Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Ишласа бўладими?

08:06 / 17.04.2016 | Zoirbek | 4219

Ассалому алайкум! Мен Россияда бир катта магазиндаги спиртли ичимликлар бўлимида одамлар сотиб олиши учун тахлайман. Аслида ўзим буларнинг ҳеч биридан истъемол қилмайман. Саволим шуки бу ишим гуноҳми ва бундан ишлаётган пулим ҳалолми?


«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Бошқа иш топинг.

عَنْ أَنَسٍ رضي الله عنه قَالَ: لَعَنَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم فِي الْخَمْرِ عَشْرَةً: عَاصِرَهَا، وَمُعْتَصِرَهَا، وَشَارِبَهَا، وَحَامِلَهَا، وَالْمَحْمُولَةَ إِلَيْهِ، وَسَاقِيَهَا، وَبَائِعَهَا، وَآكِلَ ثَمَنِهَا، وَالْمُشْتَرِيَ لَهَا، وَالْمُشْتَرَى لَهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ 

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хамр(ароқ)да ўн(киши)ни лаънатладилар: уни сиқувчисини, сиқишни буюрганни, ичувчисини, ҳаммолини, кўтартириб юрувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини, баҳосини еювчисини, сотиб олувчисини ва сотиб олиб келиб берувчисини». Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар. Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида маст қилувчи нарса хамр деб аталиб, у асосан узум ва хурмони сиқиб олинадиган ичимликдан иборат бўлган. Ундан бошқа яна учта нарса ҳам бор эди, лекин улардан кам ҳолатларда хамр олинар эди. Кейинчалик маст қилувчи нарсаларнинг тури ҳам, исми ҳам кўпайиб кетди. Аммо барибир тури ва исмидан қатъи назар, уларнинг ҳаммаси хамр ҳукмини олаверади. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва у ҳаромдир», деганлар. Шунинг учун ҳозирги кундаги барча маст, кайф қилувчи нарсалар хамр ҳисобланиб, улар ичиладими, чекиладими, ҳидланадими, игна билан юбориладими, фарқи йўқ. Ароқми, вискими, морфими, нашами, героинми, қорадорими, буларнинг ҳаммаси ҳаром. Ҳаммаси учун ўн тоифа одам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидан лаънатга учрайди, Аллоҳнинг раҳматидан қувилади. Келинг, ана шу ўнта бадбахт тоифа билан танишиб чиқайлик: 1. Сиқувчи. Ўша вақтда хамр сиқиб тайёрлангани учун шундай дейилган. Бу сўз бугунги кунимиз тилида тайёрловчи дейилади. Демак, маст қилувчи ичимлик ва моддаларни тайёрловчилар Аллоҳнинг лаънатига учрайдилар. Улар учун бу дунёдаги барча тузумларнинг лаънати, қамоғи, турли жазолари етарли эмас. Охиратда Аллоҳ таоло уларни дўзахга ҳам солади. 2. Сиқишни буюрганни. Бу тоифа биринчи тоифадан ҳам ёмондир. Чунки биринчи тоифани ишга соладиган ҳам шу тоифадир. Инсонлар учун зарарли бўлган турли маст қилувчи ичимликлар ва турли сархуш қилувчи моддаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўювчилар шулардир. Буларга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлади. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун буйруқ берганлар ҳам шулар қаторидадир. 