Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Уч марта турмушга чиққан аёл фохиша бўладими?

21:48 / 10.07.2019 | Умид | 5133
Ассалому алайкум! Бир инсондан эшитишимча уч марта турмушга чиққан аёл фохиша деб хисобланар экан. Илтимос шу саволга ойдинлик киритиб берсангизлар.

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Бундай гапни айтишда Аллоҳдан қўрқиш керак. Аллоҳ таоло асос ва гувоҳсиз бир муслимани фоҳиша дейишдан Ўзининг каломида қаттиқ қайтарган. “Нур” сурасида марҳамат қилади: 

 وَالَّذِينَ يَرْمُونَ الْمُحْصَنَاتِ ثُمَّ لَمْ يَأْتُوا بِأَرْبَعَةِ شُهَدَاء فَاجْلِدُوهُمْ ثَمَانِينَ جَلْدَةً وَلَا تَقْبَلُوا لَهُمْ شَهَادَةً أَبَدًا وَأُوْلَئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ۝ 

4. Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар ва уларнинг гувоҳлигини абадий қабул қилманглар. Ана ўшалар фосиқлардир.

 إِلَّا الَّذِينَ تَابُوا مِن بَعْدِ ذَلِكَ وَأَصْلَحُوا فَإِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَّحِيمٌ۝ 

5. Бундан кейин тавба қилиб, ўзини ислоҳ қилганлар мустаснодир. Зеро, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.
Жамиятда ўзига яраша тартиб-интизом, ўзаро ҳурмат, ҳар бир одамнинг қадр-қиммати, ор-номуси ҳимояланган бўлиши керак. Оғзига кучи етмаган вайсақиларнинг ҳар турли гап-сўзлар тарқатиб, одамларнинг обрўсини тўкаверишига йўл қўймаслик керак. Айниқса, зинога оид гаплар бировнинг обрўсини тўкиш билан бирга, жамиятда нопок, фаҳш кайфиятни туғдиради. Бўлмағур кишиларнинг уят гаплар тарқатиши, хусусан, ёшлар тарбиясининг бузилишига сабаб бўлади. Ана шундай вайсақиларнинг тили тийиб қўйилмаса, улар бирга ўнни қўшиб, турли гапларни тарқатаверадилар ва шахсларга ҳам, жамиятга ҳам катта зарар етказадилар. Шунинг учун шариатнинг ҳукми бўйича, бировни зинода айблаган одамдан бу айбловнинг ростлигига тўртта гувоҳ келтириш талаб қилинади. Агар тўртта гувоҳ келтира олмаса, кўпчилик ичида бўҳтон қилганликда айбланиб, саксон дарра урилади. Бунинг устига, у Ислом жамиятида ишончсиз кишига айланиб, гувоҳлиги қабул қилинмай қўяди. Бу эса ўзини билган киши учун одамгарчиликдан чиқиш билан баробардир.
Қуръони Карим бўҳтончини «фосиқ», яъни «Аллоҳнинг амридан чиққан одам» деб васф қилмоқда, бу ҳам жуда ёмон сифатдир. Энди бундай одам фақат ихлос билан тавба қилгандагина ва ўзини бутунлай тузатгандагина фосиқликдан чиқиши мумкин. Шунда унинг гувоҳлиги яна қабул қилинадиган бўлади. Демак, фақат тавба қилиши кифоя эмас. Балки, шу билан бирга, ўзини ўнглаганини жамият аъзоларига амалда кўрсатиши ҳам зарур. Бунинг учун покиза одамни қаерда, кимларнинг олдида, қандай қилиб зинода айблаган бўлса, ўша ерда, ўша одамларнинг олдида, ўшандай қилиб поклайди ва ўзини қоралайди. Сўнгра тавба қилади. Жамият уни бир йил давомида кузатади. Шу муддат ичида ҳақиқатан ўзини тузатиб, шариатга хилоф ишларни қилмаса, ундан фосиқ номи олинади ва гувоҳлиги қабул қилинадиган бўлади.
Шунинг учун зинони ўз кўзи билан кўрганлар сони тўрт кишига етмаса, жим юришлари лозим. Агар гувоҳлар тўрт кишига етса, бу хабарни одамлар ичида гапириб юрмасдан, ҳукуматга етказиш ва зинокорни жазога тортиш чорасини кўришлари керак. Ана шунда улар тўғри йўл тутган бўладилар.
Ояти каримада:
«Покиза аёлларга (бўҳтон) тоши отиб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаганларни саксон дарра уринглар», – дейилмоқда.
Одатда, аёлларни зинода айблаш кўпроқ бўлгани учун улар зикр қилинмоқда, лекин эркакларни зинода айблаганлардан ҳам тўртта гувоҳ келтириш талаб қилинади, келтира олмасалар, жазога тортиладилар.
Оятда «(бўҳтон) тоши отиб» дейилмоқда, яъни ёмон сўз айтиш тош отишга ўхшатилмоқда. Бу ҳам бировни зинода айблаш нақадар ёмон иш эканини кўрсатади.
Сўнгра айбловчи гапининг ростлигини тасдиқлаш учун тўртта гувоҳ келтириши шарт экани таъкидланмоқда. Шариат ҳукми бўйича, тўртта гувоҳ келтириш фақат зинодагина талаб қилинади. Бошқа ишларда битта ёки иккита гувоҳ кифоя қилади. Бошқа ҳолатларда бўлгани каби, бунда ҳам гувоҳлар текшириб кўрилади, улар одил бўлмоқлари, шариат ишларига хилоф қилмаган бўлишлари шарт қилиб қўйилади.
Бировни зинода айблашни шаръий истилоҳда «қазф» дейилади. Демак, бу оятда гап қазф ҳақида кетмоқда. Бошқа хусусда эмас.
Мисол учун, ўғрилик, ароқхўрлик ёки шариат ҳаром қилган бошқа ишлар содир этишда айблов тушадиган бўлса, айбловчи ўз гапини тасдиқлаб бера олмаса, ҳукумат унга нисбатан ўзи билиб жазо қўллайди. Аммо зинода айблаш бўлганда, ушбу оятнинг ҳукмига амал қилиш шарт. Ояти каримадан «Эркак киши аёл кишини зинода айблаб, унга бўҳтон тоши отса, қазф содир бўлади» деган маъно чиқмоқда. Лекин, аслида эса эркак киши эркак кишини, аёл киши аёл кишини ёки аёл киши эркак кишини қазф қилса ҳам, барибир жазога тортиладилар.
Ояти каримада кўрсатилган жазони қўллаш учун бўҳтон қилувчи покиза шахсга нисбатан зино қилганлик айбини қўйган бўлиши шарт. Агар фисқу фужури, зинокорлиги билан танилган одамни айбласа, унга нисбатан бу жазо қўлланилмайди. Балки ўша вақтнинг ҳукумати шароитни ҳисобга олиб, оятдагидан кўра енгилроқ жазо беради. Бир одам бошқасини зинода айблаб, сўнгра тўртта гувоҳ келтира олмаса, дарҳол уни ушлаб, саксон дарра урилавермайди. Балки бошқа жиноятлардаги, жумладан, зино содир бўлгандаги каби, олдин жиноятчининг, жабрланувчининг шахси ва қилинган жиноят яхшилаб ўрганилади. Шу уч тоифада – жиноят, жиноятчи ва жабрланувчида керакли шартлар топилгандагина, жиноятчига жазо берилади.  ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat