- Ҳанафий мазҳаби бўйича қабрларни зиёрат қилиш эркак ва аёлларга мандубдир. Бошқа мазҳаблар аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши жоиз эмас деганлар.Қабр зиёрати Жума, Шанба, Душанба ва Пайшанба кунлари бўлгани яхши. Зиёрат ва дуо тик турган ҳолда бўлади.Зиёратчи «Ясин» сурасини қироат қилиш мандубдир. Буни «ал-Баҳру ар-Роиқ» китобининг соҳиби ва аз-Зайлаъийлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Унда Расулуллоҳ алайҳиссалом:«Ким мақбараларга кирганда «Ясин» сурасини қироат қилса, Аллоҳ ўша куни уларга енгиллик беради ва унга ўша ердаги нарсалар ададича ҳасанотлар бўлади», деганлар.Имом Аҳмад, Ибн Можа, Абу Довуд ва ал-Ҳокимлар Маъқал ибн Ясор розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ алайҳиссалом:«Ўликларингизга «Ясин»ни қироат қилинг», деганлар.Шунингдек, «Фотиҳа» сураси, «Бақара» сурасининг аввалида «муфлиҳун»гача, Курсий оятини, Аманаррусулуни, «Таборак» сурасини, «Такосур» сурасини, «Қул аъузу бироббил фалақи» ҳамда «Қул аъузу бироббиннаси»ни уч мартадан ва «Ихлос» сурасини уч, етти ёки ўн бир марта ўқиса бўлади. Қироатнинг савобини ўтганларга бағишлаб дуо қилинади.