айтиб қўлларини кўтариб қулоқлари билан бир сафга келтирганларини кўргани айтилган. Имом Аҳмад, Исҳоқ ибн Роҳовайҳ, Дора Қутний ва Тоҳовийлар Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар икки қўлларини бош бармоқларини қулоқлари баробарига кўтарар эдилар», дейилган. Имом ал-Ҳоким ва Дора Қутнийлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқларига кўтарганларини кўрдим», дейилган. Қўлларни кўтарилганда бармоқлар оддий ҳолатда тутилиб ички тарафи қиблага қаратилади. Яъни, бармоқларнинг орасини ўта ёзиб ҳам юборилмайди ёки жуфтлаб ҳам олинмайди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари ҳақидаги Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шу нарса таъкидланган.