3. Ичувчисини. Энг асосий айбдор тоифа шу тоифадир. Қолган тўққиз тоифа ҳам шу тоифа учун, ушбу маълум тоифанинг пулини олиш учун ҳаракат қилади. 4. Ҳаммолини. Мазкур ҳаром нарсага ҳаммоллик қилувчи киши ҳам Аллоҳнинг лаънатига сазовордир. Хом ашёни тайёрлаш, жойига олиб боришда ҳаммоллик қиладими ёки тайёрлаш жойидами, сотиш жойидами ёки сотиш жойидан истеъмол жойига ташишдами, барибир. Ҳозирги кунда бутун дунё қарши курашаётганига қарамай, лаънати ҳаммолларнинг фаолияти туфайли қорадори ва унга ўхшаш ҳаром нарсалар бутун дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни беҳуда лаънатламаган эканлар. 5. Кўтартирувчисини. Ароқ ва унинг ҳукмидаги ҳаром нарсаларнинг ҳаммолларини ишга солувчи, уларга пул бериб ишлатувчи ҳам Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди. 6. Қуйиб берувчисини. Бу ҳам хамр ва унинг ҳукмидаги нарсалар равнақи учун хизматдир. Шунинг учун бу ишни қилувчи одам ҳам лаънатга учрайди. 7. Сотувчисини. Хамр ва хамр ҳукмидаги барча нарсаларни сотувчиларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг лаънатига дучор бўладилар. Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсани сотгандан кейин бошқа нарса бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳозирги кунимизда маст қилувчи ичимликларни, гиёҳванд моддаларни сотувчилар инсониятга қанчалар зарар келтиришлари яна ҳам яққол намоён бўлиб турибди. Инсонлар чиқарган қонунлар қонун чиқарувчиларга зарар келтирмайдиган нарсани сотганларни жазоламайди. Мисол учун, ҳозир фақат гиёҳванд моддаларни сотадиган қочоқ савдогаргина жазога тортилади. Келажакда бу моддаларни ҳам маст қилувчи ичимликлар каби қонунлаштириб олишлари ҳеч гап эмас. Илоҳий қонунлар эса инсониятга зарар етказувчи ҳар бир нарсани сотганни жазога лойиқ деб топади. Бу ҳолни яхши тушунмоғимиз лозим. 8. Баҳосини еювчисини. Хамр ва хамр ҳукмидаги барча маст қилувчи нарсаларнинг баҳосини еган киши ким бўлишидан, қайси йўл билан ейишидан қатъи назар, Аллоҳ таолонинг лаънатига сазовордир. Бундай ҳаром нарсанинг баҳосини еган одам, дарҳақиқат, шунга муносибдир. 9. Сотиб олувчисини. Хамр ва унинг ҳукмидаги ҳаром, маст қилувчи нарсаларни сотиб олувчи, ўзи уларни истеъмол қиладими-йўқми, барибир гуноҳкордир. Уларни сотиб олиш ўша ҳаром нарсаларнинг ривожига ҳисса қўшмоқдир. Бу эса Аллоҳнинг лаънатига сабаб бўлувчи ишдир. 10. Сотдирувчисини. Мазкур маст қилувчи нарсаларни бевосита сотмаса ҳам уни сотдирувчи кишилар Аллоҳнинг лаънатига қолади. Кўриниб турибдики, хамр ва унинг ҳукмидаги барча маст қилувчи ичимлик ва моддаларнинг яқинига бориш ҳам мўмин-мусулмон одам учун умуман тўғри келмайди. Шу маънодаги ишларни ўзига касб қилиб олган ёки гоҳ-гоҳида бўлса ҳам аралашиб турадиган кишилар дарҳол ўзларини бу нарсалардан четга олишлари лозим. Акс ҳолда, Аллоҳнинг лаънатига қоладилар.

