Ҳурматли шайх ҳазратлари. Мени турмушимга 10 йил бўлади. Менинг шажарам Имом Али ҳазратларидан экан. Яъни, ота-онам айтишлари бўйича оқ суяк ( Тўра) лардан эканман. Менинг турмуш ўртоғим эса оқ суяк эмаслар. Амакимларнинг айтишларича, бундай никоҳ ҳар хил оқибатли бўлиши мумкин экан. Бундай никоҳ ҳақида ўз фикрингизни билдирсангиз. Раҳмат.
Ассалому алайкум! Бу каби масалаларда менинг фикримни эмас, шариатнинг ҳукмини сўранг. Шариатнинг ҳукми турганда бировнинг фикрини сўраб нима қиласиз. Амакингиз сулоласи ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга улашган бўлса ҳам Аллоҳнинг шариатини билмайдиган оми эканлар. Сиз бўлса у кишидан ҳам баттар экансиз. Оқ суякликни суриштириш билан бирга Аллоҳнинг динини ўргансангизлар яхши бўлар эди.
Араб қабилалари қиз беришдан олдин ҳам роса насабу ҳасабни суриштирар эдилар. У оиласига тенг насабга эга бўлмаган кишига қиз бермас эдилар. Бу эса насаб асосида айримчилик қилиш, кишиларни камситиш, сен бизга тенг эмассан, дейишнинг кенг тарқалган тури эди. Шунинг учун Ислом бу муоммогаҳам алоҳида эътибор берди.
Имом Абу Довуд ва ал-Ҳокимлар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Абу Ҳинд Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошларидан қон олди. Шунда: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, эй Бани Баёза Абу Ҳиндга қиз беринглар, ундан қиз олинглар», дедилар.
Бани Баёза аслзода араб қабиласи эди. Абу Ҳинд эса, уларнинг озод қилган қули бўлиб, қон олувчилик қилар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан юқоридаги амрни эшитиб, Бани баёзаликлар ҳайратга тушишди ва: «Эй Аллоҳнинг Расули қандоқ қилиб қизларимизни озод қилган қулларимизга берамиз?! - дейишди. Шунда Аллоҳ таоло:
«Эй одамлар! Албатта, биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан яратдик, ҳамда ўзаро танишишларингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлилигингиз энг тақволигингиздир», оятини нозил қилди. Демак, одамларни улар мансуб бўлган халҳ, қабила, насаб-ҳасаб асосида фарқлаш, яхши-ёмон дейиш дуруст эмас. Шундан сўнг бу ҳукмга мусулмонлар оғишмай амал қила бошладилар.
Ҳабашистонлик собиқ қора қул Билол ибн Рабоҳ розияллоҳу анҳу энг мансуб аёлга, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳудек улкан саҳобийнинг синглисига уйланди. Бошқа бир Қурайш қабиласилик аёл Фотима бинти Қайс розияллоҳу анҳога аслзода араблардан Абу Жаҳм ва Муовия розияллоҳу анҳулар совчилик қилган бўлсалар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни собиқ қулнинг ўғли, қора танли Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумога эрга тегишга тавсия қилдилар.
Ибн Саъд ривоят қилишларича Билол розияллоҳу анҳу укаси билан бир араб қабиласига совчи бўлиб бориб: «Мен-Билолман, манови укам Абдон, Ҳабашистонданмиз. Залолатда эдик, Аллоҳ ҳидоят қилди. Қул эдик, Аллоҳ озод қилди. Агар қиз берсангиз Алҳамдулиллаҳ, бермасангиз Аллоҳу акбар! деган. Шунда ҳалиги араблар, сен акаси бўлганингдан кейин албатта унга қиз берамизда! дейишган.
Шундоқ қилиб ҳаётнинг ҳамма соҳаларида тенг ҳуқуқлик ўз ўрнини топиб бораверган. Охири келиб Ислом жамияти тенг ҳуқуқлик жамиятига айланган.