Ассалому алайкум! Азиз устозлар. Бир киши вафотидан аввал фарзандларини базиларига (масалан ўғилларга) маълум миқдорда пул ёки ер бериб шу меросдан ҳаққинг деса ва озроқ миқдорда пули бўлсаю уни мендан кейин қийланиб қолмагин деб аёлига қолдирган бўлса, аёли у пулни ўзи ҳоҳлагандек тасарруф қилса бўладими? Юқорида айтганимдек ўғилларига анча миқдорда пул баъзисига ер берган. Энди у пуллар аёлини ихтиёрида қоладими?
– Ва алайкум ассалом! Берган ҳолатига қаралади. Агар ўлим тўшагида ётганида берган бўлса эътиборга олинмайди. Соғлом вақтида ёки касал бўлса ҳам яшаши умиди бор вақтида берган бўлса у ҳадяга киради.
Агар маййит ўлим тўшагига ётишдан аввал соғлигида ўзининг бирон нарсасини кимгадир ҳадя қилган бўлса, ҳамда бу ҳадяни олувчининг қўлига топширган бўлса, бу нарса маййитнинг мулкидан чиққан ва олувчининг мулкига айланган бўлади. Шунинг учун бу нарса маййитнинг ўлимидан кейин унинг тарикасига кирмайди. Лекин факат оғзаки ёки ёзма тарзда: “Мен бу нарсани сенга бераман ёки мен бу нарсани сенга ҳадя қилдим”, деган бўлса ва қўлига топширмаган бўлса, уни айтган ва ёзган гапининг ҳеч қандай эътибори бўлмайди. У ҳадя ҳам эмас, васият ҳам бўлмайди, балки маййитнинг мулкида қолади ва маййитнинг ўлимидан кейин унинг тарикасига киради. (Беҳишти зевар 5кисм 60 бет). Агар ўлим тўшагида берган бўлса, унинг қўлига топширган ҳам бўлса, ўлим тўшагидаги бу бериш васият ҳукмида бўлади. Шунинг учун бу нарса тарикага киради. Маййитни жиҳозлаш, кафанлаш ва қарзларини адо қилгандан кейин бошқа васиятларини ҳам амалга ошириш шартлари билан бу васият ҳам амалга оширилади.
ЎЛИМ ТЎШАГИДА ҲАДЯ ЁКИ САДАҚА ҚИЛИШНИНГ ҲУКМИ
Киши ўлим тўшагида бўладими, саломатлик ҳолатида бўладими бирор нарсага васият қилса тажҳиз, такфин ва бандаларнинг ҳақини адо қилгандан кейин ошиб қолган молнинг учдан биридан амалга оширилади. Ундан ортгани меросхўрларнинг ҳақи бўлади. Шунинг учун шариат ўлим тўшагида ётган кишига бировларга ҳадя бериши ва садақаи хайротлар қилишини ҳам чегаралаб қўйган. Аслида оқил, болиғ киши ўлим тўшагидаги ҳолатга тушмасидан олдин Аллоҳ таоло унга хоҳлаганини қилишга ихтиёр берган. Қанча мол, уй-жойларни ҳадя қилмоқчи бўлса, садақаи хайрот қилмоқчи бўлса, бор молининг учдан биридан кўп бўладими, меросхўрига бўладими ёки бегонага бўлади шариат бирор бир чегара қўймаган. Албатта биттагина шарт бор, берувчининг мулкидан чиқиб олувчининг қўлига тегиши шарт. Ҳадя, садақа қилдим деган гапининг ўзи кифоя қилмайди. Мабодо “ҳадя қилдим”, “садақа қилдим”, деса-ю уларнинг қўлига тутқазмаса, шаръан ҳадя ёки садақа қилган бўлмайди. Вафот этса, улар ҳам мероснинг остига киради.
Киши қачон ўлим тўшагидаги ҳолатга тушса, яъни касаллиги бошланиб ўша касаллигида вафот этса, касал бўлган вақтидан бошлаб, унинг молига меросхўрларҳақдор бўла бошлайдилар. Касал ўзи хоҳлагандек сафлашга ҳақии йўқ. Мабодо биортасига туҳфа, ҳадя ёки садақа қилмоқчи бўлса, бў иши васият ҳукмида бўлади. Яъни то вафот этиб тажҳиз, такфин ва бандаларнинг ҳақидан узилиб қолган молни учга бўлинмагунча ҳадя ёки садақалар берилмай туради. Сўнг қаралади, агар улар жоиз васият қаторига кирса, амалга оширилади. Агар ботил васият қаторига кирса, бекор бўлади. Хуллас ўлим тўшагида ётган кишининг қилган ҳадя, туҳфа ва садақаларнинг барчаси васият ҳукмида бўлиб, унга ҳам васиятнинг ҳукмлари жорий қилинади.
