Рўйхатдан ўтган парол ёки логинингизни ёзинг
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг:
Ёки рўйхатдан ўтинг:
Исмингиз
Э.Почтангиз
Паролингиз
Паролни такрорланг
Рўйхатдан ўтиш тугмасини босишингиз билан сайтдан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишиб чиққан бўласиз

Цементга тупроқ аралаштириб сотиш

12:11 / 08.10.2019 | Ziyod Egamberdiyev | 1846
Ассалому алайкум! Хурматли Устозлар, мен шафёр бўлиб ишлеман. Цемент ташиман. Бизда цементга қўшадиган ўзини тупроғи бор. Шундан аралаштириб сотилади. 70% цементга 30% тупроғ аралаштирилади. У цементни дўконларга етказиб берамиз. Уни рахбаримиз ва сотувчи дўкон эгалари билади холос. Шунда сотувчи дўкон эгаси харидорни алдаб сотса буни гунохида биз ҳам шерик бўлиб қолмаймизми?

«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати:

– Ва алайкум ассалом! Шерик бўласиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ундай инсон менинг умматим эмас” деганлар. 

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «أَنَا فَرَطُكُمْ عَلَى الْحَوْضِ، وَلَيُرْفَعَنَّ رِجَالٌ مِنْكُمْ ثُمَّ لَيُخْتَلَجُنَّ دُونِي فَأَقُولُ يَا رَبِّ أَصْحَابِي. فَيُقَالُ: إِنَّكَ لَا تَدْرِي مَا أَحْدَثُوا بَعْدَكَ». تَابَعَهُ عَاصِمٌ عَنْ أَبِي وَائِلٍ. وَقَالَ حُصَيْنٌ: عَنْ أَبِي وَائِلٍ، عَنْ حُذَيْفَةَ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Мен сизлар учун Ҳавзга фарат(олдиндан у жойга бориб турувчи)ман. Менга сизлардан бир қанча кишилар намоён қилиниб, кейин мендан нари қилинадилар. Мен: «Эй Роббим, асҳобларим!» дейман. Шунда: «Улар сендан кейин нималар қилишганини билмайсан», дейилади». (“Олтин силсила” китобидан "Саҳиҳул Бухорий").
Аллоҳ таоло "Мутоффифиин" сурасида марҳамат қилади: 

 وَيْلٌ لِّلْمُطَفِّفِينَ۝ 

1. Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга.
«Вайл» сўзининг икки хил маъноси бор, бири «Вой бўлсин», иккинчиси эса дўзахнинг номларидан бири «Вайл», яъни «Ўлчовдан уриб қолувчиларга Вайл дўзахи бўлсин» деганидир.
Бизнингча, икки маъно бир-бирини тўлдириб келади: «Вайл»га тушган одамнинг ҳолига вой бўлади, ҳолига вой бўлган одам «Вайл»га тушади.
Демак, Ислом ўзининг дастлабки кунларидан бошлабоқ, бировнинг ҳаққини ҳаромдан ейишга қарши қаттиқ уруш очган. У ўлчовдан оз-оз уриб қолувчиларнинг ҳам дўзахга тушиб, ҳоли вой бўлишини эълон қилган. Қуръони Карим бу масалани ушбу сураи каримадан бошқа сураларда ҳам кўтарган. Хусусан, Шуаъйб алайҳиссалом қиссасида у зотнинг қавмларининг энг катта айби ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш экани такрор-такрор таъкидланган. Ҳар сафар шу ҳақда сўз кетганда, Аллоҳ таоло ўша қавмни мазкур айби учун ҳалок қилгани ҳам такрорланган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўз ҳадиси шарифларида ояти карималарнинг маъноларини таъкидлаганлар. Жумладан, имом Ҳоким ва Тобароний Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўлчовдан уриб қолмаслар. Набототдан ман қилинурлар ва қаҳатчилик ила тутилурлар», – деганлар. Бу «Ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш билан машғул бўлган қавмнинг юртидан барака кўтарилиб, очарчиликка дучор бўлурлар» деганидир.
Биринчи оятда ўлчовдан уриб қолувчиларга бериладиган жазо эълон қилиб бўлинганидан сўнг, энди келадиган оятларда улар мазкур қабиҳ ишни қандай шаклда олиб боришлари васф қилинади. 

 الَّذِينَ إِذَا اكْتَالُواْ عَلَى النَّاسِ يَسْتَوْفُونَ۝ وَإِذَا كَالُوهُمْ أَو وَّزَنُوهُمْ يُخْسِرُونَ۝ 

2. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар.
3. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар.
Ҳа, ўлчовда уриб қолувчилар асосан олибсотар савдогарлар бўладилар. Улар савдогарликларини ҳалоллик, поклик билан қилсалар, энг баракали касбни қилган бўлар эдилар, кўп фойда топар эдилар. Аммо улар очкўз, ебтўймас шахсларга айланиб қолганлар. Шунинг учун савдодан тушган фойдани еб, тўймасдан, ўлчовдан ҳам уриб қолиб – ялаб тўймоқчи бўладилар.
Улар кишилардан нарса ўлчаб олаётганларида заррача ҳам камайтирмасдан, иложи бўлса, бир оз ортиғи билан ўлчаб олишга уринадилар. Ўзлари бировга ўлчаб ёки тортиб берганларида эса камайтириб берадилар. Ана ўшалар шу йўл билан фойда кўрмоқчи бўладилар. Кишиларга сездирмай, осон йўл билан молу мулк касб қилмоқчи бўладилар. Эҳтимол, улар бу беш кунлик дунёда қўлга тушмай, қилган жиноятларининг жазосини тортмай, қутулиб кетарлар. Аммо...

 أَلَا يَظُنُّ أُولَئِكَ أَنَّهُم مَّبْعُوثُونَ۝ 

4. Ана шулар албатта қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми?
Қайта тирилтирилганларида ҳам...

 لِيَوْمٍ عَظِيمٍ۝ 

5. Буюк бир Кунда.
Қайта тирилтирилурлар.

 يَوْمَ يَقُومُ النَّاسُ لِرَبِّ الْعَالَمِينَ۝ 

6. У Кунда одамлар оламлар Робби ҳузурида тик турарлар.
Ҳа, барча халойиқ албатта қайта тирилтириладиган кун Улуғ Кундир. У кунда одамлар Роббул оламийн ҳузурида тик туриб, бу дунёда қилган заррача амаллари ҳақида ҳам ҳисоб-китоб берадилар. Ана шунда бу дунёда ўлчовдан уриб қолганлар нима қиладилар? «Нима учун фалон куни ўлчов пайтида Пистончининг ҳақидан бунча нарсани уриб қолдинг?» деб сўралса, нима деб жавоб беришларини ўйлаб кўрмайдиларми?! Ана ўшанда вайл – дўзахга тушиб, ҳолларига вой бўлишини ўйлаб кўрмайдиларми?!
Юқоридаги оятларда савдода кишилар ҳақидан уриб қолувчи фирибгарлар ҳақида сўз юритилди. Тарозими, метрми ёки бошқача ўлчовми – барибир, улар кишилардан нарса олаётганларида тўлиқ, балки ортиқча оладилар, аммо харидорларга ўлчаб бераётганда кам берадилар. Улар бу ишни қиёматдан қўрқмаганларидан қиладилар. Шунинг учун ҳам келаси оятларда иш улар ўйлаганларидек эмас, балки бошқача бўлиши, ҳар бир нарсанинг аниқ ҳисоб-китоби борлиги баён қилинади. ("Тафсири Ҳилол" китобидан). Валлоҳу аълам!

Топ рейтинг www.uz Openstat