- Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳу ўз амакиларидан ривоят қилганлар:«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга намозда бир нарса бўлгани хаёлига келадиган одам ҳақида шикоят қилинди. У зот:«Токи овоз эшитмагунича ёки елни топмагунича намозини бузмайди», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «Қачонки бирортангиз қорнида бирор нарсани топса, унга ундан бир нарса чиқдими-йўқми аниқ бўлмай қолса, токи овозни эшитмагунича ёки елни топмагунича масжиддан чиқмасин», деганлар». Бешовлари ривоят қилишган.Инсон ҳаётида тўлиқ ишончга, аниқ ва мустаҳкам мавқега эга бўлиши катта ўрин тутади. Шак-шубҳа ва иккиланиш эса фойда келтирмаслиги аниқ. Шак-шубҳа, ишончсизлик ва иккиланиш шайтоннинг иши ҳисобланади. Шайтон инсонни доимо ноқулай ҳолатда бўлишини хоҳлайди. Бу иш айниқса, мусулмон инсон учун намозда яққол билинади. Шайтон намоз пайтида кўпроқ васваса қилишга уринади. Унинг бу ҳолдаги васвасасидан бири, кишининг хаёлига таҳорати кетганга ўхшаш фикр келаверишидир. Бу ҳақиқат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ҳадисларида ўз ифодасини топган.Ибн Хузайма, Ибн Ҳиббон ва Ҳокимлар Абу Саъид ал-Ҳудрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Вақтики, бирортангизга шайтон келиб, таҳоратингни кетказдинг, деса, «ёлғон айтибсан», десин. Магар бурни ила ҳид ҳидласа ёки қулоғи билан овоз эшитса», деганлар.Аббод ибн Тамийм розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган биз ўрганаётган бу ҳадисни уламоларимиз Исломнинг асл қоидаларидан бирига асос бўлган улуғ ҳадислардан, деб баҳолаганлар. Ўша қоида: «Нарсалар, ҳаттоки аниқ-равшан суратда тескариси воқеъ бўлмагунча ўз аслида қолур. Ориз бўлган шак-шубҳа уларга зарар қилмас», деб таъриф қилинган.Ушбу ҳадис мисолида асл таҳорат – хаёлда таҳорат кетганга ўхшайди, деган фикр бўлиши билан кетиб қолмайди. Таҳорат кетгани елнинг ҳидини сезиш, овозини эшитиш билан аниқ-равшан билингандан кейингина собит бўлади. Бунгача ўз аслида тураверади. Бошқа барча ишлар ҳам шунга таққосланади.