Масала: Васият қолган молнинг учдан биридан адо қилиниб, ундан ортиғи дуруст бўлмайди. Балоғатга етмаган, мажнуннинг ҳиссасидан ҳам адо қилинмайди. Киши вафот этмагунча уни ижро ҳам қилинмайди. Ўлим тўшагида Аллоҳ таолонинг йўлига деб ажратган нарсалари ҳам шунинг ҳукмида бўлади. Яъни ўлганидан кейин, тажҳиз, такфиндан сўнг молнинг учдан биридан адо қилинади. Бегона бўлса, учдан биридан ортиғи берилмайди. Меросхўр бўлса, учдан биридан ҳам берилмайди.
Масала: Ўлим тушагида ётган киши ўзининг ҳақини кечиш ихтиёрига ҳам эга эмас. Мабодо ўша қарз ўзидан мерос оладиган кишининг зиммасида бўлса, кечдим дейиш билан унинг зиммасидан соқит бўлмайди. Хусусан бошқа балоғатга етмаган меросхўрлар ҳам бўлса. Агар меросхўрларни барча оқил, болиғ бўлишса-ю қарзини кечишга рози бўлишса жоиздир. Шунингдек беглна одамдаги ҳақини кечса, молнинг учдан биригача бўлганида жоиз, ортиғи меросхўрларнинг ижозатига боғлиқ.
Масала: Аёл киши ўлим тўшагида ётганида эри маҳрини адо қилмаган бўлса, меросхўрларнинг ижозатисиз кечиб юборишга ҳақи йўқ.
Танбиҳ: Бир киши оғир касалликка учраб, турли тасарруфларни қилса, сўнг тузалиб кетса, саломат ҳолатида тасарруф қилгани каби бўлади. Яъни касал вақтида кимларгадир садақа, ҳадя қилган ёки кимларнингдир қарзларини кечган бўлса, амалга оширилади. Чунки у ўша касаллигида вафот этмади. Шунингдек ўша касаллик шиддатли ёки енгил бўлишининг ҳам фарқи йўқ.
КИШИ ҚАЧОНДАН БОШЛАБ ЎЛИМ ТЎШАГИ ДЕБ ҲИСОБЛАНАДИ
Ўлим тўшаги деб киши бирор касалликка мубтало бўлиб, вафот этган касаллигига айтилади.
Масала: Қачон кишида бирор касаллик бошланса, у ўлим тўшагидаги ҳолатга тушди деб ҳисобланади. Лекин йиллаб чўзилган касалликлар касаллик бошланишидан ўлим тўшагида тушди дейилмайди. Балки оғирлашганидан бошлаб ҳисобланади. Масалан кимдир бир неча йилдан бери фалаж ёки бавосил ёки жигар касалиггига дучор бўлса ва бир ҳафта касаллиги оғирлаши ундан сўнг вафот этса, ўша бир ҳафта ўлим тўшагида бўлган деб ҳисобланади. Ундан олдинги ишларини саломат ҳолатда қилган деб ҳисобланади.
Масала: Бир киши бирор касалликка дучор бўлиб, қийинчиликсиз намоз ўқиса, масжид ва бозорга борса, уй ишларини қилиб, тўшакка ётиб қолмаса ўлим тўшагида дейилмайди. Шунингдек аёл киши ҳам уй ишларини қилиб юрса, ўлим тўшагидаги ҳолатга тушди дейилмайди. Қачон ўша касаллик оғирлашиб, вафот этса, оғирлашган вақтидаг бошлаб ўлим тўшагига тушди дейилади. Ундан аввал қилинган садақа ва ҳадялари дуруст ҳисобланади.
Масала: Аёл киши туғаётиб вафот этса, тўлғоқ тутиши бошланиши билан ўлим тўшагига тушди деб ҳисобланади.
ЎЛИМ ГУМОНИ ҒОЛИБ БЎЛГАН ХАТАРЛИ ҲОЛАТ
Масала: Бирор киши кемада ёки самолётда кетаётиб ҳалокат ҳолатига тушиб, ғолиби гумон ўлиш бўлса ва ўша ҳодисада вафотэтса, қанча муддат шу ҳолатда бўлса, ўлим тўшагидаги ҳолатга тушди деб ҳисобланади. Ўша вақтда қилган тасарруфлари ҳудди ўлим тўшагидаги кишининг тасарруфлари каби бўлади. мабодо ўша ҳодисадан тирик чиқса, саломат одамнинг тасарруфи каби бўлади.
Масала: Бирор кишини қамоққа олиб ўлимга ҳукм қилиган бўлса, қамоқда ўтирганида ўлим тўшагидаги ҳолатда деб ҳисобланмайди. Ўлимни ижро учун олиб чиқилган вақтдан бошлаю ўли тўшагидаги ҳолатдадеб ҳисобланади. Мабодо ижро бекор қилинса, ижро уун олиб чиқилган вақтидаги тасарруфлари саломат кишини каби бўлади. Валлоҳу аълам!