Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Заиф ҳадис

17:04 / 23.06.2016 | muhammad1911 | 1203

Ассалому алайкум! Заиф ҳадис дeб нимага айтилади?


"Зикр аҳлидан сўранг" ҳайъати:

Ва алайкум ассалом! Устозимиз раҳимаҳуллоҳнинг “Мусталаҳул Ҳадис” китобини олиб ўқисангиз, ҳадис илми ҳақида батафсил билиб оласиз. Заифнинг таърифи: «Заиф» сўзи луғатда «қовий» – «кучли»нинг зидди, яъни, «кучсиз» деганидир. Заифлик ҳиссий ва маънавий бўлади. Ҳозир ўрганаётган мавзуимизда маънавий заифлик ирода қилинган. Уламоларнинг истилоҳида «заиф ҳадис» деб ҳасан сифатини унинг шартларидан бирининг йўқолиши туфайли ўзида тўлиқ жамламаган нарсага айтилади. Имом Байқуний ўзининг машҳур «Манзуматул Байқуния» деган асарида «заиф»ни таърифлаб, шундай дейди:

وَكُلُّ مَا عَنْ رُتْبَةِ الْحُسْنِ قُصُرْ          فَهُوَ الضَّعِيفُ وَهُوَ أَقْسَامٌ كُثُرْ

Яъни, «Ҳасанлик мартабасига етмаган ҳар бир нарса заифдир ва унинг қисмлари кўпдир».

Заифнинг тафовути

Заиф ҳадиснинг заифлиги, худди саҳиҳ ҳадисда тафовут бўлгани каби, тафовутли бўлади. Унинг ровийларининг заифлиги оғир ёки енгил бўлади. Баъзилари «заиф», баъзилари «жуда ҳам заиф» дейилади. Ундан ҳам ўтиб кетгани «воҳий» ва ундан ҳам пастдагиси «мункар» дейилади. Бу навларнинг энг ёмони «мавзуъ ҳадис» бўлади.

Санадларнинг энг кучсизи

Аввал айтиб ўтилганидек, санади саҳиҳ бўлганлари ҳадисларнинг ичида энг кучлилари бўлади. Худди шунингдек, уламолар ҳам заиф ҳадиснинг баҳсида санади энг кучсиз бўлганларини кўрсатиб ўтганлар. Имом Ҳоким ўз китобида санади «воҳий» бўлган ҳадислардан кўпгина мисолларни келтирган. Бу мисолларни у киши саҳобаларнинг баъзиларига нисбатан ёки баъзи жиҳатларга ва юртларга нисбатан айтиб ўтганлар. Ҳокимнинг китобларидан ва бошқа китоблардан санади жуда ҳам кучсиз бўлган ҳадисларга баъзи мисолларни келтирамиз: а) Абу Бакр розияллоҳу анҳуга нисбатан энг заиф саналган санадлар: «Садақа ибн Муса Дақиқийдан, у Фарқод Сабахийдан, у Мурра Тоййибдан, у Абу Бакрдан»; б) Юртга нисбатан кучсиз бўлган санад: Шомликларга нисбатан санади жуда ҳам кучсиз бўлганларга мисол: «Муҳаммад ибн Қайс Маслубдан, у Убайдуллоҳ ибн Заҳрдан, у Али ибн Язийддан, у Қоcимдан, у эса Абу Умомадан»; в) Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳуга нисбатан энг заиф ҳисобланган санад: «Суддий Соғийрдан, у Муҳаммад ибн Марвондан, у Калбийдан, у Абу Солиҳдан, у эса ибн Аббосдан». Ҳофиз ибн Ҳажар: «Бу ёлғон силсиладир. Олтин силсила эмасдир», деган. Энг кучсиз санадга мисол:

