– Ва алайкум ассалом! Уйланиб алоҳида яшашга ҳаракат қилинг. Нима бўлганда ҳам иймонли қизга уйланинг. Ота-она ҳам вақтинча бирга яшайди, кейинчалик ҳамма ўз йўлига кетади. Ҳатто қиёматда ҳам бир-бирларидан қочишлар Қуръонда зикр қилинган. Аллоҳ таоло "Абаса" сурасида марҳамат қилади:
فَإِذَا جَاءتِ الصَّاخَّةُ
33. Вақтики кар қилувчи овоз келса,
يَوْمَ يَفِرُّ الْمَرْءُ مِنْ أَخِيهِ وَأُمِّهِ وَأَبِيهِ وَصَاحِبَتِهِ وَبَنِيهِ
34. у Кунда киши ўз ака-укасидан қочадир…
35. ва онаси ва отасидан…
36. ва хотини ва бола-чақасидан.
Яъни қиёматнинг даҳшатидан ҳамма ўзи билан овора бўлиб қолади. Ҳатто ҳеч кимнинг ака-укаси, ота-онаси ва хотинию бола-чақаси билан ҳам иши бўлмай қолади.
Бу дунёда инсон бошига оғирлик тушган хотини, бола-чақаси, ота-онаси ва ака-укасига ёрдамга шошилади. Мазкур кишиларга каттадир-кичикдир мусибат етганда, ёрдам бериш бурч, ёрдам бермаслик эса ор-номус ҳисобланади. Аммо қиёмат қийинчилигида эса инсон мазкур кишиларни ҳам ташлаб қочади.
لِكُلِّ امْرِئٍ مِّنْهُمْ يَوْمَئِذٍ شَأْنٌ يُغْنِيهِ
37. У Кунда улардан ҳар бир кишини овора қилувчи ўз иши бор.
Ҳа, қиёмат кунининг даҳшати шунчалик кучлики, ҳар бир одам, ким бўлишидан қатъи назар, фақат ўзинигина ўйлаб қолади. Ака-ука ҳам, ота-она ҳам, бола-чақаю, эр ёки хотин ҳам ёдга келмай қолади. Ҳамма ўзини ўйлаб, бир-биридан қочади.
Демак, ўшандоқ кунда шарманда бўлиб қолмаслик учун ҳозирдан тайёргарлик кўриб бориш керак. Чунки ушбу биз яшаб турган беш кунлик дунё охиратнинг экинзоридир. Ҳар ким экканини ўради. Бу дунёда иймон-эътиқод билан, ибодату солиҳ амал билан ўтганлар у дунёда бахт-саодатга эришадилар. Бу дунёда кофир бўлиб, фисқу фужур билан ўтганлар эса оғир аҳволда қоладилар. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!