وَعَنْهُ عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: لَعَنَ اللهُ الْخَمْرَ وَشَارِبَهَا وَسَاقِيَهَا وَبَائِعَهَا وَمُبْتَاعَهَا وَعَاصِرَهَا وَمُعْتَصِرَهَا وَحَامِلَهَا وَالْمَحْمُولَةَ إِلَيْهِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ хамрни, уни ичувчисини, соқийсини, сотувчисини, сотиб олувчисини, сиқувчисини, сиқтирувчисини, кўтарувчисини ва кўтартирувчисини лаънатлади», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Шарҳ: «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг «Савдо, зироат ва вақф китоби»да Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хамрга алоқадор бўлган ўн кишини лаънатлаганлари ҳақидаги ҳадис келиб, унда ҳам ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинаётган баъзи шахслар тилга олинган эди. Аммо бу ҳадиси шарифда лаънатлаш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан эмас, Аллоҳ таоло томонидан бўлмоқда. Шунинг ўзи иш қанчалар жиддий эканлигини кўрсатади. Аввало Аллоҳ таоло хамрнинг ўзини лаънатлагани таъкидланмоқда, сўнгра эса унга алоқадор шахсларнинг лаънати келмоқда. Келинг, бир оз такрор бўлса ҳам ушбу ҳадисда хамр туфайли Аллоҳ таолонинг лаънатига учраган шахслар билан яқиндан танишайлик. Шояд улардан йироқда бўлишимизда фойда берса. Аллоҳ таоло хамрни ва унга алоқадор қуйидаги шахсларни лаънатлайди: 1. Ичувчисини. Хамрга алоқадор тоифалар ичидаги асосий айбдор тоифа шу тоифадир. Қолган барча тоифалар ҳам мана шу тоифа учун ҳаракат қилиб, хамрни сотиб олиб, ичадиган мазкур малъун тоифанинг пулини олишга интилади.  2. Соқийсини (қуйиб берувчини). Бу ҳам, яъни ароқхўрларга «косагуллик» қилиш ҳам хамр ва унинг ҳукмидаги нарсаларнинг равнақи учун хизматдир. Шунинг учун бу ишни қиладиган одам ҳам Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди. 3. Сотувчисини. Хамр ва хамр ҳукмидаги бошқа нарсаларни сотиб тижорат қиладиганларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг лаънатига дучор бўладилар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани сотгандан кейин бошқа нарса бўлиши ҳам мумкин эмас. Ҳозирги кунимизда маст қилувчи ичимликларни, наркотик моддаларни сотувчилар инсониятга қанчалар зарар келтиришлари яна ҳам очиқ-ойдин намоён бўлиб турибди. Инсонлар чиқарган қонунлар қонун чиқарувчиларнинг ўзларига зарар келтирмайдиган нарсани сотганларни жазоламайди. Мисол учун, ҳозир фақат наркотик моддаларни сотадиган қочоқ савдогарларгина жазога тортилади. Келажакда бу моддаларни ҳам маст қилувчи ичимликлар каби қонунлаштириб олишлари ҳеч гап эмас. Илоҳий қонунлар эса инсониятга зарар етказувчи ҳар қандай нарсани сотганни жазога лойиқ деб топади. Бу ҳолни яхши тушунмоғимиз лозим. 4. Сотиб олувчисини. Хамр ва унинг ҳукмидаги маст қилувчи ҳаром нарсаларни сотиб оладиган кимса уларни ўзи истеъмол қиладими-йўқми, барибир гуноҳкордир. Мазкур нарсаларни сотиб олиш ўша ҳаром нарсанинг ривожига ҳисса қўшиш, уни сотувчиларнинг тегирмонига сув қуйишдир. Бу эса Аллоҳнинг лаънатига лойиқ ишдир. 5. Сиқувчисини. Хамр ўша вақтда сиқиб тайёрлангани учун шундай дейилмоқда. Бу сўзни бугунги кунимиз тилида айтадиган бўлсак, тайёрловчи, деймиз. Демак, маст қилувчи ичимлик ва моддаларни тайёрловчилар Аллоҳнинг лаънатига учрайдилар. Улар учун бу дунёдаги барча тузумларнинг лаънати, қамоғи, турли жазолари камлик қилади. Бундай кимсалар учун охиратда дўзах азоби ҳам бор. 6. Сиқдирувчисини. Бу тоифа сиқувчи тоифадан ҳам ёмондир. Чунки биринчи тоифани ишга соладиганлар айнан шу тоифадир. Инсонлар учун зарарли бўлган турли маст қилувчи ичимлик ва моддаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўювчилар ҳам шулардир. Буларга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлади. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни буюрганлар ҳам шулар қаторидадир. 7. Кўтарувчисини. Мазкур ҳаром нарсага ҳаммоллик қилувчи киши ҳам Аллоҳнинг лаънатига сазовордир. Хом ашёни тайёрлаш жойига олиб боришда ҳаммоллик қиладими ёки тайёрлаш жойининг ўзидами, сотиш жойидами ёки сотиш жойидан истеъмол жойига етказиб берадими, барибир. Ҳозирги кунда бутун дунё қарши курашаётганига қарамай, лаънати ҳаммолларнинг фаолияти туфайли қорадори ва шунга ўхшаш ҳаром нарсалар бутун дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни беҳуда лаънатламаган эканлар. 8. Кўтартирувчисини. Ароқ ва унинг ҳукмидаги ҳаром нарсаларнинг ҳаммолларини ишга солувчи, уларга пул бериб, ишлатувчи ҳам Аллоҳ таолонинг лаънатига қолгай. Хамр тўғрисидаги огоҳлантиришлар ичида ушбу ҳадиси шариф каби қаттиқ ҳукмга далолат қилувчиси бўлмаса керак. Биз одатда, агар ўта диндор бўлсак, хамр истеъмол қилувчига нисбатан нафрат қилиш билан кифояланиб қоламиз. Аслида эса хамрга алоқадор бўлган барча шахслар Аллоҳ таолонинг лаънатига қолган эканлар. Шунинг учун уларнинг ҳаммасидан нафратланишимиз, уларга насиҳат қилиб, ҳалол-пок йўлга чорлашимиз лозим.(“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat