Мазкур кишилар ҳам сизга ўхшаб ўзининг мазҳабидан бошқани билмайдиган одамлар. Улар ҳам ўзи билган нарсадан бошқача амални кўрса ажабланади. Аммо улар кўпчилик бўлгани учун ва баъзи ҳадисларни билгани учун сиз келтирган гапларни айтишади. Уларнинг гапи ўз мазҳаби бўйича тўғри.Сиз ҳанафий мазҳабидасиз ва сизнинг ҳужжатларингиз қуйидагича:«Такбир айтиш билан баробар икки қўлнинг бош бармоқлари учи қулоқларнинг юмшоқ жойларига теккизилади. Бу амалларнинг ҳужжатлари қуйидагилар.Имом Муслим Воил ибн Ҳужрдан ривоят қилган ҳадисда у киши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозга киришда такбир айтиб қўлларини кўтариб қулоқлари билан бир сафга келтирганларини кўргани айтилган.Имом Аҳмад, Исҳоқ ибн Роҳовайҳ, Дора Қутний ва Тоҳовийлар Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар икки қўлларини бош бармоқларини қулоқлари баробарига кўтарар эдилар», дейилган.Имом ал-Ҳоким ва Дора Қутнийлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни такбир айтиб, икки бош бармоқларини қулоқларига кўтарганларини кўрдим», дейилган.Қўлларни кўтарилганда бармоқлар оддий ҳолатда тутилиб ички тарафи қиблага қаратилади. Яъни, бармоқларнинг орасини ўта ёзиб ҳам юборилмайди ёки жуфтлаб ҳам олинмайди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг намозлари ҳақидаги Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шу нарса таъкидланган».