Ассалому алайкум! Аллоҳ ўз раҳмати билан ораволади дейди шу тўғрисида хам тушунча берсангизлар. Аллоҳнинг раҳмати ва неъмати орасида фарқ борми? Менга қиз фарзанд Аллоҳнинг раҳмати ўғил эса Аллоҳнинг неъмати деган эди. Неъматтан сўралади раҳматтан унча сўралмайди деганди.
– Ва алайкум ассалом! Нотўғри айтишибди. Иккисидан ҳам сўраласиз. Такаасур сурасининг тафсирини тақдим қилишимизда ижозат берсангиз:
Ушбу сураи кариманинг номи ўзининг биринчи оятидаги «такаасур» сўзидан олинган. «Такаасур» сўзи «молу дунё, мансаб-мартаба ва бола-чақанинг кўплиги билан фахрланиш» деганидир. Ушбу сурада кишилар дунёнинг ўткинчи матоҳини кўпайтиришга ўзларини уришлари, ана шу иш билан машғул бўлишни жонлари чиққунча давом эттиришлари ҳақида гап кетади.
Такаасур сураси ниҳоятда кескин хитоблар ила одамларни мазкур ишни қилмасликка ундайди.
Ва, ниҳоят, охиратда кўриладиган даҳшатларни эслатиш ила сурага хотима ясалади.
Бу сураи карима туғёнга кетган моддапарастлик муаммосини муолажа қилади. Ҳозирги ҳаёт инсонга турли сарфларни талаб қиладиган маданиятни тақдим этди. Ҳойи-ҳавасга эришаман, деб инсон бу нарсаларнинг қули бўлиб қолди. Шу сабабдан ҳаёт роҳат ўрнига чарчашга айланди. Инсон иложи борича кўпроқ бойлик тўплайдиган ва бу йўлда ҳар қандай пасткашликлардан қайтмайдиган бўлиб қолди. Ҳавойи нафс йўлида юриш, мол-дунёга ўчлик инсонни инсоний фазилатларидан жудо қилди, инсонийлигини унуттирди ва, ниҳоят, яратган Холиқини ҳам эсидан чиқартирди. Оқибатда инсон Аллоҳга эмас, молу дунёга сажда қиладиган бўлиб қолди.
Такаасур сураси бунинг оқибати нима бўлишини баён қилади.
1. «Кимники кўп» сизни машғул қилди… (Такаасур сураси, 1-оят)
Эй одамлар, кўп молу дунё тўплашга, мансаб кетидан қувишга, бола-чақа, ёру дўст кўпайтиришга тинмай уриниш сизни Аллоҳ таолонинг итоат ва ибодатидан машғул қилди. Молу дунём бошқалардан кўра кўп бўлсин, деб тинмай уриндингиз, Аллоҳ таолонинг тоатидан машғул бўлдингиз. Бошқалардан каттароқ мансабга эришай, деб тинмай уриндингиз, Аллоҳ таолонинг тоатидан машғул бўлдингиз. Бошқалардан кўра кўпроқ бола-чақа, ёру дўстим бўлсин, деб тинмай уриндингиз, Аллоҳ таолонинг тоатидан машғул бўлдингиз.
2. то қабрларни зиёрат қилгунингизча. (Такаасур сураси, 2-оят)
Яъни ўлиб, қабрга киргунингизча кимўзарга бойлик тўплаш билан овора бўлиб, Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатини эсдан чиқардингиз.
3. Йўқ! Тезда биласиз! (Такаасур сураси, 3-оят)
Йўқ! Бу қилмишингиз нотўғри! Молу дунё кўпайтиришга берилиб, Аллоҳ таолонинг тоати, ибодатидан машғул бўлманг! Мансаб орқасидан югуриб, Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатидан машғул бўлманг! Бола-чақа, ёру дўстим деб, Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатидан машғул бўлманг!
Ҳали бунинг оқибатини тезда биласизлар.
4. Яна йўқ! Тезда биласиз! (Такаасур сураси, 4-оят)
Ҳа, тезда – ўлишингиз билан молу дунё кўпайтиришга, мансабга ўч бўлишга ва бола-чақа, ёру дўстга ружуъ қўйишга берилиб, Аллоҳ таолонинг тоат-ибодатидан машғул бўлишнинг оқибатини кўрасизлар. Шунинг учун ҳам вақт борида бу машғулликни йиғиштириб, Аллоҳ таолога қайтинг.
5. Йўқ! Агар аниқ илм ила билганингизда эди… (Такаасур сураси, 5-оят)
Йўқ! Бу қилмишингиздан қайтинг! Ўткинчи дунё матоҳи учун кимўзарга берилиб, Аллоҳ таолонинг ибодатидан қолишни йиғиштиринг! Агар сизлар бунинг оқибати нима бўлишини очиқ-ойдин билганингизда эди, бу ишни қилмас эдингиз. Молу дунё кўпайтириш билан машғул бўлиб, Аллоҳ таолонинг ибодатини унутмас эдингиз. Мансаб кетидан қувиш билан машғул бўлиб, ўлгунингизча уриниб, Аллоҳ таолонинг ибодатини унутмас эдингиз. Бола-чақа, ёру дўст билан машғул бўлиб, Аллоҳ таолони эсдан чиқармас эдингиз.
Афсуски, мол-дунё, мансаб, бола-чақа, ёру дўст масаласида кимўзар ила ўлиб, қабрни зиёрат қилгунингизгача машғул бўлдингиз. Энди
6. Албатта жаҳаннамни кўрасиз. (Такаасур сураси, 6-оят)
Яъни кўрмай қолмайсиз. Чунки бу дунёда молу дунё кўпайтириш ила овора бўлиб, мансаб кетидан қувиш билан овора бўлиб, Аллоҳ таолонинг ибодатини унутганларнинг жойи албатта жаҳаннам бўлиши аниқ. Ҳа, эй ғофил бандалар! Сизлар албатта жаҳаннамни кўрасизлар!
7. Ва яна албатта уни ишонч кўзи билан кўрасиз. (Такаасур сураси, 7-оят)
Ҳа, ишонаверинг, жаҳаннамни ўз кўзингиз билан кўрасиз. Бу аниқ!
8. Сўнгра ўша Кунда албатта неъматланишдан сўраласиз. (Такаасур сураси, 8-оят)
Яъни қиёматда ҳар бир неъматни нимага, қандай сарф қилганингиз ҳақида сўралади. Ҳа, каттаю кичик ҳар бир неъмат ҳақида сўраласиз. Ҳар бир неъматга шукр қилдингизми, йўқми – сўраласиз. Аллоҳ таоло сизга берган молу дунё неъматини нимага сарфладингиз – ҳалолгами, ҳаромгами, Аллоҳ таолони рози қиладиган йўлгами, ғазабини қўзғатадиган йўлгами – ҳамма-ҳаммаси ҳақида сўраласиз.
Мансабдан қандай фойдаланганингиз ҳақида ҳам албатта сўраласиз. Мансабингиздан тўғри, Исломий йўлда истифода қилдингизми ёки нотўғри, ёмонлик ишлар йўлида истифода қилдингизми – сўраласиз! Шунингдек, бола-чақа, ёру дўст ҳақида ҳам сўраласиз! Валлоҳу аълам!