أَخْرَجَ التِّرْمِذِيُّ عَنْ حَكِيمٍ الأَثْرَمِ، عَنْ أَبِي تَمِيمَةَ الْهُجَيْمِيِّ، عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ، عَنِ النَّبِيِّ  صلي الله عليه وسلم قَالَ: «مَنْ أَتَى حَائِضًا أَوِ امْرَأَةً فِي دُبُرِهَا أَوْ كَاهِنًا فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ صلي الله عليه وسلم ». ثُمَّ قَالَ التِّرْمِذِيُّ بَعْدَ إِخْرَاجِهِ: لاَ نَعْرِفُ هَذَا الْحَدِيثَ إِلاَّ مِنْ حَدِيثِ حَكِيمٍ الأَثْرَمِ، عَنْ أَبِي تَمِيمَةَ الْهُجَيْمِيِّ، عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ. وَضَعَّفَ مُحَمَّدٌ هَذَا الْحَدِيثَ مِنْ قِبَلِ إِسْنَادِهِ

Имом Термизий Ҳакийм Асрамдан, у Абу Тамийма Ҳужаймийдан, у Абу Ҳурайрадан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аёлга ҳайзда ёки орқасига яқинлик қилса, ёки коҳинга борса, Муҳаммадга нозил қилинган нарсага кофир бўлибди», – дедилар». Термизий ҳадисни келтирганидан сўнг: «Бу ҳадисни фақат Ҳакийм Асрамнинг ҳадиси орқали биламиз, у Абу Тамийма Ҳужаймийдан, у Абу Ҳурайрадан», деб туриб, «Муҳаммад (имом Бухорий) бу ҳадисни «заиф» деб айтган. Бунинг заифлиги санади тарафидан», деган. Бу ҳадиснинг санадида Ҳакийм Асрам бўлганлиги учун у заифлашган. Чунки уламолар бу ровийни «заиф» деб аташган. Ҳофиз ибн Ҳажар ўзининг «Тақрийбут–таҳзийб» номли китобида Ҳаким Асрамни «Унда юмшоқлик (ишончли эканлигида нуқсон) бор», деб баҳолаган.

Заиф ҳадисни ривоят қилишнинг ҳукми

Ҳадис аҳли бўлган уламоларнинг ва бошқа уламоларнинг наздида, заиф ҳадисларни ривоят қилиш жоиз. Уларнинг заифлигини баён қилмасдан, санадидаги бир енгил тарафини олса, бўлаверади. Лекин мавзуъ ҳадисларда ундай қилиш жоиз эмас. Мавзуъ ҳадисларни мутлақо ривоят қилиб бўлмайди. Агар ривоят қилинса ҳам, ёлғондан тўқилганлигини айтиб, сўнг ривоят қилиш лозим. Заиф ҳадисни ривоят қилишда иккита шарт бор: а) заиф ҳадис ақийдавий масалаларга боғлиқ бўлмасин; б) заиф ҳадис шаръий аҳкомларга, хусусан, ҳалол ва ҳаромга боғлиқ масалаларни баён қилувчи ҳадис бўлмасин. Заиф ҳадисларни ривоят қилиш ваъз–насийҳат, тарғибот, қўрқитиш, қисса айтиш бобида ва шунга ўхшаган нарсаларда бўлса, жоиздир. Уламолар заиф ҳадисларни енгил санаб, ривоят қилган кишиларнинг ичида Суфёни Саврий, Абдурроҳман ибн Маҳдий, Аҳмад ибн Ҳанбал ҳам борлигини таъкидлайдилар. Эслаб қолиш лозим бўлган нарсалардан бири шуки, агар ҳадиснинг санади зикр қилинмасдан ривоят қилинаётган бўлса, «Расулуллоҳ айтдилар», «ундай дедилар», «бундай дедилар», деб бўлмайди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган экан», ёки «бизга етиб келган экан», деб Расулуллоҳга аниқ етиб борганини ифода қилмайдиган сўзлар билан айтиш керак. Бу каби ҳадисларни жазм билан ривоят қилиб бўлмайди. Чунки унинг заифлиги маълум бўлган.

Заиф ҳадисга амал қилишнинг ҳукми

Уламолар заиф ҳадисга амал қилиш борасида ихтилоф қилганлар. Уларнинг бу борадаги ихтилофлари асосида уч хил йўналиш пайдо бўлган. 1. «Заиф ҳадисга мутлақо амал қилиб бўлмайди», дейдиган уламоларнинг йўналиши. Бу гапни Яҳё ибн Маъийн ва бошқа кўпгина уламолар айтганлар. Уларнинг фикрича, заиф ҳадисга шаръий ҳукмларда ҳам, бир нарсага тарғибот қилишда ҳам, ёмонликдан қайтаришда ҳам, фазийлатли ишларда ҳам амал қилиб бўлмайди. «Қавоидут–таҳдийс» китобининг муаллифи Муҳаммад Жамолуддийн Қосимийнинг фикрича, имом Бухорий ва имом Муслим ҳам шу йўлни тутганлар. Ўз асрларида мазҳабларининг кўзга кўринган имомларидан бўлган моликийлардан Абу Бакр ибн Арабий, шофеъийлардан Абу Шома Мақдисий, зоҳирийлардан ибн Ҳазм ҳам ушбу йўналишда бўлганлар. Уларнинг фикрига биноан, ҳадис Қуръондан кейинги иккинчи шаръий манбаъ бўлганлиги учун, ундан фақат собит бўлгани ва собитлиги ғолиб бўлганини қабул қилиш керак бўлади. Заифини эмас. 2. Агар бошқа далил бўлмаса, заифга амал қилса, бўлаверади. Бу йўналишдагилар имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва имом Абу Довуд ҳам ушбу гапнинг тарафдорлари эканлигини таъкидлайдилар. Улар имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳидан: «Агар бошқаси топилмаса, заифга амал қилинади», деган қавлни ривоят қиладилар. Шунингдек, у кишининг: «Бизнингча, заиф ҳадис одамларнинг раъйидан маҳбубдир», деган гапларини мисол қилиб келтирадилар. Аммо уламолар имом Аҳмад «заиф» деб атаган ҳадис кўпчилик учун маълум бўлган, «мардуд» деб баҳоланадиган ва тарк қилиниши лозим бўлган «заиф» эмаслигини таъкидлайдилар. Бу ҳақда Ибнул Қайюм айтади: «Унинг (Аҳмад ибн Ҳанбалнинг) ҳузурида «заиф»дан мурод: ботил ва мункар, ривоятида туҳматга учраган ровий бор, ривоят қилиш ҳам, амал қилиш ҳам мумкин бўлмаган ҳадис эмас. Унинг назаридаги «заиф» «саҳиҳ»нинг қаршисидаги ҳадис бўлиб, «ҳасан ҳадис»нинг қисмларидан биридир. У ҳадисларни «саҳиҳ», «ҳасан» ва «заиф»га тақсимламас эди. Балки, «саҳиҳ» ва «заиф»га тақсимлар эди». 3. Заиф ҳадисга фазийлатли ишларда, мавъизада, қиссаларда, тарғиботда, ёмонликдан қайтаришда ва шунга ўхшаш нарсаларда амал қилса, бўлади. Жумҳур уламолар: «Агар заиф ҳадис фазийлатли амалларга хос бўлса, унга амал қилиш мустаҳабдир», дейдилар. Лекин унга амал қилишнинг учта шарти бор. Ҳофиз ибн Ҳажар мазкур учта шартни қуйидагича ифода қилади: а) заифлиги жуда ҳам шиддатли бўлмаслиги керак; б) ўша ҳадиснинг маъноси шариатда амал қилиниб турган бир аслнинг остига кирадиган бўлиши керак; в) амал қилиниши билан бирга, унинг собитлигига эътиқод қилмаслик керак, балки «эҳтиёт шарт» деган тушунчада бўлиш лозим.(“Мусталаҳул Ҳадис” китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat